Ўзбекистон | 17:42 / 28.07.2021
7436
4 дақиқада ўқилади

Фақат байрамларда хабар олиб қўйиш кифоя қилмайди – Юнусободдаги Меҳрибонлик уйидаги ҳолат учун масъуллар танқид қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Тадбирда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.

«Бугун ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларни белгилаб олишимиз зарур. Бу соҳада муаммолар борлигини ҳаммамиз билардик ва бугун тизим бўйича бу камчиликларни бартараф этиш вақти келди.

Мана, вилоят ҳокимлари жойлардаги Меҳрибонлик уйларидан туриб иштирок этишяпти. Ҳар бир ҳоким сўзга чиққанда рақамларни эмас, ўз фарзандим, набирам шундай ҳолатга тушиб қолса нима бўлади, деган саволни ўзларидан ўтказиб жавоб бериши керак.

Албатта, ҳар бир гўдак бу ёруғ дунёга келар экан, унга ҳамма ота-онаси бағрида яйраб ўссин, бахтли-саодатли бўлсин, деб тилак билдиради. Лекин, тақдир тақозоси билан уларнинг айримлари ота-она меҳридан бенасиб қолади. Бундай ҳолатда бу норасида болаларнинг асло айби йўқ эканини барчамиз яхши тушунамиз, албатта», деган давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда 13та болалар уйида 560 нафар болалар (3-4 ёшгача), 16та Меҳрибонлик уйи ва 4та Болалар шаҳарчасида 1,8 минг нафар болалар (3 ёшдан 18 ёшгача), 86та махсус интернатда 21 минг нафар болалар (7 ёшдан 18 ёшгача) ҳамда ҳомийлик, васийлик, оила патронати асосида 79 минг нафар болалар тарбияланмоқда.

«Бир ўзимизга савол берайлик, ушбу меҳрга муҳтож болалар ғамхўрликни тўлиқ ҳис қиляптими? Афсуски, йўқ. Уларнинг билимига, спортига, фанлар бўйича қизиқишларига шароит яратяпмизми? Ижобий жавоб йўқ.

Бугун Юнусободдаги 21-сон Меҳрибонлик уйига борганимда на соҳага масъул вазирлик, на ҳудуд сектор раҳбарлари бу ердаги муҳит ва шароит билан ишламагани аён бўлди. Фақат Наврўз байрамларида болалардан хабар олиб қўйиш кифоя қилмайди. Мисол учун, сўнгги 10 йилда Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларининг уй-жойга муҳтож 1 минг 188 нафар битирувчиларидан 610 нафарига ёки 51 фоизига уй-жой ажратилган.

Меҳрибонлик уйларидаги таълим-тарбия ишлари ҳам мутлақо қониқарсиз. Шунингдек, Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг атиги 1,6 минг нафари ёки 64 фоизи иш билан таъминланган. Шу каби, ўтган йили ихтисослашган мактабларни битирган 1,5 мингдан зиёд ногиронлиги бор ёшларнинг атиги 264 нафари ишга жойлаштирилган. Бу биз учун катта муаммо. Уларда эртанги кунга ишонч бўлмайди.

Очиқ айтиш керак, бугунги кунда халқ таълими тизимига қарашли Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларидаги тарбиячиларнинг 95 фоизи аёллар бўлиб, болалар уларни “она” деб чақиришади. Лекин, “ота” тарбияси-чи? Бу ердаги фарзандларимизни оилага имкон қадар яқин муҳитда тарбиялашимиз учун, албатта, ота ва она меҳрини бера оладиган тизим яратишимиз керак.

Туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари болаларни ҳомийлик, васийлик ва оила патронатига бериш ишларига умуман эътиборсиз. Шу боис, соҳада мутлақо янги тизим жорий қилинади», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид