Жамият | 17:32 / 08.08.2024
60632
3 дақиқада ўқилади

Давлат имтиҳонларида қанча абитуриент 189 ва ундан юқори балл олгани маълум қилинди

Бу йил давлат имтиҳонларида 210 нафар абитуриент максимал ва ундан юқори балл тўплаган. Энг юқори балл 217,4 бўлиб, уни асосий фанлари тарих ва чет тили бўлган “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи битирувчиси олган.

Фото: Kun.uz

8 август куни Билимларни баҳолаш агентлиги давлат имтиҳонининг илк натижалари бўйича матбуот анжумани ўтказди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, 2024/2025 ўқув йили учун ўтказилган тест синовларида 740 352 нафар абитуриент иштирок этган бўлиб, уларнинг 418 минг нафардан ортиғи ёки 56,5 фоизи 56,7 дан юқори балл тўплаб, танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган. Бу кўрсаткич 2023 йилда 53,3 фоиз эди.

Агентлик директор ўринбосари Фарҳод Мирзаевнинг маълум қилишича, абитуриентларнинг 210 нафари 189 ва ундан юқори балл тўплаган. 189 дан юқори балл тўплаган 91 нафар абитуриент “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи битирувчилари бўлган. Энг юқори балл 217,4 бўлиб, уни асосий фанлари тарих ва чет тили бўлган “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи битирувчиси қайд этган.

Маълумот учун, 2023 йилда 189 дан юқори балл тўплаганлар 119 нафар бўлган.

Шунингдек, 189 ва ундан юқори балл тўплаган 210 нафар абитуриентнинг:

  • 77 нафари имтиҳон топширган фанлар мажмуасидаги асосий фанлари тарих ва чет тили бўлган;
  • 43 нафари имтиҳон топширган фанлар мажмуасидаги асосий фанлари биология ва кимё бўлган;
  • 40 нафари имтиҳон топширган фанлар мажмуасидаги асосий фанлари она тили ва адабиёт ҳамда инглиз тили бўлган;
  • 21 нафари имтиҳон топширган фанлар мажмуасидаги асосий фанлари давлат ҳуқуқ асослари ва чет тили бўлган абитуриентлар ҳисобланади.

Бундан ташқари, Мирзаев тест синовларида иштирок этган абитуриентларнинг қанчаси миллий сертификатга эга бўлгани ҳақида ҳам маълумот берди. Унга кўра, абитуриентларнинг 43 677 нафари (2023 йилда 25 661 нафар) чет тили сертификатига эга бўлган. Уларнинг 76 нафари максимал балл тўплаган.

Умумтаълим фанларидан миллий сертификатга эга бўлган абитуриентлар эса 13 142 нафарни (2023 йилда 3 255 нафар) ташкил этиб, улардан 118 нафари максимал балл олган. Ҳам умумтаълим фанларидан миллий сертификатга, ҳам чет тили сертификатига эга бўлган абитуриентлар сони 4 259 нафар (2023 йилда 355 нафар) бўлиб, шундан 74 нафари максимал балл тўплаган.

Эслатиб ўтамиз, абитуриентлар 2024 йил 27 июлдан 10 августгача Билимларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида бештагача олий таълим муассасаси ва бакалавриат таълим йўналишларини танлашлари мумкин. Бунда уларга олдинги йиллардаги ўтиш балларини кўриб чиқиш тавсия этилган эди.

Мавзуга оид