Ўзбекистон | 19:13 / 29.06.2022
41005
2 дақиқада ўқилади

Янги очилаётган ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳон тартиби маълум қилинди

Саволлар мактаб дарсликлари бўйича тузилади. Ўқувчининг асосан мантиқий фикрлаш қобилиятлари текширилади.

Фото: Президент таълим муассасалари агентлиги

Ал-Хоразмий номидаги мактаб директори ўринбосари Дилрабо Давидова ихтисослаштирилган мактабларга имтиҳон жараёнларига тайёргарлик ҳақида маълумот берди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Янгидан ташкил этилаётган мактабларга имтиҳонлар 2 йўналишда бўлиб ўтади. Булар аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган йўналишлар. Имтиҳон саволлари мактаб дастурлари ва дарсликларидан чиқмаган ҳолда ҳар бир синф кесимида боланинг ёшига мослаб халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилган”, – деди Давидова.

Унинг қўшимча қилишича, саволларда асосий урғу боланинг у ёки бу фандан билимини эмас, балки шу билимни қўллай олиши, мулоҳазаси ва мантиғини текширишга қаратилган.

Президент таълим муассасалари агентлиги таркибидаги мактаблар қабулига бағишланган тадбирда янги ихтисослаштирилган мактаблар квотаси ҳақида ҳам маълум қилинди.

Агентлик раҳбари Ҳилола Умаровага кўра, ҳар бир синфда 24 нафар ўқувчи ўқийди, лекин ҳар бир мактабда нечта синф бўлиши аниқ белгиланмаган. Бу – тумандаги мактабнинг квотаси ва ҳудудий жойлашувига қараб белгиланади.

Бу йил ихтисослаштирилган мактабларнинг ҳар бирига камида 336 нафар, кўпи билан 500дан ортиқ ўқувчи қабул қилиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчилар 5- ва 7-синфдан бошлаб, имтиҳон асосида қабул қилинади. Бундай мактаблардаги синфларда ўқувчилар сони 24тадан ошмайди. Болалар фақат ўз ҳудудидаги ихтисослашган мактабда ўқиши мумкин.

Мавзуга оид