Жаҳон | 18:40 / 06.03.2024
9368
8 дақиқада ўқилади

Очликдан ҳалок бўлаётган Ғазо болалари, кабелни чопгани айтилаётган ҳусийчилар ва Россиядан Қозоғистонга қочаётган компаниялар — кун дайжести

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фаластиндаги вазият

Исроил озиқ-овқат ва инсонпарварлик ёрдамларини киритмасдан қамалга олган Ғазода болалар оч қолмоқда, ҳаттоки очликдан ҳалок бўлишмоқда.

UNICEF’нинг ижрочи директори Кэтрин Рассел ўзининг бу борадаги баёнотида вазиятни шундай тасвирлайди:

«Ғазодан келаётган даҳшатли хабарларга кўра, камида 10 нафар бола тўйиб овқатланмаганлик ва чанқоқликдан вафот этган, кўплаб болалар эса ўлим ёқасида. Ғазо секторида икки ёшгача бўлган ҳар олтинчи бола жуда очликдан қийналмоқда. Ўта очлик ўлимга ёки ёш болаларда тиклаб бўлмас когнитив ва жисмоний ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Ғазодаги болалар учун ҳар бир дақиқа озиқ-овқат, сув ва тиббий ёрдамга хавфсиз эга бўлишда муҳим рол ўйнайди. Бу ҳуманитар ўт очишни тўхтатишни тақозо этади».

БМТ Болалар фонди маълумотларига кўра, айни дамда Ғазода 17 мингдан ортиқ болалар етим қолган. Урушнинг 150 куни давомида Исроил 13 минг 430 нафар фаластинлик ёш болаларни ўлдирган. Шунингдек, тахминларга кўра вайрон қилинган уйларнинг вайроналари остида қолиб ўлиб кетган ва бедарак йўқолган деб ҳисобланаётган минглаб фаластинликларнинг 70 фоизи ҳам болалар ва аёллардан иборат.

Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Ғазонинг қамалини ёриб ўтиши кераклигини айтган. У Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтган Ислом Ҳамкорлиги Ташкилоти ташқи ишлар вазирларининг навбатдан ташқари йиғилишида чиқиш қилиб, шундай деган:

«Ғазонинг қамали ёриб ўтилиши керак ва бу ишга зудлик билан киришиш керак. Биз барчамиз билиб турибмизки, Исроил инсонпарварлик ёрдамидан урушдаги қурол сифатида фойдаланмоқда».

ҲАМАС эса Исроил билан келишувга фақат ўз шартлари асосида эришиш мумкинлигини таъкидлаб келмоқда. ҲАМАС вакили Усома Ҳамданга кўра, асирлар алмашинуви бўйича ҳар қандай келишув ўт очиш тўлиқ тўхтатилганидан сўнг, шунингдек, Исроил барча шартларни қабул қилганидан сўнг амалга оширилади.

 

Қизил денгиздаги вазият

Қизил денгиз остидан ўтган, Европа, Африка ва Осиёни боғловчи 4 та оптик толали интернет кабелларнинг ҳусийчилар томонидан кесиб ташланган бўлиши глобал миқёсда интернет узилишига олиб келди.

Энг йирик ижтимоий тармоқ, провайдерлар ва сервислар фойдаланувчилари глобал узилишдан жабр кўришди: Facebook, Instagram, YouTube, WhatsApp, TikTok ва кўплаб мессенжерлар ишламай қолди.

Узилишнинг потенциал сабабларидан бири Қизил денгиз остидан ўтган интернет магистралини чопиб ташланган бўлиши саналган. Яманлик ҳусийчилар кабелларни узиб ташлаганликда гумонланмоқда, бироқ ҳусийчиларнинг ўзи бу борада баёнот бермаган. Узилган бўлиши гумон қилинаётган кабеллар ҳиссасига жаҳондаги интернет трафигининг 25 фоизи тўғри келади.

Ҳусийчилар навбатдаги операцияни муваффақиятли амалга оширганини иддао қилмоқда. «Ансоруллоҳ» ҳаракатининг ҳарбий вакили Яҳё Сария Қизил денгизда Американинг иккита эсминец кемасига ҳужум қилинганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳужум асносида кемаларга қарши ишлатиладиган ракеталар ва дронлардан фойданилган.

АҚШ марказий қўмондонлиги «Ансоруллоҳ» кеча Швейцариянинг контейнер ташувчи кемасига иккита ракета билан ҳужум қилганини ҳам эълон қилган.

CENTCOMʼнинг хабарига кўра, алянс кучлари ҳусийчиларнинг Қизил денгиздаги ҳарбий ва тижорат кемаларига ҳужум қилиш учун шай ҳолатга келтириб қўйилган иккита кемаларга қарши ракета тизимларини йўқ қилганини ҳам таъкидлаган.

Украинадаги вазият

Америкалик ҳарбийлар Украинага урушга жўнатилмайди. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби таъкидлаб ўтган.

«Мен Макроннинг сўзларини таҳлил қилмайман. Унинг ўз фикрини билдиришга имконияти ва ҳуқуқи бор. Мен фақат бош қўмондон президент Байден номидан гапириш ҳуқуқига эгаман. У энг аввалдан буён америкалик қўшинлар Украина ҳудудида жанг қилмаслигини аниқ тушунтириб келади», — деган Кирби.

Европа Иттифоқи давлатлари Чехиянинг блокдан ташқарида Украина учун 800 минг снаряд харид қилиш ташаббусини қўллаб-қувватламоқчи. Бу ҳақда ҳафта сўнгига қадар Франция президенти Франции Эммануэл Макрон эълон қилиши мумкин, деб ёзади Bloomberg.

Нашр манбаларига кўра, ўқ-дорилар хариди Европа Иттифоқининг фондлари ҳисобига эмас, иттифоққа аъзо давлатларнинг икки томонлама бадаллари эвазига молиялаштирилади. Чехиянинг ўзи сотиб олиш жараёнини ўз гарданига олади.

Германия, Нидерландия ва Дания, худди Франциядек Чехиянинг таклифини қўллаб-қувватлаган. Хусусан, Нидерландия бу мақсадда 100 млн евро ажратишини эълон қилган.

Украинага оид яна бир қизиқ маълумот тарқалди. Украина қуролли кучлари собиқ бош қўмондони Валерий Залужний президентлик сайловлари бугунги кунда ўтказилганда Зеленский устидан иккинчи турда ғалаба қозонарди.

СОЦИС ижтимоий сўров ташкилоти томонидан ўтказилган сўровнома якунларига кўра, Залужний биринчи турда 41 фоиз, Зеленский — 23,7 фоиз, Порошенко — 6,4 фоиз овоз тўпларди. Иккинчи турда Залужний 67,5 фоиз овоз Зеленский устидан ғалаба қозонган бўларди.

Россия бизнеси уруш даврида

Украинада уруш бошлангач, Россиядаги умумий қиймати 1,5 млрд доллардан ошувчи 40 дан ортиқ компания Қозоғистонга кўчиб ўтган. Бу ҳақда Қозоғистон миллий иқтисодиёт вазири ўринбосари Бовуржан Худайберганов айтган.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Қозоғистонга яқин орада капитализацияси 1 млрд долларлик яна 37 та компания кўчиб ўтиши мумкин. Айни пайтда ҳукумат уларни релокация қилиш устида иш олиб бормоқда.

Вазир ўринбосари компаниялар номини ошкор қилмаган ва ҳукумат уларнинг ҳар бири билан шахсан иш олиб бораётганини таъкидлаган.

Қайд этиб ўтиш керак, Россияда икки йиллик уруш даврида 180 дан ортиқ хусусий компаниялар давлат ихтиёрига олиб қўйилган.

2022 йилнинг феврали охиридан бошлаб 2023 йил сўнгига қадар судларга 40 дан ортиқ миллийлаштириш тўғрисида талаб келиб тушган ва у 200 га яқин компанияларга тааллуқли бўлган. Бу компанияларнинг йиғинди активлари 1 триллион рублдан ортиқ ёки Россия ялпи ички маҳсулотининг 0,6 фоизини ташкил этади.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишларича, давлат ҳарбий мақсадларда маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналар, шунингдек урушдан норози бўлиб чиқиб кетган бизнесменларнинг активларини давлат ҳисобига ўтказа бошлаган.

Бойкот иш бермоқда

Исроилни қўллаб-қувватлаб келаётган глобал компанияларга қарши бойкот ўз ишини бермоқда: Starbucks Яқин Шарқда ўз ишчиларини қисқартира бошлаган.

Яқин Шарқ давлатларида Starbucks компанияси ҳуқуқларини тамсил этувчи Al-Shaya Group 2000 дан ортиқ ишчиларини қисқартиришини эълон қилди. Чунки қаҳвахоналар тармоғи Ғазодаги уруш туфайли истеъмолчилар бойкотидан зарар кўрмоқда.

Якшанба куни бошланган қисқартиришлар Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада 50 мингдан ортиқ ишчига эга Al-Shaya’нинг 4 фоиз персоналини ташкил этади.

Вазиятдан хабардор манбалардан бири бойкот компания учун мураккаб савдо вазиятини ҳосил қилган.

«Сўнгги олти ойда савдодаги қийинчиликлар туфайли биз Starbucks MENA қаҳвахоналаридаги ходимларни қисқартириш борасида жуда қайғули ва жуда қийин қарорга келдик», — дейилади Al-Shaya баёнотида.

Мавзуга оид