Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европадаги ҳужумлар ортида Эрон изи бўлиши мумкин — FT
Financial Times нашри ёзишича, “Асҳаб ал-Ясмин” гуруҳининг пайдо бўлиши Эроннинг Европа билан гибрид урушни бошлаганига ишора қилиши мумкин. Аввалроқ ушбу гуруҳ синагогалар ва яҳудий мактабига қилинган ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган эди.
Фото: Piroschka van de Wouw/REUTERS
Европа шаҳарларида синагогалар, яҳудий хайрия ташкилотлари ва Америка банкларига қарши ҳужумлар сонининг ортиши Эроннинг Европага қарши гибрид уруши бошланганини кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда 5 апрел, якшанба куни Financial Times нашри Ҳаагада жойлашган Терроризмга қарши кураш бўйича халқаро марказ (ICCT) эксперти Жулиан Ланчесга таяниб хабар қилди.
Гап “Асҳаб ал-Ясмин” гуруҳи баёнотлари ҳақида кетмоқда. Ушбу гуруҳ Лондондаги яҳудий хайрия ташкилоти “Хацала” тез ёрдам машиналарига ўт қўйилгани, Белгиянинг Леж шаҳридаги синагогага ҳужум ва Париждаги Bank of America бўлимига қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Экспертнинг сўзларига кўра, эҳтимол Эрон ҳокимияти билан боғлиқ бўлган бу гуруҳ бир ой ҳам бўлмаган вақт аввал пайдо бўлган: 9 мартга қадар “Асҳаб ал-Ясмин” ҳақида на интернетда, на ундан ташқарида ҳеч қандай из бўлмаган.
“Ҳеч қаердан пайдо бўлгандек туюлган гуруҳ — бу ғайриоддий ҳолат”, — деди Ланчес Financial Times билан суҳбатда. Унинг фикрича, бундай гуруҳ Европа давлатларида “хаос келтириб чиқариш ва жамиятни беқарорлаштириш” учун Эрон разведкасининг лойиҳаси бўлиши мумкин.
9 март куни “Асҳаб ал-Ясмин” ўзининг Telegram-каналида бутун дунё бўйлаб “АҚШ ва Исроилга қарши ҳарбий операция” бошланганини эълон қилди. Икки кун ўтиб, у Франциядаги синагогага ўт қўйилгани учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Кўп ўтмай, у Париждаги Америка банки Bank of America офисига қилинган ҳужум ҳақида ҳам баёнот берди.
13 март куни Нидерландиянинг Роттердам шаҳридаги синагогага ҳужум қилинди, эртаси куни эса Амстердамдаги яҳудий мактабига ҳужум уюштирилди. 16 март куни “Асҳаб ал-Ясмин” Нидерландия пойтахтидаги Америка банки Bank of New York Mellon бўлимига ҳужум қилганини маълум қилди. 20 март куни эса мамлакат ҳукумати Хемстеде шаҳридаги синагогага бўлиши мумкин бўлган ҳужумнинг олдини олди.
23 март куни Лондонда бепул шошилинч тиббий ёрдам кўрсатувчи яҳудий нотижорат ташкилоти “Хацала”га тегишли тўртта автомашинага ўт қўйилди.
“Асҳаб ал-Ясмин” жавобгарликни ўз зиммасига олган ушбу ҳужумлар юзасидан Нидерландияда 10 киши, Францияда 4 киши ва Буюк Британияда яна 3 киши қўлга олинган. Уларнинг барчаси 14 ёшдан 23 ёшгача бўлган ёшлардир.
Ҳужумлар содир бўлган давлатлар ҳукуматлари Эроннинг ушбу воқеаларга алоқадорлигини текшираётганини билдирди. Франция ички ишлар вазири Лоран Нуньес Le Monde газетасига айтганидек, Эрон разведкаси АҚШга, яҳудий жамоаларига ёки муҳожиратдаги эронлик мухолифат вакилларига қарши операциялар ўтказиш учун кўпинча “четдан жалб қилинган шахслар”дан фойдаланади.
Le Monde маълумотига кўра, Францияда қўлга олинган ўсмирлардан бири сўроқ пайтида ижтимоий тармоқларда бир эркак томонидан ёлланганини айтган. Унинг сўзларига қараганда, ўша эркак “вафосиз қиздан ўч олмоқчи” эканини айтган. У ўсмирларга ёнувчи мосламани ишга тушириш ва буни видеога олишни буюрган, эвазига эса 500 евродан 1000 еврогача ҳақ тўлашни ваъда қилган.
Эроннинг Европа давлатларидаги элчихоналари Ислом Республикасининг яҳудий жамоалари ва Америка банкларига қарши ҳужумларга алоқадорлигини рад этмоқда.