Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Украина дронлари сабаб” — таҳлилчилар Россиянинг 9 май парадидаги чеклов ҳақида
Россия Мудофаа вазирлиги бу йил Қизил майдондаги 9 май парадида оғир ҳарбий техника иштирок этмаслигини тасдиқлади. Таҳлилчилар Шуҳрат Расул ва Ойбек Сирожовга кўра, охирги вақтларда Украинанинг жанговар дронларни қўллашдаги ютуқлари Москвани шунга мажбур қилган. Охирги ойларда Россия бўйлаб дрон ҳужумлари сони кескин ошгани кузатилмоқда.
Шуҳрат Расул: Мен бу қарорни ресурслар етишмовчилиги билан боғлиқ деб ўйламайман. Россияда бронетехника ишлаб чиқарувчи корхоналар икки-уч сменада ишламоқда. Парад учун 100 та БТР, 20-30 та танк, шунингдек, ўзиюрар артиллерия ва зенит тизимларини фронтдан ҳам олиб келиш имконияти мавжуд эди.
Менимча, масала бироз бошқача. 2026 йил бошидан бошлаб Украинанинг Россия ҳудудига бераётган зарбалари ҳам сифат, ҳам масофа жиҳатидан сезиларли даражада ўзгарди. Украина армияси дронлари эндиликда 2000 километрдан ортиқ масофага ҳам зарба бера олмоқда.
Агар ўтган йили нефт саноатига қилинган зарбалар сони тахминан 60 та бўлган бўлса, жорий йил биринчи чорагидаёқ 70 дан ортиқ шундай ҳужумлар қайд этилган. Яъни ўтган йилга нисбатан зарар кўлами ва зарбалар чуқурлиги ортган. Айнан шу омил парад ташкилотчиларини жиддий ўйлантирган бўлиши мумкин.
Тасаввур қилинг, жонли эфирда трансляция қилинаётган парад вақтида Кремл устида бир нечта Украина дронлари пайдо бўлиб қолса. Агар шундай вазиятда оғир ҳарбий техникага зарар етказилса ёки у йўқ қилинса, бу Россия армияси учун ҳам, давлат имижи учун ҳам глобал миқёсда жиддий салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Менимча, асосий эҳтиёт чораси айнан шу хавф билан боғлиқ.
Ойбек Сирожов: Уруш шароитида дронлар ва ракета зарбалари имкониятларининг кенгайиши ҳамда уларнинг масофаси ва аниқлиги ортгани сабабли эҳтиёт чораларини кучайтириш зарурати пайдо бўлган. Ҳатто бир неча кун олдин парад ўтказиладими ёки йўқми, деган масала ҳам кун тартибида эди. Ҳозир эса мавжуд маълумотларга кўра, парад ўтказилиши тасдиқланмоқда, бироқ оғир ҳарбий техникаларсиз ўтказилиши эҳтимоли юқори.
Умуман олганда, сўнгги 30 йил давомида бу парад мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда ва у Путин бошчилигидаги сиёсий тизимнинг муҳим мафкуравий ҳамда рамзий элементига айланган. Шу сабабли уни ўтказмаслик режим имижига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин эди. Бироқ парадни тўлиқ форматда ўтказиш ҳам, агар хавфсизлик билан боғлиқ жиддий таҳдидлар юзага келса, Россия репутациясига салбий таъсир қилиши эҳтимоли бор эди. Шу омиллар ҳисобга олиниб, ҳозирча техникаларсиз парад ўтказиш варианти танланган бўлиши мумкин.
Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
16:56
Уруш одатга айланди. Дунё оталар уйига тобутда қайтаётганига ўрганиб қолди
19:05 / 29.04.2026
“Суиқасдга уриниш” Трампнинг рейтингига қандай таъсир қилади?
15:10 / 29.04.2026
🔴 LIVE: “Геосиёсат”. Экспертларга савол беринг
14:26 / 29.04.2026