Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда кичик АЭС қурилиши Россия компанияларини 24,7 млрд долларгача буюртмалар билан таъминлайди – Лихачёв
Жиззахда қурилиши бошланган кам қувватли АЭС лойиҳаси Россия корхоналарига 2 трлн рублгача буюртмалар олиб келади, дея эълон қилди “Росатом” раҳбари Алексей Лихачёв. Бу маблағ – РФ Марказий банкининг бугунги курси бўйича 24,7 млрд долларга тенг. Бир йил олдин “Ўзатом” раҳбари Азим Аҳмадхўжаев кичик АЭСни қуриш харажати 2 млрд доллардан ошмаслигига ваъда берганди.
Котлован қазиш ишларига старт бериш маросими. 2025 йил 9 октябр
24 март куни “Ўзатом” ва “Росатом” раҳбарлари Ўзбекистонда биринчи АЭСни қуриш бўйича яна иккита ҳужжатни имзолади. Фориш туманидаги қурилиш майдончасида ядровий энергоблок учун бетон қуйиш ишлари бошланди.
Шу пайтга қадар объектнинг молиявий томонлари: лойиҳа-смета параметрлари, станцияларнинг умумий қиймати, ишлаб чиқарилган электр энергиясининг таннархи қанча бўлиши ва қандай нархда сотиб олиниши очиқланмаган.
Мавҳумлик ҳукм сураётган бир шароитда, “Ўзбекистондаги фақат кичик атом электр станцияси лойиҳаси Россия корхоналарига 2 трлн рублгача буюртмалар олиб келади”, дея эълон қилди “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв. Бу – Россия Марказий банкининг бугунги курси бўйича 24,7 млрд долларга тенг маблағ.
“Россияда ҳам хусусий, ҳам давлат иштирокидаги компаниялар орасида жуда кўп ҳамкорларимиз бор. Фақат кичик блокни қуришнинг ўзи 2 трлн рублгача буюртмалар ҳажмини беради. Бандлик нуқтайи назаридан эса бу Россиянинг ўзида тўғридан тўғри тахминан 1000 та иш ўрни яратилишини англатади.
Макроиқтисодий самарадорлик нуқтайи назаридан қаралганда, қурилиш босқичида киритилган ҳар бир рубл учун Россияга 1,5 рублгача, АЭСдан фойдаланиш босқичида эса 2 рублгача қайтишни таъминлайди”, – деди “Росатом” раҳбари ТАСС мухбирининг саволига жавобан.
Spot хабарига кўра, “Ўзатом” директори Азим Аҳмадхўжаев ҳам АЭС бўйича айрим жиҳатларни очиқлаган. Унинг айтишича, “Росатом” билан станцияни қуриш учун зарур материалларни харид қилиш бўйича келишувга эришилган. Ишларнинг жорий босқичида маҳаллийлаштириш даражаси камида 29−30 фоизни ташкил этиши кутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, Азим Аҳмадхўжаев 2025 йил март ойидаги интервюсида кам қувватли АЭСни қуриш харажати 2 млрд доллардан ошмаслигини айтганди.
Сўнгги келишувларга кўра, Фориш туманидаги танланган майдонда РИТМ-200Н реакторларига эга иккита кам қувватли энергоблок (ҳар бири 55 МВт) ҳамда ВВЭР-1000 реакторларига эга иккита анъанавий йирик энергоблок барпо этилади.
АЭС хронологияси
Ўзбекистонда атом электр станцияси қуриш ҳақидаги гап-сўзлар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу масала 2017 йилдан бери турли давраларда муҳокама қилиб келинади. Хусусан, 2018 йилнинг июл ойида Россиянинг “Росатом” компанияси билан ҳамкорликда ҳар бири 1200 мегаватт қувватга эга 2 та энергоблокдан иборат АЭС қуриш бўйича келишувга эришилгани маълум қилинди. Ўшанда станцияни 2028 йилгача фойдаланишга топшириш кўзда тутилганди.
2018 йилнинг октябр ойида АЭС учун Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл сув омбори ҳудуди танлаб олингани ҳақида хабарлар чиқди. Бир муддат ўтиб, Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Ўзбекистондаги АЭС лойиҳасининг тахминий қиймати 11 млрд долларга баҳоланаётганини маълум қилди. “Ўзатом” лойиҳа тўлиқ ишга туширилса, мамлакат энергия эҳтиёжларининг 15 фоизгача қисмини қоплашини айтганди.
2020-2023 йиллар оралиғида пандемия ва Украинадаги уруш фонида Ўзбекистонда АЭС қуриш масаласи фаол кун тартибида бўлмади. 2024 йилга келиб, бу мавзу яна музокара столига қўйилди. Жиззахдаги танланган майдонда 6 реакторли қуввати 330 мегаваттлик кам қувватли станция қуриш бўйича битим имзоланди. Кейинчалик, лойиҳа конфигурацияси яна ўзгарди: кичик станция қуввати 330 MW эмас, 110 MW бўладиган бўлди. Яъни АЭСда ҳар бири 55 MW қувват берадиган олтита эмас, иккита РИТМ-200Н реакторлари бўлади.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг ёзида катта АЭС масаласида ҳам битим имзоланди. Келишув кичик станциянинг ёнида анъанавий ўлчамдаги катта АЭСни ҳам қуришни кўзда тутади. Катта станция ҳар бири 1 GW қувватли иккита энергоблокни ўз ичига олади, энергия блоклари сонини кейинчалик тўрттага ошириш имконияти назарда тутилади.
Шу тариқа, Жиззах вилоятида Россия томонидан ҳам кам қувватли, ҳам анъанавий катта қувватли атом электр станциялари қуриладиган бўляпти. Бу – Ўзбекистонни икки хил станция лойиҳасини битта майдонга жойлаштирган дунёдаги биринчи давлатга айлантиради. Интеграциялашган АЭСлар мажмуасининг умумий қуввати 2,1 GW бўлиши кўзда тутилган.
Қарийб 525 гектарлик майдондаги қўшма станция 2035 йилга бориб йилига 15,2 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу – Ўзбекистондаги бугунги кундаги умумий истеъмолнинг қарийб 15 фоизига тенг, дея маълум қилган бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев.
Мавзуга оид
17:34 / 24.03.2026
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилди
16:56 / 24.03.2026
Жиззахда АЭС қурилишининг бетон қуйиш босқичига ўтилди
21:04 / 13.03.2026
ХАЭА вакиллари АЭС қурилиши жараёнини ўрганиш учун Ўзбекистонга келади
18:49 / 07.03.2026