Ўзбекистон | 22:00 / 16.12.2017
10764
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» туман туфайли парвозлар жадвалида ўзгаришлар рўй бериши ҳақида огоҳлантирди

Фото: NTV

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси мамлакатимизнинг айрим ҳудудларига тушган қуюқ туман туфайли парвозлар жадвалига киритилиши мумкин бўлган эҳтимолли ўзгаришлар хусусида огоҳлантирди. Бу ҳақда компаниянинг расмий сайтида эълон қилинди.

«Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларидаги қуюқ туман туфайли рейсларнинг амалдаги жадвалига ўзгаришлар киритилди. Кўришнинг ёмонлашгани туфайли жадвалда кўрсатилган вақт об-ҳаво шароитлари яхшилангунга қадар ўзгартирилиши мумкин», дейилади хабарда.

15 декабрдан 16 декабрга ўтар кечаси тушган қуюқ туман туфайли учиш ва қўнишда кўришнинг ёмонлашганлиги сабабли Тошкент, Бухоро ва Андижон аэропортлари ёпиб қўйилди. Миллий авиакомпаниянинг 11 рейси захира аэродромларига йўл олди.

Айни пайтда Сочи – Тошкент йўналиши бўйича учиб келаётган HY686 ва Нукус – Тошкент йўналиши бўйича келаётган HY54 рейслари захира аэродроми — Самарқанд халқаро аэропортига йўналтирилган. Қолган бир неча рейсларнинг учиб келиши ва Истанбул, Нукус каби шаҳарларга рейсларнинг парвози ҳам кечиктирилган.

Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги аэропортлардаги рейсларнинг ҳолатини миллий авиакомпаниянинг онлайн таблоси ёки аэропортларнинг маълумотхонаси орқали билиб олиш мумкин.

«Миллий авиакомпания экипажлари об-ҳаво шароити яхшиланиши ҳамоно рейсларни амалга оширишга тайёр. Пайдо бўлган ноқулайликлар учун узр сўраймиз ва бизни тўғри тушунганингиз учун ташаккур билдирамиз», дейилади МАК хабарида.

Тайёрлаган:  UzA Shokirjonov Shuhrat

Мавзуга оид