Юзлаб фуқароларга машина ваъда қилиб, миллиардлаб пулларни ўзлаштирган «Авто Рентал» таъсисчилари ушланди
«Авто рентал» 700 га яқин фуқаронинг ишончига кирган ва умумий ҳисобда қарийб 3 миллиард сўм маблағларни ўзлаштириб олган. Тергов департаменти корхона мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши тафсилотларини маълум қилди.
«Авто рентал» номи остида фаолият юритган корхона қулай шартларда, ҳеч қандай фоизларсиз, 40 ой давомида бўлиб тўлаш шарти билан енгил автомобиллар етказиб беришни таклиф қилиб, 700 га яқин фуқароларнинг ишончига кирган ва умумий ҳисобда қарийб 3 миллиард сўм маблағларни ўзлаштириб олган.
Корхона ўзини тарғибот ишларида автомобилларни фоизсиз ва ойма-ой бўлиб тўлаш йўли билан тақдим этаётган Ўзбекистондаги ягона компания деб эътироф этган. Нархи 100 млн сўмгача бўлган транспорт воситалари учун 4 млн сўм, 100 миллиондан ортиқ бўлган транспорт воситалари учун 5 млн сўм ва 200 миллиондан ортиқ бўлган транспорт воситалари учун 12 млн сўмдан пул олиб, автомобилларни 3 ойдан 7 ойгача бўлган вақт мобайнида етказиб бериши айтилган. Фирма ўзининг қисқа вақт давомидаги фаолиятида юзлаб одамларни алдашга ва ўзгаларнинг миллиардлаб маблағларини ўзлаштиришга улгурган.
Фирманинг жиноий фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фош этилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти «Авто рентал» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг дастлабки терговига оид тафсилотларни маълум қилди.
«Жиноят иши юзасидан ҳозирга келиб жами 3 кишига айблов эълон қилинган. Жамият фуқаролар билан 695 та шартнома имзолаган, аммо шартнома шундай расмийлаштирилганки, унда айнан қайси турдаги транспорт воситаси етказиб бериш ҳам кўрсатилмаган. Жамият фуқаролардан олган пул маблағларининг умумий қиймати 2,8 миллиард сўм бўлиб, шундан фақат 1,9 миллиард сўмини банк ҳисоб рақамига кирим қилган, қолган пул нақд шаклда қабул қилиниб, корхона мутасаддиларининг шахсий манфаатлари йўлида сарфланган.
Ўз навбатида, банк ҳисоб рақамига кирим қилинган 1,9 млрд сўм пул маблағлари ҳам шартнома шартига кўра фуқароларга транспорт воситаси олиб беришга сарфланмасдан, ўзларининг таъсисчилигида бўлган, аммо бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб рақамларига турли хил мақсадларда чиқариб юборилган. Корхона 695 нафар фуқаро билан шартнома тузган бўлса-да, ҳеч қайси бирининг олдидаги мажбуриятни бажармаган. Барча пул маблағлари жамият раҳбарлари ва мансабдор шахслари томонидан ўзлаштириб олинган. Шу сабабли, жамият раҳбари ва таъсисчисига нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ва яна бир таъсисчига нисбатан қидирув эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси танланган», - дейди Тергов департаменти катта терговчиси Фарҳод Эргашев.
Дастлабки тергов тафсилотларида айтилишича, «Авто рентал» МЧЖнинг бош офиси Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, ягона филиали Андижон вилоятида бўлган, лекин корхона жабрланувчилари республиканинг деярли барча ҳудудларида бор.
«Жамиятни тузишда иштирок этган, яъни жиноятга бош бўлган шахс барчага ролларни бўлиб берган, яъни бири ҳисобчи, бири иш бошқарувчи, яна бошқаси молиявий томонга жавобгар бўлган. Шунга қарамай, корхонада жиноий ҳаракатлардан бехабар ишчилар ҳам бўлган. Шу сабабдан фақатгина корхона мансабдор шахслари жавобгарликка тортилган.
Жиноят юзасидан фуқароларга етказилган зарарни ундириш мақсадида жамиятнинг ҳисоб рақамида бўлган қолдиқ сумма, яъни 390 млн сўм Тергов департаментининг депозит ҳисоб рақамига ўтказилган. Шунингдек, корхона раҳбарига тегишли бўлган Mercedes benz русумли транспорт воситаси 400 млн сўмга баҳоланган ва олиб қўйилган», - дейди Фарҳод Эргашев.
Шу тариқа, ҳозирги кунда корхона жабрланувчиларига етказилган 2,8 млрд сўм зарарнинг 790 млн сўми ундирилган. Терговчига кўра, ундириб олинган маблағлар фақат суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билангина жабрланувчиларга қайтариб берилиши мумкин.
Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мавзуга оид
12:54 / 05.10.2024
Ҳиндистонлик эркак ноодатий автомобиллар коллекцияси билан Гиннеснинг рекордлар китобига кирди
17:58 / 01.09.2023
Santa Fe’дан Traverse’гача — дунё автомобиль бозорида тақдим этилган сўнгги кроссоверлар
19:24 / 15.08.2023
Импорт автомобилларнинг фақат расмий дилерлар томонидан сотилиши талаби бекор қилинди
19:06 / 28.07.2023