Ўзбекистон | 10:00
2338
14 дақиқада ўқилади

Нақдсиз савдо талаби, метанга чеклов ва коррупцияга қарши кластер — ҳафта дайжести

Метан-шохобчаларга чеклов: бу сафар об-ҳаво айбдор эмас. Газсиз уйларга арзонроқ свет ваъдаси: бу масала ҳалиям ўрганиляпти. Уй ва автомобил савдосида янги тартиб: олди-берди нақдсиз шаклда бўлиши керак. Ўзбекистонда ҳам фуқаролар йиллик декларация топшира бошлайди: буни иккита шаҳар аҳолиси бошлаб беради. Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Метан керакми, шомгача улгуринг

Об-ҳавонинг шарофати билан, бу йил ўзбекистонликлар охирги бир неча йил ичида биринчи марта ноябр-декабр ойларини метан шохобчалардаги чекловларсиз ўтказиши мумкин эди. Афсуски, насиб қилмаган экан. Маълум бўлишича, қаттиқ совуқ бўлмаса ҳам, ўрнига бошқа муаммо пайдо бўлган ва йил 12 ой қишга тайёрланадиган энергетика тизими бу муаммога тайёр бўлмаган. Натижада 11-12 декабр кунларидан бошлаб барча ҳудудлардаги АГТКСлар кечки ва тунги вақтларда ишлолмай қолди.

Энергетика вазирлигига кўра, муаммо – қўшни давлатдаги газ тармоғида кузатилган “техник носозлик” билан боғлиқ. Россия ва Қозоғистон нашрларидаги жимликдан келиб чиқилса, гап Туркманистон ҳақида кетяпти. Пайшанба куни парламентга чақирилган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам қўшни давлат номини тилга олмай, у ердаги авария сабаб Ўзбекистонда суткасига 6 млн кубометр ҳажмдаги тақчиллик юзага келганини айтди.

“Афсуски, қўшни давлатдаги носозлик туфайли тизимда 6 млн куб газ дефицити мавжуд. Шу сабабли мавсумий истеъмолчиларни ўчирган ҳолда, биринчи ўринда аҳоли, ижтимоий ва стратегик объектлар ҳамда ИЭСларни газ билан таъминлаш мақсадида график асосида газ қуйиш шохобчаларига чекловларни эълон қилдик. Бу – ана шу бўлган технологик ҳодиса туфайли. Ҳозир уни бартараф этиш бўйича қўшнилар билан биргаликда ишлаяпмиз”, – деди у.

Йиғилишда вазият тақозоси билан газ экспортини тўхтатиб туриш масаласи кўтарилмади. Бундан ташқари, айни ҳозиргидек ҳолатларда асқотиши керак бўлган газ омборларининг муаммо ечимидаги роли ҳақида ҳам сўз боргани йўқ. Вазир ўз ҳисоботида омборларни тўлдириш режаси бажарилгани, улардан кунига 42 млн кубометргача ҳажмда газ олиш мумкинлигини айтди. Лекин бу рақам қўшни давлатдаги носозлик билан изоҳланган тақчиликка нисбатан савол уйғотади: омборлардан суткасига 42 млн кубометр газ олиш имконияти бўлса ҳам, импортдаги қисқариш суткасига 6 млн кубометрлик дефицитга олиб келганми?

Газсиз уйларга имтиёзли тариф масаласи

Газ етиб бормаган ҳудудларда яшаётганларга электр энергияси тўловидан имтиёз бериш масаласи ҳали ҳануз “кўриб чиқиляпти”. Вазир Жўрабек Мирзамаҳмудов парламентдаги чиқишида бу ҳақда гапираркан, 1,5 йилдан бери давом этаётган бу “кўриб чиқиш” қачон охирига етиши ҳақида аниқ гап айтмади.

“Имтиёзли тариф жорий қилиш бўйича ҳисоб-китоб қилдик. Қишки мавсумда [уйни] тўлиқ электр энергияда иситиш учун 2000 kWh етарли бўларкан. Шунинг бўйича ҳозир Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ишлаяпмиз. Кўп қаватли уйларга жорий қилинган 50 фоизлик имтиёзли тизимни бу ерда ҳам жорий қилишни кўзда тутяпмиз”, деди у.

Вазирнинг парламентдаги чиқишидан кейин, унинг матбуот хизмати баёнот билан чиқиб, ишлаб чиқилган таклиф тафсилотларини очиқлади. Унга кўра, газлаштирилмаган ҳудудларда яшовчиларга иситиш мавсумида ойига 2 минг kWh'гача, бошқа ойларда 1000 kWh'гача истеъмол учун 50 фоиз чегирма бериш таклиф этиляпти. Бу таклиф бошқа идоралар билан келишилгани, ҳозир тармоқлар ортиқча юкламани қабул қилишга қанчалик тайёрлиги ўрганилаётгани маълум қилинди.

Қайд этиш керак, тармоқларга юклама деганда фақат тақсимлаш тармоқлари назарда тутилмаяпти. Мирзамаҳмудов парламентдаги чиқишида юқори кучланишли тармоқлар ҳам модернизацияга муҳтожлиги, улардаги авариялар сони ошиб бораётганини айтди. “Магистрал тармоқларга узоқ муддат эътибор бермаганмиз. Худди генерацияга ўхшаб, етарли деб юрилган”, деди вазир. Унинг сўзларига кўра, яқин йилларда 220-500 kV кучланишли 5 минг км янги линиялар қуриш режа қилинган.

Уй ёки машина олиш: банк → нотариус → калит

Бир пайтлар картадаги пулни нақдлаштириш катта муаммо бўлган бўлса, энди аксинча, одам қўлидаги нақд пули билан ишини битиролмайдиган вазиятлар кўпайиб бораверади. 10 декабр куни яширин иқтисодиётни оқартириш мақсадида нақд пулсиз ҳисоб-китобларга ўтиш бўйича президент фармони имзоланди. Унга кўра, 2026 йил 1 апрелдан эътиборан алкогол ва тамаки маҳсулотлари, бензин ва дизел, метан ва пропан каби товарлар хариди учун тўловлар фақат банк картаси ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

1 апрелдан бошлаб қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловлар ҳам нақдсиз шаклга ўтиши белгиланди. Бу талаб кўчмас мулк ва ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган автомобиллар олди-сотдисига ҳам тааллуқли, яъни сотувчи ва олувчи ўртасида шартномада кўрсатилган миқдордаги пул олди-бердиси фақат банк орқали бўлиши талаб этилади. Бошқача йўл билан олди-сотди битимини нотариусдан ўтказиб бўлмайди.

Фармонда ягона QR-кодни жорий қилиш муддатлари ҳам белгиланган. Унга кўра, 1 январдан бошлаб савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги барча юридик шахслар фаолиятига ягона QR-кодларни жорий этиш бошланади ва 1 июлдан бошлаб ундан фойдаланиш мажбурий талабга айланади. Яъни юридик шахслар ўз мижозларига нафақат нақд ёки терминал орқали, балки ягона QR-код орқали ҳам тўлов қилиш имкониятини яратиши шарт бўлади. Бу қоидани бузиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Маълумот учун, ягона QR-код дегани – бу Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ҳар қанақа тўлов иловаси орқали тўлов қилиш имконини берадиган универсал QR-код демакдир. Ҳозир дўконларнинг кассаларида ҳар бир илова учун алоҳида QR-кодлар қўйилган. Ягона QR-код уларнинг ўрнини эгаллайди. Ундан мажбурий равишда фойдаланиш талаби юридик шахслар учун 1 июлдан кучга кирса, ўзини ўзи банд қилган шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун 1 январдаёқ амал қила бошлайди. Яъни уч ҳафтадан кейин новвойлардан тортиб сартарошларгача, маклерлардан тортиб майда савдогарларгача ҳаммада ягона QR-код бўлиши керак. Уларнинг QR-код орқали қилган савдосидан 1 фоиз солиқ ҳисобланади.

