Ўзбекистон | 22:20 / 11.07.2018
11135
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда жамоатчилик назорати гуруҳи чорва моллари озуқаси нархини назорат қилади

«Гўшт нархи бозорларда қимматлашиб бораётганининг асосий сабабларидан бири – товар хом ашё биржаси орқали сотилаётган омухта ем, шрот ва шелуха маҳсулотлари уддабурон олиб сотар даллоллар қўлига ўтиб кетаётганлиги ҳамда бу чорва озуқалари асосий истеъмолчига етиб боргунча белгиланган нархлар (биржа савдоси орқали 1 кг шрот нархи 1123 сўм, 1 кг шелуха нархи 556 сўм сотилмоқда) га нисбатан 3 баробар қиммат сотилаётгани билан боғлиқ».

Бу фикрлар Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовга тегишли. 2018 йил 9 июль куни вилоят ҳокимлигида видеоселектор кўринишида ўтказилган фаоллар йиғилишида чиқиш қилар экан, вилоят ҳокими яна шундай деди:

«Энди бундай бўлмайди. Оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат «Жамоатчилик назорати» гуруҳлари аъзолари биржадан бу чорва озуқаларини кимлар сотиб оляпти – асосий истеъмолчи бўлган аҳоли ёки фермер хўжаликлари вакилларими ё чўнтагини қаппайтириш илинжидаги «ҳожатбарор» даллолларми – жамоатчилик назоратини олиб боради».

«Бунда бизга фуқароларимиз ҳам ёрдам беришлари керак. Чорва озуқаларининг қора бозорда анча қиммат нархларда сотилаётганлигига нисбатан муросасиз бўлишсин. Шундай ҳолатларга гувоҳ бўлишса, менинг (97) 350-18-47 рақамдаги телеграмм мессенжеримга мурожаат қилишсин. Мурожаат қилганлар шахсининг сир тутилишини кафолатлаган ҳолда, бундай ноқонуний ҳолатларга тезда барҳам бериш чораларини кўрамиз. Чунки, халқ назорати — ҳақ назорат!» — деди вилоят ҳокими.

«Ишонинг, Сурхондарёни ҳали биз оддий одамлар рози бўлиб яшайдиган вилоятга айлантирамиз. Яна бир бор айтаман, бунинг учун улар биз билан бирга ишлашлари, бизга ёрдам беришлари керак!» — деди Э.Турдимов фикри сўнгида.

Мавзуга оид