Жаҳон | 16:16 / 11.04.2026
6216
7 дақиқада ўқилади

Исроил яна “Ҳизбуллоҳ” билан урушяпти. Мақсад нима?

АҚШ–Эрон сулҳининг рўёбга чиқишига Исроилнинг Ливанга ҳужумлари тўғаноқ бўлмоқда. Бунга жавобан Эрон Ҳўрмуз бўғозини яна чеклади. Оқ уй сулҳ шартлари “Ҳизбуллоҳ”га ҳам тааллуқли эканини рад этяпти. Хўш, Исроил бу сафар Ливанда нимага эришмоқчи?

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шу ҳақда сўз юритади.

Шавкат Икромов: Исроил аввал ҳам Ливан ҳудудига кирган ва 1985 йилда мамлакат жанубини тўлиқ эгаллаган ҳолда, 2000-йилгача бу ерда қолган. Ўшанда Исроил ўзини ғолиб деб эълон қилган эди.

Бироқ, 1985 йилдан кейин “Ҳизбуллоҳ” фаоллашиб, Исроилга жиддий талафот етказди. Натижада Исроил деярли мингга яқин аскарини йўқотиб, Ливаннинг жанубидаги ҳозирги назорат ҳудудларига чекинишга мажбур бўлган эди. Лекин жорий йилнинг 3 апрелидан бошлаб вазият кескин ўзгарди.

Исроил Ливан ҳудудига нисбатан кенг қамровли ҳужумларни бошлади: қуруқликдан кириб бориш, ҳаводан зарбалар бериш каби ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Расмий изоҳларга кўра, бу операциялар “Ҳизбуллоҳ”ни йўқ қилиш ва уни қуролсизлантириш мақсадида олиб борилмоқда.

Исроил бу ҳудудда тинч аҳолига айнан “Ҳизбуллоҳ” таҳдид солмоқда, деб ҳисоблайди. Аслида, 2024 йилда Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида катта тўқнашув юз берган, шундан сўнг Ғазодаги вазият фонида Ливан ва Исроил ҳукуматлари ўртасида келишувга эришилган эди. Ушбу келишувга кўра, Ливан ҳукумати “Ҳизбуллоҳ”ни ички имкониятлар орқали қуролсизлантириш мажбуриятини олган. Аммо Исроил фикрича, бу жараён якунига етмаган ва “Ҳизбуллоҳ” ҳануз тўлиқ қуролсизланмаган. Шу сабабли Исроил Ливаннинг ички ишларига аралашган ҳолда “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттирмоқда. Унинг асосий мақсади – “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириш.

Яқин Шарқ бўйича кузатувчилар эса бошқача фикрда. Уларнинг таъкидлашича, “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириш фақат Ливанни тўлиқ назорат остига олиш билангина амалга ошиши мумкин. Бошқа йўл билан бунга эришиш деярли имконсиз. Ҳозирнинг ўзида Ливаннинг жанубий ҳудудлари асосан “Ҳизбуллоҳ” фаолият юритадиган ҳудудлар бўлиб, Исроил уларни қисман назорат остида ушлаб турибди. Энди эса ҳаракатлар бутун Ливан бўйлаб кенгайиши эҳтимоли бор.

Шу билан бирга, 2023–2025 йиллар давомида Исроил “Ҳизбуллоҳ”ни сезиларли даражада заифлаштирди. Ташкилот ҳозир ўз тарихидаги энг оғир босқичлардан бирини бошдан кечирмоқда: етакчиларининг йўқ қилиниши ва кетма-кет зарбалар туфайли у ҳали ўз кучини тиклаб улгурмаган.

“Ҳизбуллоҳ”нинг асосий ҳомийси ҳисобланган Эронда ҳам ҳозир вазият мураккаб. Шу боис Теҳрон ташкилотни тўлиқ қўллаб-қувватлай олмаяпти. Шунга қарамай “Ҳизбуллоҳ” ҳануз фаол ва қаршилик кўрсатишда давом этмоқда.

Эрон эса ушбу урушни кенгроқ стратегия доирасида кўрмоқда. У ассиметрик уруш шароитида ҳаракат қилаётганини яхши англайди, яъни кучлар нисбати тенг эмас. Шунинг учун Теҳрон ўз прокси кучларини, жумладан “Ҳизбуллоҳ”ни фаоллаштиришга интилмоқда.

