Ўзбекистон | 20:02 / 21.09.2025
12274
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркор танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди – Бизнес-омбудсман

Бизнес-омбудсман қурилишдаги коррупция ҳақида гапирган тадбиркор Усмонжон Абдусаматовга нисбатан босим бўлаётгани тўғрисида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Фото: YouTube

Қурилиш соҳасидаги коррупция ҳақида фикр билдирган тадбиркор Усмонжон Абдусаматовга нисбатан босим бўлаётгани тўғрисида тарқалган ҳабарлар бўйича ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман хабар берди.

«Тадбиркор билдирган танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди. Мазкур ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорга нисбатан таъқиб сифатида баҳоланади. Ҳар бир тадбиркорнинг эркин фаолият юритиши ва уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши қонун билан кафолатланган», дейилади хабарда.

Бизнес-омбудсман барча давлат органларини тадбиркорларнинг фикрларини тинглаш ва бизнес юритишга тўсқинлик қилувчи муаммоларни ҳал этиш бўйича конструктив ечимларни биргаликда излашга чақирди.

«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тадбиркорларнинг очиқ фикр билдириши ва танқидий мулоҳазалари ҳукумат ислоҳотларини янада такомиллаштиришга ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Агар тадбиркор соҳа ривожи йўлида фикр билдирса, бу ҳолат танқид ва жазога сабаб бўлмаслиги лозим. Аксинча, бундай фикрлар муаммоларни ҳал этиш учун имконият сифатида қабул қилиниши зарур», дейилади хабарда.

Аввалроқ, тадбиркор Усмонжон Абдусаматов Тошкентда қурилиш учун рухсатномалар ва кадастр ҳужжатларини олиш билан боғлиқ коррупциявий «харажатлар» ҳақида гапирганди. Шундан сўнг, Қурилиш вазирлиги унинг устидан ИИВга шикоят қилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид