Ўзбекистон ОТБдан яна 400 млн доллар қарз олади
300 млн доллар миқдоридаги биринчи кредит энергетика соҳасини ислоҳ қилишга, 100 млн доллар миқдоридаги иккинчи кредит молия бозорларини мустаҳкамлашга йўналтирилади.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон ҳукуматига 400 миллион доллар қарз ажратади. Ушбу маблағлар мамлакат молия бозорларини мустаҳкамлаш ва барқарор бозорга йўналтирилган энергетика секторини ривожлантириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши кўзда тутилган.
«Хусусий секторнинг фаол иштироки Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва трансформацияси учун жуда муҳим аҳамиятга эга», деди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича Бош директори Евгений Жуков.
300 млн доллар миқдоридаги биринчи кредит энергетика соҳасини ислоҳ қилиш дастурининг иккинчи кичик дастурига мўлжалланган. Бу маблағлар хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантириш ва саноатнинг молиявий барқарорлигини ошириши керак бўлган энергетика соҳаси тузилмаси, ҳуқуқий-меъёрий базаси ва бошқарувини такомиллаштириш учун бюджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Дастур углерод чиқиндиларини камайтириш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ушбу ислоҳотлар сирасига электр энергияси бозорини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси, рақобатни ривожлантириш ва шаффофликни таъминлаш учун мустақил энергетика регуляторини яратиш, марказий харид ва чакана савдо функцияларини ажратиш ва янги ташкил этилган мустақил ташкилотларга ўтказиш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ошириш, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва мамлакатнинг электр узатиш ва тарқатиш тармоғини модернизация қилиш бўйича энергетика сектори бош режаси киради.
100 млн доллар миқдоридаги иккинчи кредит «Молия бозорларини ривожлантириш дастури» иккинчи кичик дастурга қаратилган. Ушбу кредит молиявий операциялар ва хизматлар учун муҳитни яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистонда капитал ва пул бозорларини ривожлантириш бўйича талаб ва таклифни бошқариш чора-тадбирларини кўпайтиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни амалга оширишни қўллаб-қувватлайди.
Маълумот учун, ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда ташкилотга 68 та давлат аъзо ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон банкга 1995 йилда аъзо бўлган ва ўшандан бери мамлакатга 12,5 млрд доллар миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этилган.
Мавзуга оид
15:43 / 20.11.2024
ОТБ Ўзбекистоннинг иқлимга мослашиш ислоҳотлари учун 250 млн доллар ажратди
15:18 / 20.11.2024
Ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчалари бўйича мобил илова ишга туширилди
10:56 / 20.11.2024
Ўзбекистонда уч йилда 10 та йирик қуёш ва шамол станциялари ишга туширилди
16:56 / 16.11.2024