Сулҳ масаласида эса томонларнинг позицияси кескин фарқ қилади. Эрон “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳужумларни тўхтатишни, яъни Ливанга зарбаларни бекор қилишни талаб қилмоқда. Бироқ Исроил бу таклифни рад этмоқда. Унга кўра, бундай келишув бўлиши мумкин, лекин бу Исроил учун мажбурий эмас. Натижада сўнгги кунларда ҳужумлар янада кучайган.

Исроил расмийлари “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириш сиёсатини давом эттиришларини қатъий таъкидламоқда. Бироқ Исроилнинг ўзида ҳам бунга нисбатан танқидий қарашлар мавжуд. Айрим собиқ ҳарбийлар ва экспертлар 1985 йилдаги ҳолатни эслатиб, яна жанубга чекиниш ва ҳозирги позицияда қолиш энг мақбул йўл эканини айтмоқда. Уларнинг фикрича, бутун Ливанни эгаллашга уриниш давлат учун жиддий хавф туғдириши, ҳатто ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шунга қарамай, Бинямин Нетаняҳу бошчилигидаги уруш ҳукумати ҳозирча ортга чекиниш ниятида эмас ва ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришга қатъий қарор қилган.

Камолиддин Раббимов: Исроилнинг асосий стратегияси аниқ: агар унга битта ҳужум қилинса, у бунга ўн баравар, ҳатто юз баравар кучли жавоб қайтаради. Яъни Исроилга ҳужум қилишнинг нархи ниҳоятда юқори бўлиши керак, деган тамойилга таянади. Бу ёндашув орқали у рақибларини олдиндан огоҳлантиради: ҳар қандай ҳужум оғир оқибатларга олиб келади.

2023 йил 7 октябридан кейин Ғазо катта вайронагарчиликка учради, бироқ Ҳамас ғоявий ва мафкуравий ташкилот сифатида йўқолиб кетмайди. Аксинча, Ғазо аҳолиси орасида унга нисбатан қўллаб-қувватлаш кучайиши мумкин. Чунки минтақадаги жамиятлар Исроил омили мавжуд экан, бу жараённи ижобий қабул қилмайди.

Худди шундай ҳолат “Ҳизбуллоҳ” учун ҳам хос. Агар Ҳамас нисбатан ихчам тузилма бўлса, “Ҳизбуллоҳ” анча йирик куч бўлиб, деярли кичик бир давлат армиясига тенглашади. Унинг жангчилари сони 50 мингдан ошади, йиллик бюджети эса айрим йилларда 700 миллион долларгача етгани айтилади. Бу эса битта ташкилот учун ниҳоятда катта ресурс ҳисобланади ва унинг муҳим қисми Эрон томонидан таъминлаб келинган.

Агар Эрон ўзининг прокси кучларидан воз кечса, унинг минтақадаги таъсири кескин пасая бошлайди. Ҳозирги вазиятда эса Эрон стратегик жиҳатдан муҳим ҳудудларга таъсир ўтказиб турибди.

Масалан, Ҳўрмуз бўғози устидан назорат катта аҳамиятга эга. Ямандаги ҳусийлар эса Қизил денгиз орқали ўтадиган савдо йўлларига таъсир кўрсатиш имкониятига эга. Агар шу икки йўналиш: Форс кўрфази ва Қизил денгиз бир вақтнинг ўзида блокланса, глобал энергетика ва логистика тизимига жиддий зарба берилади. Чунки дунё нефтининг қарийб 20 фоизи ва газнинг 25 фоизи Форс кўрфази орқали экспорт қилинади. Бундан ташқари, Евроиттифоқ ҳамда Хитой ўртасидаги энг муҳим қисқа савдо йўли Қизил денгиздан ўтади.

Эрон ўз прокси кучларини стратегик восита сифатида кўради ва уларни тарк этиш ниятида эмас. Бу нафақат ҳарбий, балки мафкуравий ва диний асосга эга. Шу сабабли Эрон ўз прокси кучларидан воз кечмайди. Ўз навбатида, Исроил ҳам “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ йўқ қила олмаслигини яхши тушунади. Агар бу имконият мавжуд бўлганида, у аллақачон амалга оширилган бўларди.

Тўлиқ суҳбатни YouTubeʼдаги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Тайёрлаган Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид