Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Жанубий Кореянинг собиқ президенти беш йилга қамалди
Жанубий Кореяда суд жума куни, 16 январда, мамлакатнинг собиқ президенти Юн Сок Ёлни беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм 2024 йил декабр ойида унинг ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниши билан боғлиқ бир қатор айбловлар асосида чиқарилган.
Сеул марказий округ суди Юнни президент қўриқлаш хизматини ишга солиб, ҳарбий ҳолат эълон қилиниши ҳолатлари бўйича тергов доирасида суд томонидан қонуний берилган ҳибсга олиш ордерининг ижро этилишига тўсқинлик қилганликда айбдор деб топди.
Телевизор орқали жонли намойиш этилган суд мажлиси давомида суд собиқ президентни, шунингдек, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ҳарбий ҳолат жорий қилиш учун қонун талаб қиладиган мажбурий тартиб-таомилларга риоя қилмасликда ҳам айбдор деб топди.
Бу — Юнга нисбатан ҳарбий ҳолат жорий этишга омадсиз уриниши муносабати билан қўзғатилган саккизта жиноят иши бўйича чиқарилган илк суд қароридир. Раислик қилувчи судяга кўра, айбланувчи президент лавозимини суиистеъмол қилган ва қонуний суд қарорларининг ижро этилишига йўл қўймасликка уринган.
Алоҳида бир суд жараёнида Юнга ҳарбий ҳолат етарли асосларсиз эълон қилингани билан боғлиқ исён ташкил қилиш айблови қўйилиши мумкин, бу бўйича унга ҳатто ўлим жазоси таҳдид қилиши эҳтимоли бор. Юннинг ўзи эса президент ваколатлари доирасида ҳаракат қилганини ва мухолифат партиялари ҳукумат ишини тўсиб қўяётганига эътибор қаратишни кўзлаганини айтади.
Ғазо сектори: “Тинчлик кенгаши” раҳбарияти таркиби айтилди
Оқ уй сайтида жума куни, 16 январда эълон қилинган пресс-релизга кўра, Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш жараёнида муҳим рол ўйнаши керак бўлган “Тинчлик кенгаши” тузилмасининг ижрочи кенгаши таркибига, бошқалар қаторида, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, президентнинг махсус элчиси Стивен Уиткофф, Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер, Жаҳон банки раҳбари Ажай Банга, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блэр киради.
Ҳужжатда таъкидланишича, “Тинчлик кенгаши” Ғазо сектори бўйича Трампнинг 20 банддан иборат режасини амалга оширишни кафолатлаши керак: стратегик назоратни олиб бориш, халқаро ресурсларни сафарбар қилиш ва Ғазо сектори “низодан тинчлик ва тараққиётга” ўтаётган даврда ҳисобдорликни таъминлаш орқали. Бу орган раиси сифатида Доналд Трампнинг ўзи кўрсатилган.









