Жаҳон | 13:35 / 17.06.2024
5237
3 дақиқада ўқилади

ICAN: Ядровий барқудрат давлатлар ядро қуролига 91 млрд доллар сарфлади

Бу маблағнинг ярмидан кўпи – 51,5 миллиард доллар АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили Россия ўзининг ядровий арсеналига 8,3 миллиард доллар сарфлаган.

Фото: AP

Ядровий барқудрат давлатлар сўнгги беш йил ичида ўз арсеналларини модернизация қилган ҳолда ядровий қуролга сарфланадиган харажатларни учдан бир қисмга оширди, деб хабар бермоқда Ядро қуролларини бекор қилиш бўйича халқаро кампания (ICAN) душанба куни эълон қилинган янги ҳисоботида. Ушбу тадқиқотда келтирилган рақамлар Стокҳолм халқаро тинчлик тадқиқот институти (SIPRI) томонидан илгари эълон қилинган ҳисоботда келтирилган хулосаларни тасдиқлади.

ICAN маълумотларига кўра, тўққизта ядровий барқудрат давлат - АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Франция, Британия, Исроил, Покистон ва Шимолий Корея ўтган йили ядро арсеналларига 91 миллиард доллар сарфлаган, бу маблағнинг ярмидан кўпи - 51,5 миллиард доллар АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Иккинчи ўринда катта фарқ билан Хитой (11,8 миллиард доллар) жойлашган. Учинчи ўринда Россия (8,3 миллиард). 

Биргина 2023 йилда ядро қуролига сарфланган харажатлар бутун дунё бўйлаб 10,8 миллиард долларга ошди ва бу маблағнинг асосий улуши – 80 фоиз - АҚШ ҳиссасига тўғри келди. Британияда ядро қуролига сарфланган харажатлар кетма-кет иккинчи йил (+17 фоиз) ортди ва ўтган йили 8,1 миллиард долларни ташкил этди. Франция, Ҳиндистон, Исроил, Покистон ва Шимолий Кореядаги харажатлар ICAN биринчи ҳисоботини тақдим этган 2018 йилдаги 68,2 миллиард доллардан 33 фоиздан кўпроққа ошди.

Ядро арсеналлари учун катта харажатлар 

ICAN ҳисоб-китобларига кўра, ўшандан бери ядровий барқудрат давлатлар ядро арсеналларига жами 387 миллиард доллар сарфлаган. Ташкилот раҳбари Мелисса Парк «ядро қуролига миллиардлаб долларлар сарфланаётганини, бу давлат маблағларининг йўл қўйиб бўлмайдиган исрофгарчилиги» эканини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, бу маблағ, БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастурига кўра, бутун дунё бўйлаб очарчиликни тугатиш учун етарли бўлади. 

«Ядровий қуролга сарфланган ҳар бир дақиқа учун бир миллион дарахт экиш мумкин», дея қўшимча қилди у ва ядровий қуролга сарфланган маблағлар жуда кўп эканлигини, пуллар ядровий тийиб туриш доктринасига кўра ҳеч қачон қўлланмайдиган қуролларга сарфланишини таъкидлади. «Бу сармоялар нафақат исрофгарчилик, балки ўта хавфли ҳамдир. Агар ядровий қўрқитиш позицияси ишламаса нима бўлади?» - деди Мелисса Парк.

Ядро қуролларини бекор қилиш бўйича халқаро кампания (ICAN) 2021 йилда кучга кирган Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани ишлаб чиқишдаги муҳим роли учун 2017 йилги тинчлик учун Нобел мукофоти билан тақдирланди. ICAN ҳисоботи ҳаммуаллифи Алиша Сандерс-Закре «тўққизта ядровий барқудрат давлат Армагеддонга сармоя киритиш ўрнига, дунёнинг деярли ярмини ташкил қилувчи давлатлардан ўрнак олиши ва ушбу шартномага қўшилиши, шу орқали глобал хавфсизликка ҳақиқий ҳисса қўшиши керак», деди. 

Мавзуга оид