Ўзбекистон | 22:18 / 11.10.2019
4941
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Гренада дипломатик алоқалар ўрнатди

11 октябрда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида Ўзбекистон ва Гренада ўртасида дипломатик алоқларни ўрнатиш ҳақида қўшма коммюнике имзолаш маросими бўлиб ўтди.  

Икки давлат ҳукуматлари номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов ва Гренаданинг Россиядаги элчиси Олег Фирер имзолаган. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди. 

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси ва Гренада икки мамлакат ўртасида ўзаро англашув, дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш мақсадида, БМТ Низоми тамойиллари ва мақсадлари ҳамда халқаро ҳуқуққа амал қилган ҳолда 1961 йил 18 апрелдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси, 1963 йил 24 апрелдаги Консуллик муносабатлари тўғрисидаги Вена конвенциясига мувофиқ ва МБТ Низомида белгиланган тамойиллар асосида дипломатик муносабатлар ўрнатишга қарор қилганлари қайд этилади.

Мулоқот чоғида икки мамлакат элчилари томонидан Ўзбекистон ва Гренада ўртасида томонларни қизиқтирган соҳаларда, жумладан халқаро ташкилотлар доирасида конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари батафсил муҳокама қилинди.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид