Ўзбекистон | 10:31 / 11.09.2025
1795
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган ёшларнинг ўқиш, яшаш ва транспорт харажати қоплаб берилади

Субсидия олиш учун 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган фуқаролар, Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлган хорижий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ариза бериши мумкин.

Фото: Getty Images

Субсидиялар қуйидаги йўналишларда берилади:

таълим харажатлари учун:

  • касб-ҳунар, дастурлаш, ахборот технологиялари курслари учун – БҲМнинг 5 бараваригача;
  • умумтаълим фанлари – БҲМнинг 3 бараваригача;
  • хорижий тиллар учун – БҲМнинг 3 бараваригача.

Бир нафар ёшга бир турдаги курс учун 12 ойдан ошмаган муддатда субсидия ажратилади;

ижарада яшаш харажатлари учун – бир кунлик миқдор БҲМнинг 10 фоизигача (41 минг 200 сўм);

транспорт харажатлари – ҳар бир километр учун БҲМнинг 0,2 фоизигача (824 сўм).

Ҳар йили 500 нафар ногиронлиги бўлган ёшгагина субсидия ажратилади. Субсидиялар ариза топшириш кетма-кетлиги бўйича берилади. 

Ёшлар қуйидаги икки йўлдан бири орқали ариза топшириши мумкин:

давлат хизматлари марказига шахсан мурожаат қилиш;
Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон шаклда ариза юбориш.

Ариза билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • паспорт ёки шахсий идентификация рақами;
  • нодавлат таълим муассасаси билан тузилган шартнома;
  • яшаш харажатлари қопланиши сўралса, ижара шартномаси ва унинг солиқ органларида рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома;
  • транспорт харажатлари учун – йўл чипталари ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар.

Ариза 15 иш кунида кўриб чиқилади. Агар барча талаблар тўлиқ бажарилган бўлса:

  • ариза берувчига СМС орқали хабарнома юборилади;
  • маҳалладаги ёшлар етакчиси таълим олиш, яшаш ва транспорт шароитларини мониторинг қилади;
  • нодавлат таълим муассасаси ҳар ойлик ҳисоб-фактурани туман (шаҳар) ёшлар ишлари бўлимига юбориб боради.

Аризада камчиликлар бўлса, ариза берувчига бу ҳақда СМС-хабарнома юборилади ва камчиликлар тузатилгандан кейин қайта мурожаат қилиш мумкин.

Субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг:

  • таълим харажатлари учун маблағ туман (шаҳар) бўлими орқали нодавлат таълим ташкилоти ҳисобварағига ўтказилади;
  • яшаш ва транспорт харажатлари учун маблағлар ариза берувчининг шахсий банк картасига юборилади.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид