21:06 / 22.05.2023
25706

Боғча тарбиячиларининг маошлари мактаб ўқитувчилариники билан тенглаштирилади

Бундан ташқари, юқори синфларда фанлар сони 3 тага қисқариб, 11 та мажбурий ва 2 та танлов фани жорий этилади. Педагогларни сертификатлаш, директорларни эса “Директорлар кенгаши” тавсияси асосида лавозимга тайинлаш бошланади. ХТБларнинг мактаблар фаолиятини текшириш ваколати бекор қилиниб, бу ҳуқуқ янги очилган Таълим марказига ўтказилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 22 май куни мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда айтилишича, бошланғич синфларда хорижий тажриба асосида янги ўқув дастури жорий қилинади. Юқори синфларда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага камайтирилиб, дастурларнинг фанлараро ва синфлараро интеграцияси таъминланади. Бунда 11 та мажбурий ва 2 та танлов фани татбиқ этилади. Янги ўқув йилидан информатика фани 1-синфдан ўргатилади.

Ҳозирда мавзуларнинг 70 фоизи кундалик ҳаёт билан боғланмаган. Энди фанларнинг амалий машғулотлар улуши 40 фоиздан 60 фоизгача оширилади. Бунда мавзулар аниқ муаммони ҳал қилиш орқали ўргатилади, амалиёт дарслари эса лойиҳани бажариш шаклида ўтказилади.

Мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида педагогларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади. Яъни, ишга кираётган педагог 1 йил давомида ўқитувчи-стажёр сифатида фаолият юритиб, шу муддатда сертификат олиши керак бўлади.

Ўқитувчиларга малака тоифасини бериш бўйича синовлар 2 босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани бўйича билими, иккинчисида педагогик маҳорати баҳоланади. Малака сертификати олган педагогларнинг ойлик маошига 70 фоизгача миқдорида устама тўланиши мумкин.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова / Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, боғчаларга малакали тарбиячиларни жалб қилиш учун 2024 йил 1 июндан уларнинг иш ҳақи ставкалари мактаб ўқитувчилариникига тенглаштирилади.

Умумтаълим мактабларига бюджетдан ташқари маблағлардан эркин фойдаланиш ҳуқуқи берилгани уларнинг моддий аҳволини яхшилаш ҳамда ўқитувчиларга қўшимча ҳақ тўлаш имконини бермоқда. Энди бу тартибни боғча ва ихтисослашган мактаблар учун ҳам қўллаш мўлжалланмоқда.

Малакали раҳбарлар муҳитини шакллантириш мақсадида ҳудудларда энг тажрибали директорлардан иборат “Директорлар кенгаши” ташкил этилади. Мактаб директорлари лавозимга мазкур кенгаш тавсияси билан очиқ танлов асосида тайинланади.

Шунингдек, вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимларининг мактаблар фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш ваколатлари тугатилади. Хусусий мактабларни ташкил қилишда қўйилган талаблар енгиллаштирилади. Бу борада аввалроқ вазирликдан мустақил, катта ваколатларга эга Таълим маркази ташкил этилган эди.

Йиғилишда болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, хусусий секторни жалб қилган ҳолда замонавий тўгараклар очиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, тизим фаолиятини трансформация қилиш, ўқитувчиларнинг малакаси ва рағбатини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

 

Top