Авто | 11:37
865
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон автомобил бозори: электромобилларга талаб ошиб боряпти

Ўзбекистон бозорида йиллик ҳисобда электромобиллар савдоси 1,5 баробарга ошди. Хусусан, феврал ойида савдо ҳажми 6,9 минг донани ташкил этиб, январга нисбатан 14 фоизлик ўсиш қайд этилган. Ҳудудлар кесимида электромобилларнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида сотиляпти. Ҳар 100 та машинанинг 65 таси пойтахт ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистонда феврал ойи якунларига кўра барча турдаги автотранспорт воситалари савдосининг умумий ҳажми 84,2 минг донани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизга ошган. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.

Автомобил бозоридаги фаоллик январ ойига нисбатан ҳам ижобий динамикани намоён этган: савдо ҳажми 2 фоиз ёки 1,6 минг донага ўсган.

Энг катта кўтарилиш Самарқанд вилоятида кузатилиб, бу ерда савдо ҳажми 65 фоизга ошган. Шунингдек, фаоллик Сирдарё (+7,2 фоиз) ва Тошкент вилоятида (+12 фоиз) ҳам кескин ўсган.

Янги автомобиллар сегменти

2026 йил феврал ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси тахминан 24 минг донани ташкил этиб, жорий йилнинг январ ойи даражасига мос келган. Шу билан бирга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан савдо ҳажми 10,7 фоизга ошган.

Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида эса янада юқори ўсиш суръати қайд этилган. Савдо ҳажми ўтган йилнинг феврал ойига нисбатан 1,5 баробарга ошиб, тахминан 3 минг донани ташкил этади.

Электромобиллар сегменти

Енгил электромобиллар сегментида фаоллик барқарор ўсишни давом эттирмоқда. Февраль ойида савдо ҳажми 6,9 минг донани ташкил этди, бу ўтган ойга нисбатан 14 фоизга кўп.

Йиллик ҳисобда электромобиллар савдоси 1,5 баробарга ошди. Бу эса ушбу бозор сегментининг изчил кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Ҳудудий тақсимот шуни кўрсатадики, электромобиллар савдосининг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Февраль ойида пойтахтда тахминан 4,5 мингта электромобил сотилган бўлиб, бу ушбу сегментдаги умумий савдо ҳажмининг қарийб 65 фоизини ташкил этади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид