Ўзбекистон | 00:22 / 20.05.2018
210522
2 дақиқада ўқилади

«Амир Темур ҳам бундай шароитда яшамаган». Президент собиқ амалдорларни катта ўғирликларда айблади

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Улуғнор туманида Андижон вилояти фаоллари иштирокида давом этаётган видеоселектор йиғилишида собиқ Бош прокурор ҳақида мулоҳазаларини гапириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Мана, Бош прокурор (собиқ Бош прокурор Рашид Қодиров назарда тутилмоқда - таҳр.) бутун бошли жамоаси билан қамоқда ётибди. Миллион-миллион доллар топшириб ётибди. Икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман. Негаки, коррупциялаштириб юборганди, ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг доллар олган. Ҳаммасини қайтариб беряпти. Битта ноинсоф ўғли миллиардер! Ва бошқа ташкилот раҳбарлари ҳам, МХХнинг собиқ беш нафар муовини ҳам қамалиб ётибди. Ҳаммаси ўғри, қип-қизил ўғри. Қандай оғир бўлмасин, мен барибир ҳаммасини жойига қўяман. 

Ҳаммаси бориб, Болтиқбўйида уй қуриб олган. Суратларини кўрсангиз, кечирасиз, Амир Темур бобомиз шунча миллатнинг раҳбари бўлиб ҳам, ундай жойларда яшамаган. Амирликнинг шайхлари ҳам бунақа жойда яшамайди. Кимнинг пули булар - халқники. Қодиров ким ўзи? Қип-қизил ўғри одам бўлган. Шунинг учун, прокуратурада 70 фоиз одам алмашди, ҳалол одамларни қўйдим. Ким хиёнат қилса, шундай йўлдан боради. 

Ҳаммани кечираман, фақат ўғирлик қилмай, хиёнат қилмаса, у менинг дўстим бўлади. Ана шуни халқим билиши керак”, деди Президент.

Мавзуга оид