Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоийда фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи 3 минг доллар пора билан ушланди
У ушбу пулни тумандаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексининг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ҳақида ижобий хулоса бериш эвазига талаб қилган. Шунингдек, Сурхондарёда мажбурий ижро бўлими бошлиғининг ўринбосари ва давлат ижрочиси, Тошкент шаҳрида эса адвокатлар тезкор тадбирда қўлга олинди.
Фото: Видеодан кадр
Тошкент шаҳри, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида коррупция ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Навоий вилояти Қизилтепа тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган мурожаатга асосан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексининг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ҳақида ижобий хулоса бериш эвазига 3 минг доллар талаб қилган. У ушбу пул маблағини ўзининг хизмат хонасида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, мансабдорга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Сурхондарёда Жарқўрғон туман мажбурий ижро бўлими бошлиғи ўринбосари ва давлат ижрочиси тезкор тадбирда қўлга олинган. Улар бўлим иш юритувида бўлган ижро иши доирасида 1993 йилда туғилган фуқарога нисбатан хорижга чиқишга қўйилган тақиқни бекор қилиб бериш учун 600 доллар, пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликка нисбатан юритилган ижро иши доирасида хўжаликнинг ер майдонларини аукцион савдоларга чиқармаслик эвазига 10 млн сўм олган вақтида ушланган. Мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолатда эса адвокатлик бюроси адвокати ҳамда адвокатлик ҳайъати адвокатининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилган. Улар Олмазор туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят иши доирасида унга қўлланган қамоқ эҳтиёт чорасини танишлари орқали уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартириб бериш эвазига 14 минг доллар талаб қилган. Адвокатлар Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда сўралган пул маблағини олган вақтида ушланган.
Ҳозирда ушбу икки адвокатга нисбатан Жиноят кодексининг 168-модддаси 3-қисми “а,в” бандлари ва 28 орқали 211-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Аввалроқ Бухорода суд ходими, Самарқандда Агроинспекция ходими, Андижонда эса ҳоким ўринбосари тезкор тадбирда қўлга олинганди.
Мавзуга оид
08:22
Фарғона ва Наманганда ер учун пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланди
08:03 / 01.12.2025
2 минг доллар талаб қилган ҳоким ёрдамчиси ушланди
19:10 / 30.11.2025
Навоийда браконерлар экология инспекторига куч ишлатишди
11:47 / 28.11.2025