16:23 / 08.12.2019
1
25453

«Қонунни ўқиб, ўзимни эртакка тушиб қолгандай ҳис қилдим». Ўзбекистонда инклюзив шароитлар етарлими?

Кўпчиликда ногиронлиги бор инсонлардан ҳайиқиш, ўзини орқага тортиш одати бор. Стереотип шунчалик кучли шаклланганки, унинг ортига назар солишга ҳаракат қилиб кўрмаганмиз. Яъни имконияти чекланганлар оддий, ўзимиз қатори одамлар эканини унутиб қўямиз. Уларнинг дунёсига нигоҳ солганда, қанчадан қанча муаммо борлиги, ҳаттоки энг примитивлари ҳам ҳал этилмаётганини билиб оласиз.

Ногиронлиги бор фуқароларга ҳамма қатори имкониятлар бериляптими? Уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари (масалан, ишлаш, ўқиш) ҳукумат тарафидан таъминлаб бериляптими? Албатта дейишдан олдин қуйидаги фикрларга эътибор қаратиш муҳим.

«Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг атиги 2 фоизи иш билан таъминланган»

Раъно Шодиева (Ногиронлиги бўлган болалар ва ёшлар республика маркази раҳбари):

– Ҳозирги кунда ногиронлиги бўлган фуқаролар 710 минг нафарни ташкил қиляпти. Улардан 101 минг 316 нафари болалар ва 300 мингдан ортиғи аёллардир.

Ногиронлиги бўлганлар чекланган ижтимоий инфраструктура, жумладан, маълумот олиш имконияти, ишга жойлашиш борасида дискриминация билан тез-тез тўқнаш келишади. Жамоатчилик стереотипи, таълим олиш, қарор қабул қилишдаги чекловлар ҳам шулар жумласидан.

Бу йил БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенциясини Ўзбекистон ҳукумати имзолаганига 10 йил тўлади. Айни вақтда ушбу ҳужжатни ратификация қилиш жараёнига тайёргарлик кўрилмоқда. Конвенциянинг реализацияси ногиронлиги бўлган шахсларга ўз имкониятларини тўла очиб беришга, ижтимоий ҳаётга мослашувига кўмак беради. Инклюзив таълим-тарбияни ривожлантириш орқали юқоридаги муаммоларни ҳал қилиш мумкин.

Фикримча, инклюзив таълим тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш вақти келди. Инклюзив таълимнинг мақсади – ҳар бир инсон тенг ҳуқуқлилик асосида билим олиш имкониятини яратишдир. Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашда республика бўйлаб 3 фоизлик квота ажратилган. Атиги 2 фоиз ногиронлиги бўлган фуқаролар иш билан таъминланган.

Ногиронлиги бўлган ёшларни иш билан таъминлаш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилиши зарур. Уларга нисбатан жамиятни ривожлантиришда муҳим роль ўйновчи ресурс сифатида қарашни шакллантириш лозим.

«Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қонунни ўқиб, ўзимни эртакка тушиб қолгандай ҳис қилдим»

Ўрол Норматов (Ўзбекистон Фанлар академияси докторанти):

– Ногиронлиги бор фуқароларга мўлжалланган иш ўринларининг камлиги, мавжудларига ҳам жойлашиш қийинчиликлари бор. Улар соғлом инсонлар қаторида бир қанча жабҳалар, масалан, таълим соҳасида ишлай олишади. Жамиятимизда кучли стереотип шаклланган. Ногиронлиги бор фуқароларимиз ташкилотларга иш сўраб боришганда, иш берувчида уларга нисбатан кучли қаршилик пайдо бўлади. Бир неча асоссиз баҳоналар, мавжуд иш ўрнини ҳам яшириш ҳолатларини ўз бошимдан ўтказганман.

Илгари ногиронлиги бўлган фуқароларни иш билан таъминлаган ташкилотларга солиқ имтиёзлари қўлланиларди. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида бу масала анча баҳсларга сабаб бўлди. Шу ҳолатдан кейин бу ташкилотларда ногиронлиги бўлганларга муносабат ўзгарди. Бу бўйича бизда маълумотлар бор.

