“Дадам ўқитувчи, ойим тикувчи” — президент мактабида ўқиётган оддий оила фарзандлари
Бегойим ва унинг укаси Беҳзод Тошкент шаҳридаги президент мактабида ўқийди. Улар аввалига оддий мактабда ўқишган, саралаш жиддий бўладиган президент мактабига киришда иккиси ҳам инглиз тилидан қийналишган, лекин математика ва мантиқий фикрлашдан юқори баҳо олишган.
Шавкат Мирзиёев 2019 йилда 14 та ҳудудда президент мактабларини ташкил этиш тўғрисида қарор имзолаган эди. Тошкентдаги Президент мактаби шаҳарнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган.
Ҳозир бу мактабда 165 нафар ўқувчи Кембриж таълим дастури асосида табиий ва аниқ фанлар, муҳандислик, ахборот технологияларини ўрганмоқда. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади. Мактабга кириш учун талабгорлар 4-синфни битирган бўлиши ва 2 босқичли имтиҳондан ўтиши лозим.
“Биринчи босқич имтиҳони математика фанидан, иккинчиси эса инглиз тили ва мантиқий фикрлашдан бўлади. Ундан муваффақиятли ўтганлар эса мактаб ўқувчиси сифатида қабул қилинади ҳамда улар давлат томонидан 5 маҳал бепул овқатланиш, дарсликлар ва ётоқхона билан таъминланади. Ўқувчиларнинг кунлик тартиби эрталабки соат 8 яримдаги дарслар билан бошланиб, дарсдан кейинги турли тўгарак, тадбирлар билан кечки 22гача давом этади.
Ётоқхоналар 5 кунлик режимда ишлагани учун бу вақт давомида ўқувчилар тиббий хизматдан ҳам фойдаланиши мумкин”, – дейди мактаб директори ўринбосари Маъмура Тожибоева.
Директор ўринбосари президент мактабларида кўпроқ бой ёки амалдорларнинг фарзандлари ўқиши ҳақидаги гаплар ҳақиқатдан йироқлигини айтди.
“Мактабга келганларнинг барчаси кўриши мумкин, имтиҳонлардан саралаб олинадиган 24 нафар ўқувчиимизнинг ҳар бири иқтидорли, ҳеч бирининг билимига шубҳамиз йўқ, улар ҳақиқатан тўғри танланганини барча эътироф этади.
Бундан ташқари, мактабимизда ижтимоий келиб чиқиши турлича бўлган оила фарзандлари ҳам бор – нотўлиқ оилалар, педагог ва деҳқонлар оиласи ҳамда зиёли оила фарзандлари ҳам ўқийди. Таълим муассасамизга мактабда яхши ўқиган, иқтидорли болалар саралаб олинган.
Ота-онасининг келиб-чиқиши, мансаби ёки молиявий ҳолатининг бу ердаги ўқувчиларга таъсири йўқ. Яъни адолатли тизимда имтиҳон қилинган”.
Ҳақиқатан ҳам мактабда оддий оилаларнинг фарзандлари ҳам бор. Опа-ука Бегойим ва Беҳзод Пардабоевлар Тошкент вилояти Бекобод туманида туғилган. “Биз ёшлигимиздан аниқ фанларни, айниқса, математика ва физикани чуқур ўрганганмиз, бунга отамиз сабабчи бўлган”, – дейди Бегойим.
“Ҳозир президент мактабининг 11-синфида ўқияпман. Бу йил битираман. Ўзи унақа бой оиладан чиқмаганмиз: отам – оддий мактабда ўқитувчи; онам эса тикувчилик билан шуғулланадилар, олий маълумотли эмас. Оиламизда айнан отам ўқишимиз учун нисбатан кўпроқ эътибор берардилар. Шунинг учун ҳам бизда ўқишга нисбатан катта мотивация бўлган. Уларнинг бизга бўлган ишончини оқлаш ва биз билан фахрланиб юришлари учун мактаб вақтиданоқ аниқ фанлар: математика, физика фанларига алоҳида эътибор бериб келганмиз.
Президент мактабига кириш имтиҳонлари математика ва инглиз тилларидан экани бизга жуда ҳам қулай бўлган. Юқорида айтганимдек, математика бизда кучли ўргатилар эди, оиламизда ҳам шу фанга эътибор катта бўлган. Ўзим ҳам шу фандан олимпиаданинг вилоят, республика босқичларида қатнашганман.
Тўғрисини айтсам, президент мактабига кирганимда инглиз тилини умуман билмас эдим. Имтиҳонда кўпроқ жавобни математикадан берганим учун 4-ўринда киришга муваффақ бўлганман. Аниқ фанларни шунча ўқиганимга қарамасдан, мен келажакда санъат соҳасидан кетмоқчиман, аниқроғи, мултипликация яратиш бўйича мутахассис бўлмоқчиман. Худо хоҳласа, келгусида Марказий Осиёдаги энг катта мултипликация студиясига директор бўламан. Бошида математика ўқиганим билан президент мактаби хоҳлаганим касбимни танлашга катта ёрдам берди”, – дейди Бегойим.
У мактабни битиргач хориж ОТМда ўқишни режа қилган, ҳозирда ҳужжат топширган университетларининг 3 тасидан (2 таси Буюк Британия, 1 таси АҚШ олийгоҳи) ижобий жавоб хатлари ҳам келган.
Дилшода Шомирзаева,
Нуриддин Нурсаидов,
Kun.uz
Мавзуга оид
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
07:08 / 23.07.2024
Президент мактабларининг 1-босқич имтиҳон натижалари эълон қилинди
20:42 / 27.07.2023
Президент мактабига ҳужжат топширганлар яна иккита мактабга ҳужжат топшириши мумкин
18:11 / 26.07.2023