Жамият | 16:12 / 06.04.2026
4888
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бозор қоровуллари итлар устига машина ҳайдади

Тармоқларда икки киши автомобилини итлар устига ҳайдагани акс этган видео тарқалди. Тошкент ИИББга кўра, улар Учтепадаги бозорлардан бирида қоровул бўлиб ишлайди. Ҳолат бўйича ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш моддаси билан маъмурий баённома тузилди ва ҳужжатлар судга юборилди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳрида ҳайвонларга нисбатан навбатдаги шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолати юз берди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларда икки фуқаро автомобилини итлар устига ҳайдагани акс этган видео тарқалди. Бошқарма маълумотларига кўра, воқеа 5 апрель куни соат 23:00 атрофида Учтепа туманидаги бозорлардан бирида содир бўлган.

Итларни автомобилда босиб ўлдирганлар икки қоровул 29 ёшли Т. М. ва 30 ёшли М. Д. экани аниқланди.

Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (1,2 млн сўмдан 2,06 млн сўмгача) миқдорда жарима кўзда тутилган.

Тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган.

Маълумот учун, президент томонидан 25 март куни имзоланган қонунга мувофиқ, 28 июндан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишга оид ўзгартиришлар кучга киради. Ҳайвонларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийнаш ёки уларга азоб бериш учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 10 бараваригача этиб белгиланади (ҳозирда – 3 дан 5 бараваргача).

Худди шундай ҳаракатлар жарима қўлланганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, ёхуд вояга етмаган шахс ҳузурида амалга оширилса ёки ҳайвонлар ўлимига сабаб бўлса, БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача (ҳозирда – 5 дан 10 бараваргача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси (ҳозиргидек) билан таҳдид солади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид