Жаҳон | 11:03 / 02.12.2025
2242
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Гуржистон намойишларни тарқатишда кимёвий модда қўллаган бўлиши мумкин

Гуржистонда ҳукуматга қарши намойишларни бостириш учун камит деб аталувчи модда қўлланган бўлиши мумкин, деб ёзади BBC медиакорпорацияси ўз текширувида. Гуржистон ҳокимияти эса хавфли модда ишлатилганини рад этмоқда ва журналистларни судга бериш билан таҳдид қилмоқда.

Фото: David Mdzinarishvili / EPA

BBC маълумотига кўра, Гуржистонда ҳукуматга қарши намойишларни бостириш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари Биринчи жаҳон уруши даврига тегишли ҳарбий заҳарловчи моддадан фойдаланган бўлиши мумкин. Тахмин қилинишича, бу модда намойишчиларга қаратилган водомётлар сувига қўшилган. Британия медиакорпорациясининг суриштируви душанба куни, 1 декабрда чоп этилган.

Журналистларнинг ёзишича, гап бромбензилцианид деб аталувчи модда ҳақида кетмоқда. У камит номи билан ҳам маълум бўлиб, Биринчи жаҳон уруши пайтида Франция армияси уни Ғарбий фронтда немис солдатларига қарши қўллаган. 1930-йилларда камит соғлиқ учун узоқ муддатли оқибатлар туфайли қўллашдан чиқарилган ва намойишларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ каби нисбатан хавфсизроқ моддалар ишлатила бошланган, дея таъкидлайди BBC.

BBC суҳбатдошларидан бири — педиатр Константин Чахунашвили Грузия парламенти биноси ёнидаги намойишларда бир ҳафта давомида иштирок этган. Унинг сўзларига кўра, водомётлар остига тушиб қолгандан сўнг тери «бир неча кун давомида ёнган», «юз-қўлни ювишга уринганда эса янада ёмонлашган».

Константин ўз ижтимоий тармоқларида сўровнома ўтказиб, 125 дан ортиқ намойишчи тахминан бир ой давомида бош оғриғи, чарчоқ, йўтал, нафас қисиши ва қайт қилиш аломатларини бошдан кечирганини аниқлади. У сўровдан ўтганлардан 69 нафарида шахсан текширув ўтказиб, уларда юракнинг электр сигналларидаги аномалиялар «анча юқори тарқалгани»ни қайд этди. Унинг тадқиқоти кейинчалик мутахассислар томонидан рецензиядан ўтди ва халқаро Toxicology Reports журналида чоп этиш учун қабул қилинди.

Материалда қайд этилишича, журналистлар, шифокорлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Гуржистон ҳукуматидан водомётларда аниқ қайси модда ишлатилганини, жумладан жароҳат олганларни даволаш учун ҳам аниқлашни талаб қилган. Бироқ Ички ишлар вазирлиги бу ҳақда маълумот беришдан бош тортган.

Ички ишлар вазирлигининг махсус тайёргарлик бўлинмалари қуролланишини назорат қилган собиқ масъул Лаша Шергелашвили BBC’га берган интервюсида 2024 йил ноябр–декабр ойларида намойишларни тарқатиш учун қўлланган модда «анъанавий махсус воситалардан, эҳтимол, ўн баробар кучлироқ бўлган»ини айтди.

1 декабр куни Грузия Давлат хавфсизлик хизмати BBC суриштируви чоп этилгани муносабати билан тергов бошланганини маълум қилди. Ўз навбатида ҳокимият тепасидаги «Гуржистон орзуси» партияси корпорацияга тасдиқланмаган маълумот тарқатгани учун халқаро судларга даъво киритиш билан таҳдид қилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид