Жаҳон | 09:38
2019
4 дақиқада ўқилади

БАА, Кувайт ва Саудия Арабистони яна Эрон ҳужумларига дуч келди

Эҳтимолий сулҳ режалари муҳокама қилинаётганига қарамай, Эрон минтақадаги қўшни давлатларга зарбалар беришда давом этмоқда. Янги ҳужумларга БАА, Кувайт, Иордания ва Саудия Арабистони дуч келди. Бир неча киши яраланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан беш ҳафта ўтиб, Ислом Республикаси Форс кўрфази минтақасидаги қўшни мамлакатларга ҳужумларни давом эттирмоқда. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида саноат объектига қилинган ҳужумдан кейин бир киши уриб туширилган снаряд парчаларидан жароҳат олди. Бу ҳақда Абу-Даби ҳукумати матбуот хизмати душанба, 6 апрел куни Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Ал-Фужайра порт шаҳрида, давлат ахборот агентлиги WAM маълумотига кўра, телекоммуникация компанияси биноси Эрон дрони ҳужумига учраган, жабрланганлар йўқ. БАА мудофаа вазирлиги хабарига кўра, 6 апрел куни 12 та баллистик ракета, иккита қанотли ракета ва 19 та дрон ушлаб қолинган. Ушбу Эрон ҳужумлари оқибатида тўрт киши яраланган.

Кувайт шимолида, соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 6 апрел куни Эрондан учирилган ракеталар қайтарилган, уларнинг парчалари туфайли олти киши жароҳат олган. Иордания эса ҳужумлар билан боғлиқ тўққизта воқеа ҳақида хабар берди: мамлакат қуролли кучлари учта Эрон дронидан иккитасини ушлаб қолган, икки киши жабрланган.

Ар-Риёдда ҳам Эрон томонидан ҳужумлар бўлгани маълум қилинди. Мамлакат мудофаа вазирлиги 6 апрел куни эрталаб Х тармоғида икки ҳужумкор учувчисиз аппарат ушлаб қолингани ҳақида хабар берди. Уларнинг қаерга қулаганига аниқлик киритилмади.

Шу билан бирга, Греция мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, унинг Patriot зенит-ракета мажмуаси снаряди Қизил денгиз соҳилидаги Янбу-ал-Баҳр порт шаҳрида Эрон дронини уриб туширган. Бу ҳақда dpa агентлиги хабар қилди. Таъкидланишича, ушбу ҳудудда ҳаво ҳужумидан мудофаа мажмуасининг жойлаштирилиши Греция ва Саудия Арабистони ўртасида 2021 йилда тузилган икки томонлама келишув билан боғлиқ.

Ислом Республикасининг газ объектлари, жумладан Форс кўрфазидаги ҳам, Исроил ва АҚШнинг навбатдаги ҳужумига учради. Бу ҳақда 6 апрел куни Эроннинг Fars ахборот агентлиги хабар қилди. Унга кўра, Эрон газ саноатининг маркази ҳисобланган Ассалуя саноат ҳудудидаги нефтни қайта ишлаш заводи яқинида бир қатор портлашлар юз берган.

Бундан аввал, шу куни Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац мамлакат армияси Эрон жанубидаги Ассалуя шаҳрида жойлашган энг йирик нефт-кимё мажмуасига кучли зарба берганини маълум қилган эди. Кацнинг айтишича, бу объект Эрон нефт-кимё маҳсулотларининг тахминан ярмига тўғри келади.

Эрон ва АҚШ ҳукуматлари вакиллари жанговар ҳаракатларни тўхтатиш режасини қабул қилиши, у ҳатто 6 апрелнинг ўзидаёқ кучга кириши ва Ҳўрмуз бўғози блокадасини бекор қилиши керак эди. Бу ҳақда Reuters агентлигига “Исломобод келишуви” деб номланаётган режа бандларидан хабардор, исми очиқланмаган манба маълум қилди.

Манбанинг сўзларига кўра, асосий келишув Покистон томонидан ишлаб чиқилган ва Эрон ҳамда АҚШ ҳукуматлари вакилларига етказилган. Унда икки босқичли ёндашув назарда тутилган: аввало дарҳол ўт очишни тўхтатиш, кейин эса кенг қамровли келишув тузиш. Расмий Вашингтон ва Теҳрон бу ахборотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, Reuters маълум қилишича, Эрон кейинчалик вақтинчалик сулҳни эмас, балки урушнинг доимий якунланишини талаб қилган таклифни илгари сурган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид