Ўзбекистон | 11:51 / 16.03.2021
10754
5 дақиқада ўқилади

АКТ вазирлиги: Адлия вазирининг интернет бўйича берган маълумотлари эскирган, мобил алоқа учун интернет нархи 5 баробаргача арзонлашди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Aҳматовнинг маълум қилишича, адлия вазири Руслан Давлетовнинг Сенат ялпи мажлисида сўзлаган нутқидаги интернет хизматига оид маълумотлар 2020 йил феврал ойида шакллантирилган бўлиб, ҳозирги кундаги кўрсаткичларга мос келмайди.

Шерзод Aҳматовнинг таъкидлашича, бугунги кунда 1 гигабайт ҳажмдаги мобил интернет хизмати ўртача нархи 6-7 минг сўмни ташкил этмоқда.

“Адлия вазири 1 гигабайт мобил интернет (Ҳиндистонда 950 сўм, Исроилда 1,2 минг сўм, Қирғизистонда 2,2 минг сўм, Италияда 4,5 минг сўм, Украинада 4,9 минг сўм, Қозоғистонда 5 минг сўм) Ўзбекистонда 16 минг сўмни ташкил этишини келтириб ўтган. Мазкур маълумотлар 2020 йил 24 февралига оид. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги операторларнинг айнан қайси тариф режа ёки пакетлари ҳақида маълумот олингани кўрсатилмаган.

2021 йил март ойи ҳолати бўйича республика аҳолисининг ойлик ўртача интернет сарфи 4-5 гигабайтни ташкил этади. Айнан шу асосда амалдаги мобил интернет пакетлари нархи таҳлил қилинса, 1 гигабайт ҳажмдаги мобил интернет хизмати ўртача нархи 6-7 минг сўмни ташкил этмоқда.

2019-2021 йилларда интернет хизматлари учун тариф мавжуд техник қувватларни кескин ошириш ҳисобига оператор ва провайдерларга халқаро пакетли коммутация маркази орқали тақдим этиладиган 1 мегабит/с тезликдаги канал нархи 2 баробарга арзонлаштирилди ва ҳозирги кунда ушбу хизмат нархи 40 000 сўм деб белгиланган.

Шу билан бир қаторда, “Ўзбектелеком” томонидан 2019-2021 йилларда:

  • мобил алоқа абонентлари учун интернет пакетлари (1 мегабайт учун) нархи 5 баробаргача арзонлашди ҳамда киритилган интернет трафиги ҳажми ўртача 3-5 мартагача оширилди, бир қатор тариф режаларида тақдим этиладиган интернет трафик миқдори 30 фоизгача орттирилди;
  • симли интернет хизматлари бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган интернетга кенг полосали уланиш хизматлари тарифлари нархи ўртача 4,6 баробарга пасайтирилди ва уланиш тезлиги 6-7 баробарга оширилди. Юридик шахслар учун эса интернет хизматлари нархи 3 баробардан кўпроққа пасайтирилди, интернетга уланиш тезлиги эса 4 мартагача оширилди, барча абонентлар учун Uz-IX/Tas-IX тармоқ ресурслари орқали фойдаланилган трафик учун тўлов олинмайди, ушбу тармоқлардан юқори тезликларда фойдаланиш имконияти тақдим этилди (мисол учун: ташқи интернет тезлиги 4 мегабит/с бўлган тариф режаларда Uz-IX/Tas-IX ресурсларидан 100 мегабит/с тезликда фойдаланиш имкони тақдим этилган).

Оптик толали алоқа линияларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. 2018 йилда оптик толали тармоқларнинг умумий узунлиги 26,6 минг километрни ташкил этган бўлса, 2020 йилда эса 72 минг километргача етказилди. Жорий йил охирига қадар эса ушбу кўрсаткич 118,6 минг километргача етказилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда 1 миллионта Интернет тармоғига кенг полосали уланиш портлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 3 миллионга етказилди. 2021 йил охирига қадар портлар сони 3,9 миллионгача етказилади.

Мавжуд бўлган ишлаб чиқариш қувватларни модернизация қилиш ишлари натижасида халқаро Интернет тармоғига уланишнинг умумий ўтказувчанлик қобилияти 1 200 гигабит/с.гача етказилди. Маълумотлар узатиш тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят марказлари даражасида 2 баробар, туман марказлари даражасида эса 4 баробар ошди.

Мазкур лойиҳа бўйича ишларнинг асосий қисми якунлангани муносабати билан, 2021 йил 1 январдан транспорт каналларини ижарага бериш хизмати жорий нархи 2 баробарга арзонлаштирилди.

Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, ўз навбатида, муносиб равишда маълумотларни сақлаш қувватларни талаб этади. Шу мақсадда 2020 йилда 5 петабайтга тенг сиғимли Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази ишга туширилди. Ҳозирги кунда республика бўйича 31,7 мингдан ортиқ мобил алоқа база станциялари мавжуд.

Мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш мақсадида 2020 йилда мобил алоқа операторлари томонидан 5 мингдан ортиқ база станциялар ўрнатиш ва модернизация қилиш орқали 12 246та республика аҳоли масканларининг мобил алоқа билан қамрови даражаси 98 фоизга ва мобил Интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамрови даражаси 90 фоизга етказилди”, деди Шерзод Аҳматов ўз нутқида.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 13-ялпи мажлисида адлия вазири Русланбек Давлетов 2020 йилдаги ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишлари ҳақида ахборот берган ва унда Ўзбекистондаги интернет ҳолати ҳақида ҳам тўхталиб ўтганди.

“Интернет тезлиги бўйича 128-ўриндамиз. Бизда 100 Мб видеороликни юклаб олиш учун 10 дақиқа вақт кетяпти. Яъни, Ўзбекистонда ахборот тарқалиши ўз-ўзидан секинлашяпти. Бу дегани - биз хоҳлаётган маълумот етарли даражада одамларга етиб бормаяпти.

Ўзбекистонда аҳолининг интернет қамрови 51 фоиз ва бу жуда кам. Бутун дунё мисолида оладиган бўлсак, 51 фоиз интернет дегани XXI асрда жуда уятли ҳолат. Қозоғистонда аҳолининг интернет билан қамров даражаси 80 фоиз”, деганди адлия вазири.

Мавзуга оид