Масала юзасидан таклифларим бор. Таълим соҳасини олайлик. Амалдаги қонунчиликка кўра, ногиронлиги бор ўқитувчиларга котибалар бириктирилади. Уларнинг вазифаси ёзув-чизувлар билан боғлиқ ишларда ёрдамлашиш ва бошқа қўшимча ишларни бажаришдир. Шу амалиёт бошқа соҳаларга ҳам татбиқ қилиниши мумкин. Тўғри, бу қўшимча харажатларни талаб қилади. Аммо кутилганидан юқори натижа бериш эҳтимоли ҳам бор. Маълум бир ташкилотда кичик тажриба олиб борилса яхши бўларди.

Қонунчиликка мувофиқ, иш берувчи ташкилотлар ногиронлиги бор фуқароларга 3 фоизлик квота ажратиши белгилаб қўйилган. Ушбу талаб ҳар доим ишламайди. Шунинг учун уни ёки ишлатиш, ёки умуман олиб ташлаш лозим. Аввало, ташкилотлар 3 фоизлик квота ажратишга имконияти етадими, деган саволга жавоб бериш керак.

Оғриқли муаммо – ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган имкониятларнинг амалда ишламаслиги. «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни ўқиб чиқдим. Очиғини айтганда, ўзимни эртакка тушиб қолгандай ҳис қилдим. Қонунлар ишлаши керак. Мен олий маълумотли бўла туриб, шунча қийинчиликка дуч келаётганим вазият анча жиддий эканлигини кўрсатиб турибди.

Ҳар бир ҳудудда меҳнат биржаси бор. У ерда ногиронлиги бор фуқароларга мўлжалланган иш ўринлари ҳақида ҳам маълумот бўлиши керак. Бўш иш ўрнига мутахассис бор-у, нега унга иш берилмади, деб талаб қилиниши лозим.

«Ногиронлиги бўлган инсонлар, деганда нафақа оладиган боқимандани тушунмаслик лозим»

Жамолиддин Ёқубов (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистратурасини тамомлаган, ҳозирда ишсиз):

– Бир дўстим бандликка кўмаклашиш марказига (БКМ) мурожаат қилганида, ўша ердагилар ногиронлик нафақаси етмаяптими, деган. Биз ҳам шунақа қотиб қолган фикрда яшасак, боқиманда бўлиб қолишимиз аниқ-ку. Уларда шу нафақа билан оила тебратиш мумкин, деган тушунча бор. БКМлар унга иш таклиф қилган, лекин бу таклифни соғлом инсон ҳам рад этган бўларди. Иш жойи дўстимнинг яшаш жойидан анча узоқ бўлган. Қандай қилиб кўзи ожиз инсон у ерда фаолият олиб бориши мумкин?

Ногиронлар деганда барчанинг тушунчаси шундай: бундай тоифадагилар имконияти чекланганларга мўлжалланган мактабларда дарс бериши ёки умуман ишламай уйда ўтириб, давлат берган нафақага яшаши керак. Биз ҳақимиздаги тасаввурлар ғалати. Яна бир ҳолат: ногиронлиги бор фуқароларга оид қонунчилик ҳақида иш берувчиларда тушунча жуда оз. Қонунни билмасликлари оқибатида биз кабиларни ишга олишдан ўзларини тортишади.

Ногиронликка оид ҳуқуқий база билан кенг жамоатчиликни таништириш керак. Кўзи ожизларнинг дарс ўтиши бўйича методик қўлланма ишлаб чиқилса, бизга ҳам анча енгил бўларди. Кўплаб фанлардан брайл ёзуви бўйича дарсликлар етишмайди, ўз вақтида янгиланмайди. Натижада, эски маълумот асосида кўзи ожиз абитуриент ОТМ кириш имтиҳонларига тайёрланишга қийналади.

Ногиронлиги бор фуқароларга нисбатан ачиниш ҳисси кучли бўлади. Уларга нисбатан ибрат намунаси деб қарашни бас қилиш вақти келди. Биз ҳам бошқалар каби тенг ҳуқуқли инсон эканлигимизни унутманг. Яна бир таклифим шундан иборатки, ногиронлиги бор фуқароларимиз ишини енгил қилувчи бир қанча мобил қурилма, дастур, иловалар бор. Уларнинг ўзбекча вариантларини ҳам ишлаб чиқишларини хоҳлардим.

