Тошкентдаги фестивалда урушга оид ҳужжатли филм намойиши тўхтатилди. Вазирлик изоҳ берди
Тошкентда россиялик режиссёр Виталий Манскийнинг Украинадаги уруш ҳақидаги «Шарқий фронт» номли ҳужжатли филми намойиши тўхтатилган. Режиссёр бу Маданият вазирлиги буйруғи билан бўлганини айтганди. Вазирлик филмни намойиш этишда бир қанча талаблар бузилганини қайд этиб, шу билан бирга уни тўхтатиш ўз ваколатига кирмаслигини билдирди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкентда бўлиб ўтаётган Artdocfest Asia фестивалида Украинадаги уруш тасвирларини ўз ичига олган «Шарқий фронт» ҳужжатли филмининг намойишини тўхтатди. Бу ҳақда 4 апрел куни филм режиссёри ва фестивал асосчиси Виталий Манский Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
Филм намойиши чоғида «139 Ҳужжатли филмлар маркази» галереясига ички ишлар органлари ходимлари етиб келишган ва Маданият вазирлиги буйруғи билан бу филм намойиши тақиқланганини айтишган.
«Ҳозиргина Тошкентда Artdocfest Asia фестивали доирасида „Шарқий фронт“ филмимиз намойиши тўхтатилди. Фестивал дастурининг кейинги барча намойишлари ҳам тақиқланди. Бу Ўзбекистон Маданият вазирлиги кўрсатмаси асосида амалга оширилди. Бу ҳолат 139 Documentary Center’нинг 4 йиллик фаолияти давомидаги биринчи воқеадир. Салом „Рус дунёси!“», – дейди у.
Ҳолат юзасидан Маданият вазирлиги расмий муносабат билдирди. Унга кўра, филмни намойиш этишда бир қанча талаблар бузилган.
«Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, республика ҳудудида маҳаллий ва хорижий филмларни намойиш этиш учун хусусий тадбиркорлар Кинематография агентлигига ариза билан мурожаат этади ҳамда агентлик томонидан ушбу мурожаат 10 иш кунида кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, филмни оммавий намойиш этишда бир қатор талаб ва шартларга қатъий риоя этилиши белгиланган. Мазкур талаб ва шартларга амал қилинмаслиги филмни оммавий намойиш этиш учун берилган рухсатнома бекор бўлишига олиб келиши кўзда тутилган», – дейилади муносабатда.
Қайд этилишича, тегишли ҳужжатларга асосан, Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ўтказиш учун ИИВдан рухсатнома олиш шарт. Аммо 2–8 апрел кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши режалаштирилган Artdocfest Asia фестивалини ўтказиш учун ташкилотчилар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда рухсатнома олишмаган.
«Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг расмий равишда огоҳлантиришларига қарамай оммавий тадбир ва филмлар намойишини ташкил этиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилишган», – дейилади изоҳда.
Вазирлик, ўз навбатида, оммавий тадбирлар, жумладан, фестиваллар ва уларда фильмлар намойишини тўхтатиш Маданият вазирлигининг ваколатига кирмаслигини билдириб ўтди.
«Artdocfest/Asia!» очилиши Тошкентда 2 апрел куни бўлиб ўтганди, филмлар намойиши дастури 8 апрелга қадар давом этиши кўзда тутилганди.
Виталий Манский ва Евгений Титаренконинг «Шарқий фронт» филми фестивалдаги Украинадаги уруш ҳақидаги ягона ҳужжатли филм эмасди. Шунингдек Светлана Лишинскаянинг «Мариупол. Реконструкция» картинаси намойиш этилиши ҳам режалаштирилган бўлган.
«Artdocfest/Asia!» ҳужжатли филмлар фестивали 2007 йилдан буён ўтказиб келинади, 2010-йиллар ўрталарига қадар фестивал ўтказиладиган асосий майдон Москва бўлган.
Аммо Россияда филмлар намойиши бир неча марта бекор қилиниши ва фестивални бузишга уринишлар туфайли асосий майдонни ўзгартиришга тўғри келган: 2018 йилдан бошлаб фестивалнинг асосий қисми, мукофотларни топшириш, жюрилар иши Ригада ўтадиган бўлган.
Виталий Манскийнинг ўзи Россиянинг Украинага босқинига очиқчасига қарши чиққан.
Мавзуга оид
21:07 / 28.11.2024
Путин Остонадаги чиқишида Зеленский офисига зарба берилиши мумкинлигига ишора қилди
18:30 / 28.11.2024
Трамп Украина бўйича махсус вакилини танлади. У урушни қандай тугатишни таклиф қилади?
17:49 / 28.11.2024
Киевдаги қарор қабул қилиш марказлари «Орешник»нинг навбатдаги нишони бўлиши мумкин — Путин
10:18 / 28.11.2024