Нархлар қандай ўзгарди?

Нархлар таҳлилига назар ташласак, 7 январь куни Тошкент шаҳридаги марказий деҳқон бозорларида 1 кг улгуржи нархи 3500-4000 сўм бўлган пиёз 16 январга келиб 40 фоизгача қимматлашган бўлса, айни кунларда сотувда 9000-10 000 сўм атрофида. Ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда эса пойтахт марказий бозорларида 1 кг пиёзнинг ўртача баҳоси 4 бараварга қимматлашган.

Бозорлардаги арзонлаштирилган расталарга захирадаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чиқарилиб, пиёзнинг чакана нархи 5000 сўм этиб белгилаб қўйилган.

Қанчалик хавотирли?

Ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилнинг 20 январидан 30 апрелига қадар тиббий меъёрлар бўйича аҳолининг пиёзга бўлган истеъмол талаби ўртача 346 минг тоннани ташкил этади.

Бунинг асосий сабаби сифатида, республикада жорий йилнинг 9 январидан 17 январигача бўлган кескин совуқ (ўртача -13 даражадан -22 даражагача) сабабли, ёқилғи-энергетика соҳасида вужудга келган муаммолар ва маҳсулотни ташиш логистикаси тизимида юзага келган узилишларни кўрсатиш мумкин.

Кескин совуқ натижасида деҳқон бозорларидаги айрим очиқ расталарда сақланган пиёз маҳсулотлари музлаб қолган (музлаш ҳарорати -5 даража) ҳамда ноқулай об-ҳаво шароити натижасида таклиф, яъни бозорга маҳсулотни олиб келиш ҳажми пасайган.

Ички истеъмол бозор нархини арзонлаштириш, аҳолининг истеъмол талабини қондириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон 2023 йилнинг 1 январидан 4 ойга пиёз экспортига вақтинча чеклов ўрнатди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, жойларда пиёз захираси мавжудлигини кўрсатмоқда. Шундай бўлишига қарамай, мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, аҳолининг истеъмол талаби доирасида мавжуд захирага қўшимча 26,5 минг тонна пиёз кераклигини кўрсатмоқда. Ушбу маҳсулотларни импорт қилиш бўйича хорижий давлатлардаги соҳавий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда.