Жаҳон | 12:23 / 18.10.2020
17856
4 дақиқада ўқилади

Бугун фақат Туркия тан оладиган Шимолий Кипрда президент сайланади. Курашда амалдаги президент ва бош вазир

Бугун, 18 октябрь куни Туркия назорат қилувчи Шимолий Кипр республикасида президент сайланади. Бундай республика борлигини фақат Туркия тан олган. Қизиғи, ёлғиз ўзи Шимолий Кипрни тан олган Туркия Кипрнинг ўзини давлат сифатида тан олмайди.

Фото: AFP

Халқаро ҳамжамият Шимолий Кипрни давлат сифатида эмас, Кипрдаги турклар манфаатини ҳимоя қилувчи томон дебгина тан олади. Бугун, якшанба куни оролнинг шимолида 200 мингга яқин сайловчи янги президентни сайлайди. Сайловчилар икки кишидан бирини танлаши керак. Биринчиси – амалдаги президент Мустафо Акинжи, иккинчиси – тан олинмаган республика бош вазири ва ҳукмрон Миллий бирлик партияси етакчиси Эрсин Татар.

Кипр 1974 йилда иккига бўлиниб кетган. Ўрта Ер денгизи ҳавзасидаги катта давлатлар доим стратегик муҳим орол ҳисобланувчи Кипрни назорат қилишга уриниб келган. Оролнинг шимолий қисми эса айнан 1974 йилда Туркия аскарлари томонидан эгалланган. 1983 йилда бу ҳудудда Шимолий Кипр Турк республикаси давлати тузилгани эълон қилинган. Бироқ бу давлатни фақат [ўз навбатида Кипрни тан олмайдиган] Туркия тан олади.

Сайловда қатнашаётган амалдаги президент Мустафо Акинжи 72 ёшда ва у мутахассислиги бўйича архитектор. У 1976 йил 28 ёшида тан олинмаган Шимолий Никосия мэри бўлган (Кипр пойтахтининг шимолий қисмида турклар яшайди). У 14 йил давомида мэр бўлиб ишлаган, 2015 йил халқаро ҳамжамият тан олмаган Шимолий Кипр президенти бўлган. Акинжи ҳудудда Туркия назорати кучайиб кетишини хоҳламайди ва Кипр ороли икки миллатни (турклар ва греклар) ҳимоя қилувчи икки миллатли ва икки зонали федератив республика сифатида бирлашишини қўллайди.

Мустафо Акинжи

Эрсин Татар эса аксинча Туркия тарафдори. 60 ёшли Татар Кипрда туғилган бўлса-да, кўп йиллар Британия ва Туркияда йирик бизнес билан шуғулланган. У Кембриж университети битирувчиси ҳисобланади. Татар Шимолий Кипрда 2009-13 йилларда молия вазири бўлиб ишлаган ва 2018 йилдан бош вазир лавозимида. Татар рақиби Акинжидан фарқли ўлароқ Туркияни қўллайди ва Кипрда иккита давлат бўлиши керак деб ҳисоблайди. Яъни, Кипр ва Шимолий Кипр. У Кипрдаги турклар доим Туркия томонида бўлишини айтади.

Эрсин Татар

Татар сайлов арафасида Туркияда Ражаб Эрдўған билан учрашиб келди. У Туркия етакчиси билан учрашувда Шимолий Кипр учун икки муҳим масалани кўтарди – ҳудуднинг сув таъминоти ва сайёҳлик учун муҳим бўлган Вароша кварталини очиш.

Сайловлар фонида Туркия Кипр соҳилларида газ топиш бўйича сейсморазведка ўтказаётгани маълум. Бундан хабардор бўлган расмий Никосия эса Европа Иттифоқида Беларусга қарши санкциялар қўлланиши бўйича муҳокамада санкцияларни Туркияга қарши ҳам қўлланилишига эриша олмади.

Кипр

Кипр ҳукумати мамлакат шимолидаги тан олинмаган республикада ўтказилажак сайловларни ноқонуний деб ҳисоблайди, бироқ оролни бирлаштириш бўйича музокараларда айнан мана шу сайлов ғолиби қатнашишини инобатга олиб натижаларни кузатиб боришга мажбур. Ўз навбатида Шимолий Кипрни давлат сифатида тан олмайдиган халқаро ҳамжамият бу сайлов ғолибини Кипрдаги турклар етакчиси сифатида тан олади.

Сайловнинг биринчи босқичида ғолиб аниқланмади, яъни ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмади. Эрсин Татар 32,35 фоиз, Мустафо Акинжи 29,24 фоиз, собиқ бош вазир Тўфон Эрҳурман 21,68 фоиз овоз олди. Ҳал қилувчи сайлов олдидан эса икки номзод қолди – президент ва бош вазир. Эрсин Татарни Шимолий Кипрни давлат сифатида тан олган ягона мамлакат – Туркия қўлласа, амалдаги президентда бошқа устунлик бор. Биринчидан, у амалдаги президент, иккинчидан, олдинги сайловда учинчи бўлган Тўфон Эрҳурман Акинжини қўллашини айтган. Яъни, катта эҳтимол энди унинг тарафдорлари ҳам Акинжига овоз беради. Бу эса катта устунлик тақдим этади.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид