Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Полковникни қутқариш. Америкалик учувчини Эрондан олиб чиқиш амалиёти тафсилотлари
Эрон ўтган ҳафтада АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг F-15 русумли қирувчи самолётини уриб туширди ва экипаж аъзоларидан бири қарийб икки кун давомида биргина тўппончаси билан душман ҳудуди ичкарисида қолиб кетди. Америкалик журналистлар у қандай қутқарилгани бўйича тафсилотларни аниқлашди.
Usaf/U.S. / Air / Planet Pix / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари зобити қандай қилиб Эрон ҳудудида пайдо бўлиб қолди?
АҚШнинг F-15E Strike Eagle русумли қирувчи самолёти 3 апрел, жума куни Эрон ҳудудини бомбалашда иштирок этганида эронлик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилганди. Экипажнинг иккала аъзоси – учувчи ҳамда бортдаги қуроллар тизими учун масъул бўлган оператор – самолёт қулашидан олдин муваффақиятли катапулта қилинган.
The New York Times нашри аниқлик киритишича, учувчилар парашютларда маҳаллий аҳоли ёрдамига умид қилган ҳолда Эроннинг жануби-ғарбий қисмига, ислом республикасидаги ҳукмрон режимга мухолиф кучлар яшовчи ҳудудга тушишган (Америка нашри манбаси улар маҳаллий аҳолидан қандайдир ёрдам олганини очиқламаган). Ерга тушишганидан кейин икки ҳарбий ёпиқ алоқа тизими орқали ўзаро боғланган ҳамда геолокацияни узатиш учун авариявий маёқларни ёқишган.
Iranʼs First International News Network (@PressTV / X)
Мазкур ҳодиса АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари учун оғриқли зарба бўлди: бу наинки феврал ойи охирида бошланган катта урушда, балки дунёнинг турли минтақаларидаги ҳарбий ҳаракатлардаги 20 йилдан ортиқ вақт давомидаги иштироки давомида Американинг F-15 қирувчиси илк марта душман томонидан уриб туширилиши
бўлди (1 март куни ҳам худди шундай самолётлардан учтаси қулаган, аммо бунга Кувайт ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг «дўстона зарбаси» сабаб бўлганди). Аммо учувчилар асир тушиши Вашингтоннинг обрўси учун янада жиддийроқ зарар етказган бўларди.
Шунинг учун Америка сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти дарҳол кенг кўламли қутқарув амалиётини бошлади. Биринчи учувчининг жойлашуви тезда, катапултадан кейинги бир неча соат ичида аниқланди ва у эвакуация қилинди. Axios нашри манбаларга таяниб хабар беришича, ушбу амалиёт чоғида Эрон Американинг Blackhawk русумли вертолётига ҳужум қилган. Ҳаво кемаси экипажи аъзолари бу ҳужум чоғида жароҳат олган. Аммо вертолёт парвозни давом эттирган ва Эрон ҳарбийлари назорат қилмайдиган ҳудудгача етиб бора олган.
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг иккинчи зобитини қидириш ва эвакуация қилиш жараёни эса бир кундан ортиқроқ давом этди.
@IRGCIntelli / X
Эронда узоқ қолиб кетган ҳарбий қандай қутқарилди?
Медиага сиздирилган маълумотларга кўра, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари полковниги унвонига эга бўлган ушбу зобит катапулта ва ерга тушиш чоғида жароҳатланган ҳамда ёрдам етиб келгунига қадар тоғдаги тошлар орасида яширинган ҳамда ўша ердан туриб ўз жойлашуви ҳақида маълумот узатган. Унинг ёнида биргина тўппонча бўлган.
Америкадаги ва ғарбдаги нашрлар якдиллик билан ушбу амалиёт ўз кўлами ва тезкорлиги билан ноёб амалиёт бўлганини эътироф этишган. Зобитни Эрондан олиб чиқиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш билан АҚШ махсус амалиётлар кучлари шуғулланган. Махсус топшириқли бўлинмалар жангчилари душман ҳудудига чуқур кириб боришига тўғри келган.
Амалиётда юзлаб ҳарбий хизматчилар, ўнлаб жанговар самолётлар, вертолётлар қатнашган, шунингдек, киберхавфсизлик, космик ва бошқа разведка воситалари жалб этилган. Доналд Трамп эса F-15 учувчисини қидириш учун Пентагоннинг Эрондаги бошқа ҳаракатларини ҳам тўхтатиб туришга буйруқ берган.
Iranʼs First International News Network
Қидирув амалиётида иштирок этган A-10 Warthog қирувчиси ҳам жума куни зарбага учраган. Аммо яна бир ҳарбий асирга тушиши хавфидан қутулиб қолинган: Warthog учувчиси самолётни Ҳўрмуз бўғозига олиб кетган ва сувга тушган, у муваффақият билан қутқарилган, дея қайд этади CBS News.
- Америкадаги манбалар тасдиқлашича, йўқотилган F-15 ва A-10 қирувчиларидан ташқари, амалиётда иштирок этган Blackhawk русумли вертолёт ҳам шикастланган. Эрон ҳарбийлари эса АҚШнинг C-130 русумли ёқилғи қуювчи самолётини ҳам уриб туширишганини даъво қилишган.
