Жаҳон | 14:50 / 17.10.2025
5768
5 дақиқада ўқилади

Уруш яна музлатилди. Узоқ муддатли тинчликка нима халал беради?

13 октябр куни Мисрнинг Шарм-аш-Шайх шаҳрида Ғазодаги урушни тугатиш бўйича сулҳ имзоланди. Келишув тўртта воситачи давлат ўртасида тузилди: АҚШ, Миср, Туркия ва Қатар. Хўш, энди Ғазода тинчлик бўладими? Исроил ва Ҳамас ўртасида уруш бутунлай тўхтадими? Афсуски, ҳали бундай хулоса чиқариш учун жуда эрта.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Исроил ҳар доим ўзини жабрдийда қилиб кўрсатишни яхши кўради. Бу – унинг энг асосий сиёсий технологияси бўлган. Шу сабабдан ҳам дунёда маълум даражада антисемитизм сақланиб, баъзан ўсиб боришидан Исроил сиёсий элитаси манфаатдор бўлган: “Мана кўраяпсизми, қўшниларимизнинг ҳаммаси – антисемит, айниқса фаластинликлар... Биз жон сақлашимиз учун агрессив бўлишимиз керак...”

Бироқ охирги икки йилда Исроилнинг глобал репутацияси биринчи марта бу қадар пастга қулади. Ҳатто Исроил тарафдори бўлган Ғарб давлатлари ҳам ундан масофа сақлай бошлади... Энг асосий ҳомийси бўлмиш АҚШ эса уни сулҳга мажбурлаб кўндирди.

Бош вазир Нетаняҳу асирликдаги исроилликларни озод қилиш баҳонасида урушни давом эттириб келаётган эди. Унинг учун уруш – бу ҳокимиятда ўтириш гарови эди. Судларни орқага суриш, фавқулодда ҳолатни чўзиш воситаси эди.

Умуман, Исроил элитаси ва жамоатчилигининг салмоқли қисмини босқинчилик сиёсатига қарши деб бўлмайди. Айнан шу – узоқ муддатли тинчликка раҳна солувчи фундаментал омил бўлиб қолмоқда.

Ғазоликлар бу келишув билан бир қанча мақсадига эришди. Биринчидан, уруш тўхтатилди. Иккинчидан, Исроил қамоқларидаги минглаб ғазоликлар озод бўлди. Учинчидан, Фаластин заминидаги тарихий адолатсизлик ва Фаластин давлатчилиги масаласи глобал жамоатчилик кун тартибига яна олиб чиқилди.

Исроил эса мисли кўрилмаган даражада яккаланди, БМТ ва халқаро судлар даражасида геноцидда айбланди.

Бироқ ҳозирги келишув – ҳақиқий “тинчлик келишуви” эмас. Чунки бу келишув фаластинликларнинг тарихий ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, бу давлатни ташкил қилиш борасида реал чоралар ҳақида гапирмайди. Бу келишув – тарихий адолатсизликни давом эттирувчи, Исроилнинг репутациясини оқловчи келишув. Тўғри, Исроил ҳам бу келишувдан у қадар хурсанд эмас. Бироқ, фаластинликларнинг муаммолари ҳал қилинмасдан туриб, узоқ муддатли тинчлик ҳақида гапириш имконсиз.

Савол туғилади, нега Исроилнинг бош вазирлари, сиёсий элитаси, парламенти Фаластинга нисбатан, арабларга нисбатан ҳар доим тажовузкор бўлган? Нетаняҳуга қадар, Ариэл Шарон ҳам, Эҳуд Олмерт ёки Эҳуд Барак ҳам Фаластин борасида ҳеч қандай реал келишувга, компромиссга боришмаган. Бунинг сабаби – Исроил жамиятидаги зеҳният, менталитетда. Исроил – демократик давлат, унинг давлат бошқаруви парламентаризмга асосланган. Исроилликлар ҳар сафар қайси партия ва лидер арабларга нисбатан, фаластинликларга нисбатан кескин сиёсатни таклиф қилса, шу партияга овоз берган. Натижада, йиллар давомида Исроил сиёсий ҳокимиятига энг агрессив сиёсатчилар келган ва келмоқда. Чунки исроилликларнинг катта қисми Фаластин давлати тузилишига рози эмас, 1967 йилги чегараларга қайтиш ниятида эмас. Мана шу кайфият – урашларнинг энг асосий сабабчиси, Исроил томонидан тинчликдан кўра урушга мойилликнинг бош сабаби.

Кейинги икки йилда дунё ҳамжамиятининг Ғазо ва Фаластинга эътибори ниҳоятда ошди. Шу эътиборни бироз пасайтириш учун ҳам, Исроил тинчлик келишувига рози бўлиб турибди.

Мана шу фонда, Фаластин ўзининг давлат Конституциясини яратишга киришди. Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос мутахассислар гуруҳини тузиб, Фаластин Конституцияси лойиҳасини ёзиш топшириғини берди. Конституцияда Фаластин давлат тизими белгилаб берилиши керак. Гарчи ҳозирда Фаластин ерлари оккупация остида бўлса-да, фаластинликлар мисли кўрилмаган қирғин, очлик ва жабр-зулмлар остида бўлса-да, мамлакат тарихий ютуқли томон қараб кетмоқда. Вақти келади, Фаластин давлати албатта тўлиқ шаклланади, чунки бундан бошқа йўлнинг ўзи йўқ.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид