Ўзбекистон | 21:53 / 26.10.2020
16093
3 дақиқада ўқилади

Нарх қимматми ёки даромад кам? «Кун. Муносабат» рукнида яна нарх-наво муҳокамаси

Kun.uz'да «Kun. Munosabat» лойиҳаси давом этади. Доимгидек лойиҳада сайт ижодкорлари куннинг долзарб мавзуси юзасидан мулоҳазаларини билдиришди. Охирги вақтларда нарх-наво масаласи шунчалик кўп муҳим бўлиб турибдики, лойиҳанинг бу сонида ҳам айнан шу мавзуда фикрлашдик. Бошловчи Бобур Акмаловга бу гал Kun.uz'нинг узоқ йиллик журналисти Толиб Раҳматов суҳбатдош бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

«Аввало, бир нарсани тушуниш керак, бизда жуда унумдор яйловлар йўқ. Чорвадорларга қорамол учун ажратиладиган ер етарли эмас. Ўша ажратилаётган ерлар ҳам унумдор эмас, лалми. Чорва учун берилган ерлар камлиги етмагандай маҳаллий ҳокимликлар у ерларга пахта, буғдой эктиради. Қорамол учун озуқа қайсидир маънода монополлашган. Буни давлат монополияси деса ҳам бўлади.

Тўғри, бизда ҳам замонавий технологиялар ёрдамида омухта ем ишлаб чиқарадиган корхоналар бор, лекин уларнинг хомашёси Россиядан олиб келинади. Четдан келадиган нарсалар эса, табиийки, валютага боғлиқ бўлади. 1 доллар йил бошида 9 500 – 9 800 сўм атрофида эди, ҳозир деярли минг сўм қимматлашди. Тадбиркор ҳар қанақасига маҳсулоти нархини долларга «чақади», бу эса нархга таъсир қилади.

Яқинда бир омухта ем ишлаб чиқарувчи билан гаплашиб қолдим. У: «Тўғри, биз учун ҚҚС бекор қилинди, лекин Қозоғистондаги ҳамкорларимиз нархни кўтаришди, чунки уларда ҳам вазият яхши эмас», – дейди. Буларнинг барчаси нарх кўтарилишига олиб келади. Тадбиркор бундай ҳолатда раста ости савдога ўтиб кетади. Чунки у зарарга ишлашни хоҳламайди-ку?!

Қассоблар 55-59 минг сўмдан гўшт оляпти. Унинг устига солиқ, патта қўшилади, қассобнинг ёрдамчиларига маош тўлаш керак, ўзининг оиласига олиб борадиган пули бор. Бунинг ҳаммасини ҳисоблайдиган бўлсак, айтилаётган нархда сотса (60 минг сўм), ўзининг чўнтагида нима қолади? Ўзи гўшт сотиб, гўшт емаслиги керак бўлиб қолади-ку?» – дейди Толиб Раҳматов.

Журналист нархни туширишга уринишдан кўра одамларнинг харид қобилиятини ошириш, яъни даромадларини ошириш ҳақида ўйлаши кераклигини ҳам таъкилдади: «Ўзбекистондаги машиналар нархи мисолида олсак. Масалан, бизда ва бошқа мамлакатлардаги машина нархлари деярли бир хил, ҳатто бизда арзонроқ ҳам бўлиши мумкин. Айтайлик, АҚШ, Жанубий Корея ва Ўзбекистонда ўша пулни топиш муддати фарқли. Яна бир мисол, АҚШга борганда кўрдик, у ерда ҳам бир литр кунгабоқар мойи 1,5 доллар, Ўзбекистонда ҳам нарх шундай. Лекин АҚШда оддий одамлар 2,5-3 минг доллар маош олади, бизда эса ўртача маош 150-200 доллар. Ўзингиз таққослаб олаверинг. Шу сабаб биз истеъмолчининг харид қобилиятини оширишимиз керак», деди Толиб Раҳматов.

Мавзуга оид