Ўзбекистон | 12:13 / 13.12.2025
2479
2 дақиқада ўқилади

Сардор Рустамбоев Непалда элчи сифатида расман фаолият бошлади

Ўзбекистоннинг Непалдаги биринчи элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Сардор Рустамбоев Непал президенти Рамчандра Пауделга ишонч ёрлиқларини топширди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: "Дунё" АА

Непал раҳбари Ўзбекистоннинг биринчи элчиси тайинланганини олқишлаб, Тошкент билан кўп қиррали алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. Суҳбат давомида икки томонлама кун тартибидаги кенг кўламли масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди. Непал томони гидроэнергетика, туризм ва таълим соҳаларида ўзаро алоқалар учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этиб, қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги айтилиб, глобал иқлим ўзгариши ва тоғлар экологияси каби долзарб масалалар бўйича биргаликда ишлашга бўлган ўзаро қизиқиш билдирилди.

Суҳбат якунида президент Рамчандра Паудел Непалнинг узоқ муддатли дўстона шерикликка содиқлигини тасдиқлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ва Непал ўртасида дипломатик муносабатлар 2018 йил 26 январ куни ўрнатилган. Сардор Рустамбоев 2024 йил январ ойида Деҳлида ўз фаолиятини бошлаган, бундан олдин эса Ўзбекистоннинг Франция ва Португалиядаги дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид