Жаҳон | 12:25 / 09.09.2025
6324
5 дақиқада ўқилади

«Ижтимоий тармоқлар эмас, коррупция ёпилсин» — Непалда «Z» авлод намойишлари (фото+видео)

Непал ҳукумати 20 дан ортиқ ижтимоий тармоқларни блоклагач мамлакат тарихидаги энг йирик тартибсизликлар бошланди. «Z авлод намойишлари» деб номланган митингда минглаб ёшлар «Ижтимоий тармоқлар эмас, коррупция ёпилсин» деган плакатлар билан юриш ўтказди. Полиция билан тўқнашувда 19 киши ҳалок бўлди, 400 дан ортиқ намойишчилар жароҳатланди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

8 сентябрь куни Непал пойтахти Катмандуда полиция парламентни босиб олишга уринган норозиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ва резина ўқлар ишлатган. Бу ҳақда Непал расмийларига таяниб, Reuters нашри хабар бермоқда.

Маҳаллий амалдорнинг айтишича, асосан ёшлар бўлган намойишчилардан айримлари баррикадани бузиб парламент ҳудудига кириб бориб, тез ёрдам машинасини ёқиб юборишган ва полицияга турли буюмлар улоқтиришган.

Фото: Reuters
Фото: Reuters

«Полиция тартибсиз ўқ узмоқда», деди бир намойишчи ANI агентлигига. «Ўқлар менга тегмади, лекин орқамда турган дўстимнинг қўлига тегди».

Полиция ходими Шекҳар Ҳаналнинг маълум қилишича, 400 дан ортиқ одам, жумладан 28 нафар полициячи жароҳатланган. Ярадорлар мототциклларда шифохонага олиб борилган.

Шарқий Итаҳари шаҳрида ҳам тартибсизликларда икки киши ҳалок бўлган. Ички ишлар вазири Рамеш Лекҳак зўравонлик учун «ахлоқий жавобгарлик»ни зиммасига олиб истеъфога чиқди. Бош вазир Шарма Оли вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда ҳукумат йиғилишини чақирди.

Фото: Reuters

Ўтган ҳафта ҳукумат Facebook каби бир нечта ижтимоий тармоқларни блоклагани ёшларнинг ғазабини қўзғади. Непалнинг 30 миллион аҳолиси орасида 90 фоизи интернетдан фойдаланади. Расмийларнинг айтишича, бу қарор сохта аккаунтлар орқали нафратли нутқ, ёлғон хабарлар ва фирибгарликлар тарқалишини чеклаш учун қабул қилинган.

Катманду кўчаларида минглаб ёшлар, жумладан мактаб ва коллеж формаларидаги ўқувчилар «Ижтимоий тармоқлар эмас, коррупция ёпилсин», «Тармоқларни очинг», «Ёшлар коррупцияга қарши» ёзувли плакатлар билан юриш ўтказди. Намойишларни ташкилотчилар «Z авлоди норозиликлари» деб аташди.

Фото: Reuters

Human Rights Watch Непал ҳукуматини норозиликларни фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш нуқтайи назаридан кўрмасликка чақириб, бу халқнинг чуқур коррупция, непотизм ва бошқарувдаги муаммолардан норозилигини кўрсатишини билдирди.

Расмийларга кўра, тартибни сақлаш учун сув пуркагичлар, дубинкалар ва резина ўқлардан фойдаланишга буйруқ берилган, парламент ҳудудида армия ҳам жалб этилган. Кечга бориб зўравонлик сусайди, бироқ намойишчилар парламент яқинида қолишда давом этишди.

Непал ҳукумати коррупцияни жиловлаш ва иқтисодий ислоҳотларда сусткашликда танқид қилинмоқда. Ҳар йили минглаб ёш непалликлар иш ва таълим учун четга чиқиб кетади. Собиқ молия котиби Рамешвор Ҳаналнинг Reutersʼга айтишича, иш ўринлари етарли яратилмаган бўлса-да, халқ ғазаби асосан ҳукумат тайинловлари ва коррупцияни йўқ қила олмаганидан келиб чиқмоқда.

Сешанба тонгига келиб, ҳукумат ўтган ҳафта блоклаган барча 26 та платформа, жумладан Facebook, WhatsApp, Instagram ва WeChat қайта ишлай бошлади. New York Times'нинг ёзишича, комендантлик соатига қарамай, норозилар кўчаларга қайтиб чиқиб, ҳукумат амалдорлари жазоланиши ва алмаштирилишини талаб қилишмоқда.

Хавфсизлик кучларининг зўравон жавоби ҳукуматга бўлган босимни янада кучайтирган. Мухолифат партиялари ва ҳукумат коалициясининг айрим аъзолари бош вазир Шарма Оли истеъфо беришини талаб қилди. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид