Ўзбекистон | 21:44 / 15.12.2020
11941
2 дақиқада ўқилади

Қуръони Каримнинг Ўзбекистонга дахлдор 114та нусхасидан олинган суралар ягона китобга жамланади

Ўзбекистон тарихи ва маданиятига дахлдор, бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган 114та Қуръони Карим нусхасининг ҳар биридан биттадан сура олиниб, битта китобга жамланади.

Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бутунжаҳон жамияти «114та Қуръони Карим» лойиҳасини амалга оширади.

Бу ҳақда Тошкентда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон маданий мерос ҳафталигида маълум қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Австриянинг Mueller&Schindler нашриёти вакили Александр Вильгельм лойиҳа тафсилотлари ҳақида маълумот берди.

«Маълумки, Ислом динининг муқаддас китоби Қуръони Карим 114та сурадан иборат. Қуръоннинг Ўзбекистон маданиятига оид 114та турли нусхаларидан биттадан сура олган ҳолда, уларни битта китобга жамлаш мақсад қилинган.

Турли қўлёзмалардан олинган ҳар бир сура ўзи тегишли бўлган нусха ҳақида тасаввур ҳосил қилади», – деди Александр Вильгельм.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Лойиҳада фойдаланиладиган 114та Қуръоннинг тўлиқ рўйхати ҳали шакллантирилмаган бўлса-да, иштирокчи нусхаларнинг айримлари ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳада, хусусан, Амир Темурнинг невараси Иброҳим Султон учун Ҳиротда махсус яратилган, ҳозирда Британия кутубхонасида сақланаётган Қуръон қўлёзмаси ва Темурийлар даврига оид, ўзига хос каллиграфияга эга Қуръоннинг Балтимордаги Уолтерс галереясида сақланаётган нусхаси қатнашади.

Шунингдек, Дублиндаги Честер-Бетти кутубхонаси, Туркиядаги Топкапи саройи, Нью-Йорк Метрополитен музейи, Париждаги Миллий кутубхона, Мюнхен шаҳридаги кутубхонада сақланаётган Қуръон қўлёзмаларидан олинадиган суралар ҳам китобдан жой олиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 15 декабр куни бошланган Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги 18 декабрга қадар давом этади.

Мавзуга оид