Фуқаролар даромади ва харажатини декларациялаш синовдан ўтказилади

Фармондаги қизиқ бандлардан яна бири – фуқароларнинг даромадларини декларациялаш ҳақида. Ҳужжатга кўра, келаси йили Навоий ва Чирчиқ шаҳарларида яшовчи аҳолидан жами йиллик даромадлари ва харажатлари тўғрисида декларация топшириш сўралади. Бунинг учун содда ва тушунарли электрон платформа ишлаб чиқилиб, фуқаронинг турли тизимларда қайд этилган даромадлари ва харажатлари платформада автоматик кўрсатилади, фуқаро ўзи истаса кўрсатилган маълумотларга ўзгартириш кирита олади. Тажриба-синов лойиҳасида декларантга нисбатан ҳеч қанақа қўшимча солиқ ҳисобланмаслиги, ҳеч қанақа санкция ҳам қўлланмаслиги белгиланган.

Бир неча йил олдин анонс қилинган декларациялашнинг бошқа бир тури эса, ҳозир кун тартибида эмас – чоршанба куни коррупцияга қарши курашиш мавзусида давлат раҳбарига қилинган тақдимотдан давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларациялаш масаласи ўрин олмаганга ўхшайди. Ҳар ҳолда, расмий пресс-релизда бу ҳақда айтилмаган.

Маълум қилинишича, йиғилишда масъуллар Коррупцияга қарши курашиш кластерини йўлга қўйиш таклифи билан чиққан. Бу кластер – Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Ҳисоб палатаси ва Давлат молиявий назорати инспекцияси, идораларнинг ички назорат бўлинмалари, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотларни ўз ичига олади ва уларнинг коррупцияга қарши курашишдаги яқин ҳамкорлигини таъминлайди.

Расмий хабарда айтилишича, президент бюджет пуллари ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳокимларнинг E-qaror тизимида ҳужжатларни асоссиз равишда яшириб қўйишига йўл қўймаслик топшириғини берган. Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун” номли кўкрак нишони ҳам таъсис этилиши кутиляпти.

Коррупцияга оид сўнгги жиноятларга ҳам қисқача тўхталиб ўтамиз. Тошкентда икки нафар солиқ инспектори 10 млн сўм пора олган пайтида ушланди. Бошқа бир ҳолатда паспорт-стол ходими “чиройли” рақамга эга ID-карта қилиб бериш ваъдаси билан минг доллар олган пайтида қўлга тушди. Фарғонада эса кадастр бош инспектори 400 доллар билан, қурилиш соҳаси мансабдори 5 минг доллар билан қўлга олинди. Ҳафтанинг энг катта суммаси Қашқадарёда қайд этилди: у ерда туманлардан бирининг газ идораси ходими 20 минг доллар билан ушланган.

Умуман олганда, Олий суд маълумотига кўра, 2025 йилнинг 11 ойида республика бўйича жами 184 киши пора олгани учун судланган. Уларнинг 114 нафари, яъни 62 фоизи озодликдан маҳрум қилинган, қолган 38 фоизига эса бошқача тарздаги жазо тайинланган.

Humans атрофида янги можаро

Ўзбекистон финтех бозорида хавфсизлик нуқсони билан боғлиқ биринчи йирик можаро авж олди. Humans иловасига уланган карталардан оммавий равишда пул ечиб олинган. Humans компанияси ва Paylov тўлов хизмати бу масалада бир-бирини айблаб баёнотлар эълон қилди. Марказий банк жиддий текширув бошланганини маълум қилиб, жабрланувчилар ҳуқуқ органларига арз қилиши кераклигини билдирди. Соҳа экспертлари бу кейс мисолида рақамли саводхонликка чақиряпти: ишлатилмаётган иловаларда карталарни уланган ҳолда қолдирмаслик керак.

Ушбу фонда, ОАВ Тошкентдаги суднинг октябр ойидаги қароридан хабар топди: унга кўра, кредитор Octobank'нинг даъвоси асосида, суд “Humans” МЧЖни банкрот деб топган ва компания фаолиятини тўхтатмаган ҳолда, ликвидация жараёнини бошлашни буюрган. Даъвога сабаб бўлган қарздорлик суммаси – 400 млрд сўмдан ошиқ.

