Ўзбекистон | 08:32 / 28.06.2021
2743
4 дақиқада ўқилади

Маданий мерос агентлиги нималар билан шуғулланиши аниқлаштирилди

Фото: KUN.UZ

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги фаолиятини ташкил этиш ҳамда соҳани инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Ҳужжатда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлигининг асосий вазифалари белгиланди. Агентлик моддий маданий мерос, музейлар, археология, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши соҳасида махсус ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Қуйидагилар агентлик билан келишилиши мажбурий ҳисобланади:

  • соҳага оид НҲҲлар лойиҳалари ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари жойлашган аҳоли пунктларининг бош режалари;
  • моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари.

Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг давлат реестри Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Моддий маданий мерос объектига етказилаётган зарар ҳақидаги ҳолат бўйича хабардор бўлган пайтдан бошлаб давлат назоратининг дастлабки натижалари 24 соат ичида агентлик расмий сайти орқали жамоатчиликка маълум қилиниши шарт.

Моддий маданий мерос объектлари ва музейлар соҳасидаги давлат хизматлари 2023 йил 1 январдан бошлаб электрон шаклда кўрсатилади. Бунда давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали ёки аризачининг ўзи бевосита агентликнинг тегишли тузилмасига мурожаат қилиш тартиби жорий этилади.

Агентлик масъул ходимлари ва ФҲШ асосида жалб этилган мутахассислар, экспертлар томонидан тегишли кўчмас мулк ва кўчар ашёлар шахсан экспертизадан ўтказилади.

Давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код қўйиш орқали берилади.

Моддий маданий мерос объектлари, музей, спорт мажмуалари ва бошқа намойиш объектлари рўйхати президентнинг ПФ–6199-сон фармони билан тузилган Туризм, спорт, маданий мерос, транспорт логистикаси ва хизматлар соҳаларида ДХШ ҳамда рақамлаштиришни ривожлантириш масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тасдиқланади.

Рўйхатга киритилган намойиш объектларига кириш-чиқиш жойларида 2021 йил 1 октябрга қадар электрон турникетлар ёки ташриф буюрувчиларни автоматик ҳисобга олишга мўлжалланган бошқа мосламалар «Рақамлаштириш ва автоматлаштириш маркази» ДУК томонидан ўрнатилиши ҳамда улар тегишли ягона электрон тизимга интеграция қилиниши шарт.

2022 йил 1 январдан бошлаб намойиш объектлари рўйхатига киритилган намойиш объектларида чипталар савдосини тегишли ягона электрон тизимга интеграция қилмаган ҳолда амалга ошириш НКМ ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартибини бузиш деб баҳоланади.

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • агентликнинг ташкилий тузилмаси ва марказий аппарати тузилмаси;
  • 2021-2022 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, музейлар фаолиятини ривожлантириш ва соҳани рақамлаштириш бўйича «йўл харитаси»;

қуйидагиларнинг:

  • 2021-2022 йилларда моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш, уларнинг рақамлаштирилган паспорти ва каталогини ишлаб чиқишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
  • 2021-2023 йилларда моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларини белгилаш ва рақамлаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
  • 2021-2023 йилларда давлат музейларидаги музей ашёлари ва музей коллекцияларини электрон идентификация қилиш мақсадли кўрсаткичлари.

Мавзуга оид