Хориж тажрибаси, тиббий маданият ва тиббий суғурта — наманганлик халқаро нейрожарроҳ билан суҳбат
Сайдулло Шарифбоев АҚШ нейрохирурглар ассоциацияси ва Европа нейрохирурглар жамияти аъзоси ҳисобланади. У тиббиёт соҳасидаги халқаро тажриба, тиббий хизматни ривожлантиришда суғурта тизимининг ўрни, тиббий маданият, тил ўрганишга эътибор ва кўплаб масалалар ҳақида сўзлаб берди.
Сайдулло Наманган шаҳрида, шифокорлар оиласида туғилди. Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олган. 2002 йилда институтни муваффақиятли тамомлаб, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг «Шошилинч нейрохирургия» бўлимида клиник ординатурани ўтаган.
Сўнг беш йил мобайнида врач-ординатор бўлиб ишлайди. 2009 йилдан буён мазкур марказнинг Наманган филиали «Нейрохирургия бўлими»да меҳнат қилиб келмоқда.
Чет эл тажрибаси
Нейрожарроҳлик бўйича республикада ҳамда хорижий давлатларда ўтказилган бир неча халқаро тадбирлар иштирокчиси бўлмиш Сайдулло Шарифбоев Америка нейрохирурглар ассоциацияси ҳамда Европа нейрохирурглар жамияти аъзосидир.
У Япония ва бошқа мамлакатларда олган билимлари ва ўзлаштирган тажрибалари билан тўхтаб қолишни истамаган. 2018 йилнинг август-сентябрь ойларида Буюк Британиянинг Шеффилд шаҳридаги «Ҳелламшер Қироллик шифохонаси»да (Royal Hellamshare Hospital) малака ошириш курсларини ўтаган.
«Тил ўрганишга отам туртки бўлган»
Чет тилини билмасдан туриб халқаро тажрибани ўрганишнинг имкони йўқ. Қаҳрамонимиз ҳам мактаб давридан бошлаб хорижий тилларни ўрганишга астойдил бел боғлаган. Суҳбатдошимиз инглиз тилини ўрганишни бошлашида отасининг ўрни алоҳида эканини айтиб ўтди.
«90-йиллар боши эди. Шунда отам уйга инглизча китоб олиб келди ва инглиз тилини ўрганмасак бўлмас экан, деган эди», — дея эслайди у.
Тиббий маданият
Сайдулло Шарифбоев суҳбат давомида тиббий маданиятни шакллантириш ҳақида, Буюк Британиядаги фаолияти давомида гувоҳ бўлган тизим ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, беморлар онлайн тизим орқали навбат белгиланади ва белгиланган кунда шифокор олдига келишади. Шифокор ҳам ўша куни неча киши навбатда борлигини олдиндан аниқ билади.
Бундан ташқари, келадиган беморлар ҳам касалликнинг илк белгилари юзага келган пайтда шифокорга мурожаат қилиши ҳам айтиб ўтилди. Энг қизиғи, шифохонага келиб навбат талашадиган ва кутиш залларида тўполон кўтарадиганларнинг аксари айнан собиқ иттифоқ давлатларидан келган инсонлар бўлишини ҳам таъкидлади.
Унинг айтишича, ҳозирда ўзимизда ҳам секин-аста тиббий маданият, касалликнинг илк белгилари сезилганда шифокорга мурожаат қилиш шаклланиб бормоқда.
Тиббий суғурта орқали соҳани ривожлантириш
Қаҳрамонимиз бу масалага ҳам алоҳида фикр билдириб ўтди, суғурта тизими беморга сифатли хизматни кафолатлашини таъкидлади. У бу ҳолат бўйича Жанубий Кореяда кузатган ҳолатини айтиб берди.
«Бир кекса онахонни операция қиладиган бўлдик. Операция нархи эса 80 минг доллар атрофида эди. Менда савол туғилди: онахон шунча пулни қаердан олади? Шунда ҳамкасбларим суғурта тизими сабаб онахон бемалол операция қилиниши мумкинлигини айтишганда бу тизимнинг самардорлигини тушунганман», дейди Сайдулло Шарифбоев.
Қаҳрамонимиз шифокорлар ҳар томонлама илмга эга бўлиши кераклигини айтиб ўтди. Шу билан бирга, ўз касбини севиши, ўз устида доимо ишлаши кераклигини таъкидлади.
Тоҳиржон Турсунов суҳбатлашди.
Оператор ва монтаж устаси: Боймирза Халилов.