Ўзбекистон | 22:32 / 07.05.2020
48599
3 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов Сардобадаги сув тошқини оқибатларини бартараф этиш учун 15 млн доллар ажратди

Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги сув омбори тўғони бузилиши ва сув тошқини юзага келишидан жабр кўрган аҳолига кўмак бериш учун 15 миллион доллар миқдорида хайрия маблағи ажратди.

Маълум бўлишича, бу маблағнинг 10 миллион долларлик қисми Ўзбекистон учун, 5 миллион доллари эса Қозоғистон учун тақдим этилган.

Tengrinews.kz нашри хабарига кўра, сув тошқинидан жабр кўрган Туркистон вилояти ҳокимлиги 5 миллион 202 минг доллар ажратилганини тасдиқлаган. 

«Бу маблағлар жабрланган 5202 оила бошлиқларига ўтказиб берилади», деган ҳокимиятдаги манба.

ЎзАда Алишер Усмонов шу муносабат билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактуб эълон қилинди.

«Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Болалигим ва ёшлик йилларим ўтган она юртимдаги ака-укаларим ва опа-сингилларим билан ҳозирги эпидемиологик қийинчиликларга шерик бўлар эканман, Сардоба сув омборида содир бўлган фожиа ҳақидаги хабарни, шунингдек, уни одамларимиз муносиб ва мардона қабул қилганлигини қалбимда оғриқ билан ҳис қилдим.

Муқаддас Рамазон ойида Аллоҳнинг ўзи мени Ватанимга чорлади, зеро бу кунларда биз ёрдамга муҳтож одамларга алоҳида ғамхўрлик қилишимиз ва кўмак беришимиз керак. Биз қувончли дамларда ҳам, бошга ғам-ташвиш тушганда ҳам, бир-биримизни елкама-елка туриб қўллаб-қувватлаймиз. Мен халқимизнинг тақдирига бефарқ қараб тура олмайман ва шу сабабли сув тошқинидан жабрланганлар турмушини тиклаш ва яхшилаш, талафот оқибатларини тезкорлик билан бартараф этишга ёрдам кўрсатиш учун 10 миллион доллар беряпман.

Мен халқимизнинг дуоларига қўшилиб, уларнинг бошига тушган кутилмаган синовлардан тезроқ халос қилишини Аллоҳдан сўраб қоламан», дейилади хатда.

1 май куни Сирдарёнинг Сардоба туманида рўй берган сув тошқини оқибатида атрофдаги ҳудудлардан, жумладан Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан ҳам жами 90 мингга яқин киши эвакуация қилинди.

Сув Қозоғистон жанубига кириб бориши туфайли Туркистон вилояти Мақтараал туманида 10та қишлоқни сув босди ва хавфли ҳудудлардан 30 мингдан ортиқ киши кўчирилди.

Қайд этиш керакки, Алишер Усмонов сўнгги ойларда коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистон аҳолиси учун икки марта хайрия маблағи ажратганди. Март ва апрель ойларида у жами 25 миллион доллар миқдоридаги маблағни коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасидаги Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик жамғармасига ўтказиб берганди.

Financial Times нашри маълумотига кўра, у 2019 йилда ҳам бир неча юз миллион доллар миқдоридаги маблағни Ўзбекистондаги ижтимоий ва маданий лойиҳаларга йўналтирган.

Forbes журналининг 2020 йилги маълумотига кўра, Алишер Усмоновнинг бойлиги 13,4 миллиард долларни ташкил этади. У Россияда энг бадавлат тадбиркорлар рейтингида еттинчи ўринда жойлашган.

Мавзуга оид