Ўзбекистон | 15:40 / 24.04.2018
17710
2 дақиқада ўқилади

«Ашхобод сайилгоҳи» аҳоли учун 30 апрель куни очилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани ҳудудида барпо этилган «Ашхобод сайилгоҳи» аҳоли учун 30 апрель кунидан хизмат кўрсата бошлайди. Бу ҳақда сайилгоҳ маъмурияти «Kun.uz»га маълум қилган.

Унинг алоҳида таъкидлашича, 23 апрель куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ташрифи муносабати билан ўтказилган маросим сайилгоҳ мижозлар учун очилганини англатмайди - сайилгоҳга фақат 30 апрель ва ундан кейинги кунларда ташриф буюриш сўралади.

Кеча, 23 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов иштирокида ушбу сайилгоҳнинг очилиш маросими ўтказилганди. Шундан сўнг, 24 апрель куни шаҳар аҳолиси вакиллари боққа келмоқда, аммо улар дарвозадан қайтиб кетишга мажбур бўлишмоқда.

«Ашхобод сайилгоҳи»да қурилиш ишлари апрель ойи бошида якунланганди. Ушбу сайилгоҳнинг умумий майдони 12 гектарни ташкил этади. Бу ерда битта 1180 метр квадратни ташкил этувчи усти ёпиқ иншоот ичида 26та ҳамда 31 очиқ типдаги ўйин аттракционлари, нуронийлар маскани, музқаймоқ ва салқин ичимликлар шохобчалари қурилган. Сайилгоҳга кираверишда катта фаввора барпо этилган. Боғда хушманзара дарахтлар, замонавий ўриндиқлар ва бошқа қулайликлар мавжуд.

Фото: Uz24
Фото: Uz24
Фото: Uz24

Замонавий маданият ва истироҳат боғи кираверишда туркман миллатининг мардлик ва жасорат тимсоли бўлган Ахалтака отлари ҳайкаллари ўрнатилган. Бу ерда қарағай, қрим қарағайи, ҳинд сирени, эман, каштан, магнолия, аризона кипариси, салвия, мовий арчалар экилган.

Мавзуга оид