«Ногиронлиги бор фуқароларни ишга олган ташкилотларга БҲМнинг 50 бараваригача субсидия берилиши кутилмоқда»

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Маҳмудов:

– Вазирлик туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини ишга жойлаштириш бўйича амалий ҳаракат олиб боради. 2019 йилда ижтимоий муҳофазага муҳтож (шу жумладан, ногиронлиги бўлган) шахсларга 123 минг иш ўрни захираланган. Уларни ишга жойлаштириш бўйича фаол дастурлар ишлаб чиқилди. Биринчидан, корхона ва ташкилотлар меҳнат органлари орқали ногиронлиги бор фуқароларни ишга қабул қилишса, иш берувчи ташкилотга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг икки баравари (446 минг сўм) 12 ой давомида молиялаштириб берилади. Бунда субсидия бериш механизми жорий этилди. 

Шунингдек, иш берувчилар ногиронлиги бўлган фуқароларнинг малакасини оширишни ташкил этишса, вазирлик жамғармаси томонидан БҲМнинг 4 баравари миқдорида субсидия ажратилади. 11 минг нафар фуқаролар шу субсидиялардан фойдаланишди ва бунга давлат бюджетидан 9 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Бир неча кун олдин Соғлиқни сақлаш вазирлигидан ногиронлиги бор фуқароларнинг рўйхатини олдик. Ҳозир республика бўйича 600 мингга яқин ногиронлиги бор фуқаролар мавжуд. Шулардан қарийб 162 минг нафари меҳнатга лаёқатли. Уларга мослаштирилган иш ўринлари керак. Бу йўналишда камчилик ва хатоларимиз борлигини тан оламиз.

2020 йил Давлат дастури тўғрисидаги президент қарори лойиҳасида ногиронлиги бор фуқароларни ишга қабул қилган ташкилотларга ҳар ой БҲМнинг 50 бараваригача субсидия бериш кўзда тутилган.

«Ногиронлиги бор шахсларнинг ютуқларига «мўжиза» деб қарашни бас қилиш керак»

Дилмурод Юсупов (Буюк Британиянинг Сассекс университети Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти):

– Ногиронлиги бор инсонлар агар Ўзбекистон шароитида бир ютуққа эришсалар, бу, албатта, бир мўжиза, деб дарҳол жамият томонидан эътироф этилади. Аммо ҳозирги кунда кўплаб тўсиқлар ва ногиронлиги бўлган инсонларга бўлган муносабатга жамиятимиз кўз юмиб келмоқда. Қаранг, буткул кўзи ожиз бўлса-да, кар бўлса-да, қўл ёқи оёғи йўқ бўлса-да (!) у шундай ютуқларга эришибди, дейишади. Буюк Британияда ва бошқа ривожланган давлатларда бу ҳолат (олдиндан ўзр сўрайман) «inspiration porn» деб аталади (ўзбек тилида «илҳомлантирувчи порно»). Бу – ногиронлиги бор инсонларни фақат ногиронлик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда бошқа ишёқмас ва ногиронлиги йўқ абитуриент ва талабаларга ибрат ёки намуна сифатида кўрсатиш дегани.

Яна бир муаммони айтишим керак, деб ўйлайман: ногиронлик тўғрисидаги маълумотномада «касб ва меҳнат тавсиялари» банди бўлиб, унда «махсус яратилган шароитда» сўзлари ёзилади. Шунинг ўзи ҳам иш берувчини чўчитиб қўйиши табиий. Чунки ходимнинг хавфсизлигига у жавобгар. Ўз тинчлигини ўйлаб ҳам ногиронлиги бор шахсни ишга олмасдан рад жавобини беради.

Биз кенг жамоатчилик ва ҳукуматимиз ногиронлиги бор фуқароларга шароитлар яратиб бериш мумкинлигини исботлашимиз керак. Улар «мўжизалар» эмас, балки одатий ҳолга айланишлари керак.

Хулоса

Ногиронлиги бор инсонлар меҳнатга лаёқатсиз эмас, улар ҳам жамиятнинг фойдали бўғинига айлана олади. Уларнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш иқтисодиёт тармоқлари ривожига ҳисса қўшади. Бунинг учун эса энг аввало ижтимоий стереотипларни ёриб ўтиш зарур.

Муҳаббат Маъмирова тайёрлади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top