Аввалроқ “Ўзбектелеком” (532 млрд сўм) ва Asia Alliance Bank (65 млрд сўм) ҳам йирик қарздорлик сабабли Humans'ни судга берган эди. Компания, шунингдек, бир муддат олдин Марказий банк билан ҳам низолашиб қолган, шу сабаб Сингапурдаги мулкдор Ўзбекистон устидан халқаро арбитражга даъво киритганди. Ўтган ойда эса Humans карталарида бир неча ойдан бери фойдаланувчиларнинг пуллари музлаб ётгани маълум бўлганди. Молиявий ҳисоботига қараганда, “Humans” МЧЖнинг таъсисчиси – “Humans Companies” АЖнинг 1-ярим йилликдаги қопланмаган зарари 300 млрд сўмдан ошган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

“Жалолиддин Мангуберди” номидаги поездларнинг биринчиси тез орада Ўзбекистонда бўлади. Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компанияси биринчи партияни ишлаб чиқаришни тамомлаб, уни Тошкентга юборди. Замонавий поезд 260 км/соатгача тезликда ҳаракатланиб, пойтахтдан Хивага 7 соат-у 40 дақиқада етиб боради. Бу – ҳозир қатнаётган поездлар вақтидан салкам 2 баробарга кам. “Афросиёб”дан фарқли равишда, “Жалолиддин Мангуберди” поездларида ўриндиқни айлантириш, яъни поезд кетаётган томонга қараб буриш имконияти бор. Эслатиб ўтамиз, Hyundai Rotem'га бундай электропоездлардан жами 6 та буюртма қилинган.

Ниҳоят пахтани қўлда эмас, машинада териш бўйича сезиларли амалий қадамларга ўтиляпти. Расмийларга кўра, 2026 йилда 200 млн долларга 800 та пахта териш машинаси харид қилинади. Бу ҳақда сешанба куни президент Шавкат Мирзиёевга қилинган тақдимотда маълум қилинди. Катта эҳтимол билан, гап ўтган ойдаги АҚШга ташриф вақтида John Deere компанияси билан бўлган келишувлар ҳақида кетяпти. Албатта, 800 та комбайннинг ҳаммаси бир йил ичида олиб келинишига ишониш қийин, лекин нима бўлганда ҳам, бу йўналишда ниҳоят амалий қадамларга ўтилгани қувонарли.

Ўзбекистонда Formula 1 пойгалари ўтказилиши мумкин. Бу масала президент Шавкат Мирзиёев ва бош вазир Абдулла Ариповнинг Тошкентга келган Халқаро Автомобил Федерацияси (FIA) президенти Муҳаммад бин Сулайм билан учрашувларида муҳокама қилинди. Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистонда автомобил спортининг картингдан тортиб, то Formula пойгаларигача бўлган барча йўналишларини ривожлантириш, Formula 1 босқичларини Ўзбекистонда ҳам ўтказиш, бунинг учун инфратузилма яратиш масалалари кўриб чиқиляпти. FIA раҳбарининг ташрифига сабаб – 12 декабр куни пойтахтимизда ташкилот Бош Ассамблеяси ва йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда автоспорт юлдузлари, хусусан Ferrari'нинг монаколик машҳур пилоти Шарл Леклер ҳам иштирок этди. Маълумот учун, Ўзбекистон FIA'га 2019 йилда аъзо бўлган, ташкилотнинг ўтган йилги Бош ассамблеяси Самарқандда ўтган эди.

“Чиқиндидан қарзи бор светсиз қолади” қоидаси бутун республика бўйлаб амал қила бошлади. Чиқиндиларни бошқариш агентлиги хабарига кўра, ой бошида қарздорлиги бор 231 мингта абонентга SMS юборилган, лекин 205 мингга яқин абонент огоҳлантиришга қарамай қарзини тўламаган, натижада уларнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти чеклаб қўйилган. 205 мингта абонентнинг жами қарздорлиги 18 млрд сўмни ташкил этади. Совуқ кунда светсиз қолмаслик учун энди абонентлар қарзини узишга мажбур. Эслатиб ўтамиз, тез орада аҳолидан солиқ қарзини ундиришда ҳам худди шундай механизмни қўллаш синов тариқасида Наманган вилоятида йўлга қўйилади.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Дастур бошловчиси – Бобур Акмалов
Тасвир устаси – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид