Спорт | 18:35 / 20.01.2026
5045
4 дақиқада ўқилади

Йил якунига қадар ҳар бир туман ва шаҳардаги мактабда кураш клуби очилади

Президент Шавкат Мирзиёев 20 январ куни спорт соҳасида 2025 йилда амалга оширилган ишлар, йирик мусобақалар натижалари ҳамда 2026 йил учун мўлжалланган вазифалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Йиғилишда қайд этилганидек, аҳолининг оммавий спорт билан қамрови 15 миллионга етди, спорт билан доимий шуғулланувчиларнинг сони сўнгги йилларда қарийб 1,5 баробарга ошди. Йиғилишда жаҳон универсиадаси, Ёшлар ўйинлари, Ислом бирдамлиги мусобақаси, Ёшлар Параосиё ўйинлари, футбол ва шахматдаги ютуқлар санаб ўтилди.

Шу билан бирга, бу натижалар билан чекланиб қолмаслик, мавжуд имкониятлар ва яратилган шароитлардан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди. Айрим спорт турлари бўйича натижалар ҳали мавжуд инфратузилма ва салоҳиятга тўлиқ мос келмаётгани кўрсатиб ўтилди. Энг аввало, оммавий спорт билан шуғулланувчиларнинг сонини яқин истиқболда 17 миллион нафарга етказиш зарурлиги қайд этилди.

Халқаро спорт ўйинлари ва олимпиадалар учун муносиб захира яратиш мақсадида ташкил этилган Президент Олимпиадаси орқали очиқ ва шаффоф селекция тизимини йўлга қўйишни давом эттириш муҳим экани кўрсатиб ўтилди. Энди мусобақаларни йилига 2 марта ўтказиш ва ҳудудларда 13-14 ёш тоифасида ташкил этиш, спорт турларининг сонини босқичма-босқич 20 тага етказиш топширилди.

Таъкидланишича, янги Олимпия шаҳарчасига 17 та олимпия спорт федерацияси ва бошқа спорт ташкилотлари кўчиб ўтган. Энди ушбу мажмуалар ўзбек спортининг миллий тимсоли ва ягона кластерига айланиши лозимлиги таъкидланди.

Спорт соҳасини янада ривожлантиришда илмий ёндашувни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, юқори спорт натижаларига эришиш нафақат инфратузилма ва мусобақалар, балки спорт фанининг барча йўналишларини тизимли ривожлантириш билан бевосита боғлиқ.

Бу борада спорт фармакологияси, диетология, функционал ва жисмоний тайёргарлик, реабилитация ҳамда юкламаларни индивидуал режалаштириш бўйича замонавий ёндашувларни амалиётга кенг жорий этиш вазифалари белгиланди. Илмий-тадқиқот ишларини фаоллаштириш, спорт соҳасидаги илғор ишланмалар ва сўнгги тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, миллий ва халқаро даражада илмий анжуманлар ва конференциялар ўтказиш орқали тажриба алмашинувини кучайтириш муҳим экани таъкидланди.

Шу билан бирга, спорт соҳасини ривожлантиришга хусусий сектор ва инвесторларни кенг жалб этиш, спорт инфратузилмаси, тайёргарлик марказлари ва спорт хизматлари бозорида инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш кераклиги айтилди.

Ёшларни оммавий спортга жалб этишда спорт мактабларининг маҳаллаларгача кириб боришини таъминлаш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни мақсадли тайёрлаш тизимини мустаҳкамлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Шу йил январ ойида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган халқаро спорт тадбирлари ҳақида ахборот берилди. Хусусан, Бутунжаҳон сузиш федерацияси Ижро бюроси йиғилиши, Марказий Осиё минтақавий антидопинг агентлиги (RADOCA) йиғилиши ва халқаро форум, шунингдек, Осиё олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеясига мезбонлик қилиш режалаштирилгани қайд этилди.

Давлат раҳбари ушбу тадбирларни юксак савияда ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш бўйича топшириқ берди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон кураш спорт турлари бўйича минтақада ҳам, жаҳон миқёсида ҳам барқарор ва кучли позицияни эгалламоқда. Энди бу спортни янада оммалаштириш учун Минтақавий спорт курашлари академияси ташкил этилиши белгиланди.

Шунингдек, шу йилдан бошлаб Президент кубоги, “Ўзбекистон ботирлари” турнири, Бош прокурор кубоги, ҳарбий хизматчилар ўртасида кураш спорт мусобақалари доимий ўтказиб борилади. 2026 йилда ҳудудларда қурилаётган мактабларда миллий кураш билан бирга юнон-рум, эркин ва аёллар кураши бўйича спортчиларни тайёрлаш бошланади. Йил якунига қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида биттадан мактабда кураш спорти клуби очилади.

Давлат раҳбарига шу йил Италияда бўлиб ўтадиган XXV қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг иштироки бўйича ҳам ахборот берилди.

Президент белгиланган вазифаларни тўлиқ ва сифатли бажариш, спортни оммалаштириш ҳамда халқаро майдонда барқарор натижаларга эришишни таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид