Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев: Жадидларнинг миллий давлатчиликка қўшган ҳиссасини ўрганиш долзарблигича қолмоқда
Ўзбекистон президенти Туркистон мухториятининг қонунчилик базасини ўрганиш, тараққийпарвар зиёлиларнинг дунёвий, ҳуқуқий ва демократик жамият қуришга қаратилган фаолиятига тарихий баҳо беришга чақирди.
Архив фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда бўлиб ўтаётган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади.
Конференция очилишида давлат раҳбарининг мурожаатини президент маслаҳатчиси – спичрайтер Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Президент мурожаати аввалида тадбир иштирокчиларини жадидчилик ҳаракатига бағишланган халқаро анжуманнинг очилиши билан табриклаган. Шавкат Мирзиёев ўтган аср бошларида шаклланган бу ҳаракат нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун мусулмон олами ва туркий дунё тарихида чуқур из қолдирганини қайд этган
“Муштарак тарихимизнинг ёрқин саҳифаларини ташкил этадиган маърифатпарвар аждодларимизнинг ибратли фаолиятини, уларнинг ўз қиммати ва аҳамиятини ҳамон йўқотмасдан келаётган бой меросини ҳамкор давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, таниқли хорижий олимлар билан биргаликда теран тадқиқ ва тарғиб этиш бизнинг устувор вазифамиздир.
Бугунги анжуманимизга ташриф буюрган нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакилларига, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Туркия, Россия Федерацияси, Венгрия, АҚШ, Германия, Нидерландия, Швеция, Япония ва бошқа мамлакатлардан келган таниқли олим ва экспертларга ушбу анжуманни ташкил этиш ташаббусимизни қўллаб-қувватлаганликлари учун самимий ташаккур билдираман”, – деган президент.
Давлат раҳбарига кўра, ноёб ижтимоий-сиёсий феномен бўлган жадидчилик ғоясининг шаклланиши ва тараққиётига доир дунёнинг бир қатор мамлакатларида кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлса-да, ушбу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда.
“Шу нуқтайи назардан қараганда, тараққийпарвар аждодларимизнинг илғор ғоя ва қарашларини тадқиқ этиш ва тизимлаштириш, Туркистон жадидларининг миллий давлатчилик ривожидаги ўрни ва таъсирини ўрганиш, XX асрнинг биринчи чорагида улар томонидан барпо этилган давлат тузилмаларининг қонунчилик базасини таҳлил қилиш, дунёвий, ҳуқуқий ва демократик жамият қуришга қаратилган фаолиятига тарихий баҳо бериш, Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни бунёд этишда ушбу мероснинг мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши билан боғлиқ масалалар бугунги конференциянинг асосий муҳокама мавзулари этиб белгилангани алоҳида аҳамиятга эга.
Барчамизга аёнки, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли – билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар.
Улар шу йўлда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очдилар. Жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этдилар. Ёшларни илғор давлатларга ўқишга юбордилар.
Шу билан бирга, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, молия, солиқ тизимлари, ер масалаларини тадрижий асосда тубдан ислоҳ қилиш учун ғоявий ва амалий ҳаракатлар олиб бордилар. Бир сўз билан айтганда, улар миллий уйғониш, миллий тараққиёт ғоясини рўёбга чиқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар.
Афсуски, ўша даврдаги мавжуд вазият, ижтимоий тузум бу улуғвор мақсадларни амалга оширишга йўл бермади”, – дея таъкидлайди Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатида.
Мавзуга оид
11:06 / 30.10.2025
Пeтер Пеллегрини Самарқандга амалий ташриф билан етиб келди
08:48 / 30.10.2025
Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО 43-сессиясининг очилишида қатнашади
20:04 / 29.10.2025
Хусусий секторда банд бўлган шахсларга ҳам нафақа тўланиши йўлга қўйилади
13:52 / 29.10.2025