Эронлик ҳарбийлар учувчининг ёнига америкаликлардан олдинроқ етиб боришга ҳаракат қилгани туфайли АҚШ авиацияси штурмовиклари амалиёт ўтказилаётган ҳудудни бомбалаши ва Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан юборилган кучларини ўққа тутишига тўғри келган. Икки нафар собиқ юқори мартабали ҳарбий мулозимнинг сўзларига кўра, америкалик ҳарбийлар учувчига яқинлашганида эронлик ҳарбийлар билан тўғридан тўғри отишма ҳам бўлиб ўтган.
Якунда АҚШ махсус топшириқли кучлари гуруҳи ўз қуролдошининг олдига биринчи бўлиб етиб борган. Аммо якуний босқичда ҳам кутилмаган муаммолар кутиб турганди: қутқарувчиларни ҳамда қутқарилган учувчини хавфсиз жойга олиб кетиши керак бўлган иккита транспорт самолёти шикастлангани ва уча олмаслиги маълум бўлган. Шундан кейин амалиёт қўмондонлиги зудлик билан эвакуация учун учта янги самолётни юборишга қарор қилган. Шикастланган самолётларни эса эронликлар қўлига тушмаслиги учун портлатиб юборишган.
Учта қутқарув самолёти Эронни тарк этишга ва Кувайтга қўнишга муваффақ бўлган, CBS News манбаларига кўра, улар бир-биридан ката масофа сақлаган ҳолда учган. Миссия 4 апрел куни кечқурун якунланган – бу вақтда Американинг барча кучлари Эрон ҳаво кенглигини тарк этганди. Қутқарилган зобит эса айни дамда Кувайт ҳудудида бўлиб турибди ва унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Амалиётда яна кимлар ёрдамлашди?
Учувчини қутқаришда Марказий разведка бошқармаси ҳам тўғридан тўғри қатнашган. Мазкур идора Эрон ичкарисида америкаликлар зобитни аллақачон топгани ва олиб кетгани ҳақида дезинформация кампаниясини йўлга қўйган.
Аслида эса бу вақтда МРБ тоғлар орасидаги ҳарбийни кузатиш билан машғул этди. Унинг жойлашуви аниқлангач, бу маълумот Пентагон ва Оқ уйга етказилади.
Iran International агентлиги маълумотига кўра, америкалик ҳарбийларга ушбу амалиётда Исроил томонидан ҳам ёрдам кўрсатилган. Икки махсус топшириқли бўлинма: «Шалдаг» (Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари махсус бўлинмаси) ва «Саерет Маткал» (Исроил мудофаа армияси бош штаби махсус бўлинмаси) ҳам ҳаракатга келтирилган.
Доналд Трамп ва унинг жамоасидаги юқори мартабали мулозимлар қутқарув амалиётини Вашингтондаги ситуацион марказдан туриб кузатиб боришган. Президент кейинроқ Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида зобит қутқарилгани фактини тасдиқлаб, бу воқеани «АҚШ тарихидаги энг дадил қидирув-қутқарув амалиёти» деб атади.
У полковник «яралангани, аммо у билан барчаси жойида бўлиши»ни айтган:
Бу жасур жангчи фронт чизиғи ташқарисида, Эроннинг маккор тоғларида, соат сайин яқинлашиб келаётган душманлар таъқиби остида эди.
Буёғига нима бўлади?
Учувчи эронликларга асир тушмаслиги Трамп учун ўзи томонидан ислом республикасига қўйилган ултиматум тугаши арафасида айниқса муҳим эди. У Теҳрондагилар сешанба кунигача келишувга рози бўлмаса, мамлакатдаги энергетика инфратузилмаларига зарба берилиши билан таҳдид қилган:
Вақт тугамоқда – уларнинг бошига дўзах куни тушишига 48 соат қолди.
Трамп ултиматум якунигача Эрон Ҳўрмуз бўғозини кемалар қатнови учун очишини талаб қилмоқда. Жаҳон нефт савдосида жуда муҳим ҳисобланган ушбу сув йўли тўсиб қўйилгани туфайли нефт нархи бир баррел учун 120 долларгача кўтарилган ва май ойи ўрталарига қадар мавжуд вазият сақланиб қоладиган бўлса, нарх 150 долларгача етиши мумкин.
Ўз навбатида, Эрон ҳам АҚШга «жаҳаннам» билан таҳдид қилди. «Биз вайронкор ва узлуксиз ҳужумлар амалга ошириб, террорчи америкалик террорчи ҳарбийлар фойдаланадиган барча инфратузилмаларга, шунингдек, сионистик режим инфратузилмасига чекловларсиз зарба берамиз», — деган шанба куни Эрон қуролли кучлари қўмондонлик маркази расмийси, генерал-майор Али Абдуллоҳий.
Ўша куни кечқурун ислом республикаси Кувайтдаги ичимлик сув таъминоти ва электр таъминоти инфратузилмаларига зарба берди. Кувайт расмийлари бу ҳужум оқибатида энергетик ва сувни чучуклаштириш қурилмаларига «жиддий моддий зарар етказилгани» ҳақида маълум қилган.
Нефт ва молия вазирликлари штаб-квартиралари жойлашган вазирликлар мажмуаси ҳам дрон ҳужумига учраган. Ҳар икки ҳолатда ҳам жароҳатланганлар йўқ.