Ўзбекистон | 00:07 / 10.09.2020
18978
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда реновация дастури эълон қилинди. Вазирлик расмийси — кўзланган мақсад ва кутилаётган «снос»лар ҳақида

2021 йилдан Ўзбекистонда кўп қаватли уй-жой фондини янгилаш ишлари бошланади. Реновация дастури дея ном олган акция юзлаб кўп квартирали уйларни қамраб олади.

Бир неча кун олдин реновация дастурига оид ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди. Қарор билан, 2021-2022 йилларда эскирган кўп квартирали уйларни таъмирлаш дастури (жами 260та уй) ҳамда 2021-2023 йилларда авария ҳолатидаги кўп қаватли уйлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш дастури (193та уй) тасдиқланиши мумкин.

Биз мазкур дастур юзасидан туғилаётган саволлар билан лойиҳа муаллифи – Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига мурожаат қилиб, вазирлик бошқарма бошлиғи Лазиз Ҳамидов билан суҳбатлашдик.

Лазиз Ҳамидов

– Қарордан кўзланган асосий мақсад нима?

– Бугунги кунда республикамиз бўйича жами 37 272 та кўп квартирали уйлар мавжуд бўлиб, шундан 30 667 таси (82 фоизи) 1991 йилгача қурилган.

Биламизки, ҳар бир бино-иншоот, жисм вақт ўтгани сайин эскириши ёки емирилиши мумкин. Худди шундай, кўп квартирали уйлар ҳам йил ўтгани сайин сейсмик жиҳатдан заифлиги ошиб боради. Бу эса ўз навбатида ушбу уйларда истиқомат қилувчи фуқароларнинг ҳаётига хавф туғдиради. Биласиз, юртимиз сейсмик ҳудудда жойлашган. Дастурни ишлаб чиқишдан энг асосий мақсад – бу фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш.

– Кўп қаватли уйларни таъмирлаш ва янгилаш қайси маблағлар ҳисобига амалга оширилади?

– Қарор лойиҳасида вазифалар ким томонидан амалга оширилишини алоҳида бандлар билан кўрсатиб ўтганмиз. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида кўп хонадонли уйлар, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компаниялари бор. Давлат унитар корхонаси шаклидаги корхоналар ҳар бир ҳудудда хизмат кўрсатади.

Дастурлар доирасида бош лойиҳачи, бош пудратчилар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тендер асосида танлаб олинади. Ишлар сифатини «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари буюртмачи сифатида назорат қилиб боради.

Молиялаш манбасига келсак, булар – маҳаллий бюджет маблағлари, халқаро молия институтлари, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа молиявий манбалардир.

– Уйи бузилишга ёки таъмирлашга тушган фуқаролар қаерларга кўчирилади?

– Ҳар бир ҳудуднинг махсус комиссияси бор. Ушбу комиссия орқали манзилли ишлар амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг 911-сонли «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир чора тадбирлар тўғрисида»ги қарор билан алоҳида низом белгилаб берилган. Унга асосан, бузилишга тушган ҳар қандай турар ёки нотурар жой объектлари белгиланган тартибда мулкдорга компенсация тўлангандан сўнг бузишга рухсат этилади.

Унгача – фуқаро ўзи розилик бермаса ёки бузишгача бўлган жараёнлар охиригача етказилмаса, бу ҳолатда бино ва иншоотларни бузиш тақиқланган.

Таъмирлаш ва бузиш масаласига аниқлик киритсам. Таъмирлаш деганда оддий таъмирлаш эмас, уйнинг асосий конструкцияларини мустаҳкамлаш ҳисобига уйнинг хизмат кўрсатиш давомийлигини сақлаб қолиш кўзда тутилган. Асосий конструкцияни таъмирлаган тақдирда ҳам сақлаб қолиш имкони йўқ бўлган уйлар бузиш дастурига киритилган. Шу нуқтайи назардан, фуқароларнинг хавфсизлиги ва ижтимоий ҳимояси масаласи асосий ўрин тутади. Қарордан асосий мақсад ана шу. Бу ерда тадбиркорлар ёки давлатнинг манфаати кўзда тутилмаган.

– Таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари учун фуқаролардан маблағ талаб этилмайдими?

– Йўқ, фуқаролар харажат қилмайди.

– Қарор лойиҳасига нисбатан ижтимоий тармоқларда билдирилган салбий изоҳлар етарлича кўп. Бундан кўриш мумкинки, одамларда яна ҳокимликларнинг белгиланган тартибга амал қилмаслиги натижасида одамлар кўчада қолиб кетиши мумкин, деган хавотир йўқ эмас. Бу қанчалик асосли?

– Бу қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирганимиздан мақсад – фуқароларимизнинг фикрини ўрганиш, таклифларини билиш. Балки қарорни янада такомиллаштириш зарурдир. Бу – лойиҳа. Охирги қарор дегани эмас.

Биз киритган манзилли дастурлар – 2019 йилда аниқланган ҳолатларга асосланган. Aйрим маҳаллий ҳокимликларимиз олдинроқ ҳаракат қилиб, таъмирланадиган уйлар рўйхатига тушган уйларни таъмирлаган, бузиладиган уйларни белгиланган тартибда бузишга тушган бўлиши мумкин. Шундай ҳолатларда манзилли рўйхатга ўзгартириш киритиш мумкин.

Тўғри, маҳаллий ҳокимликларга ишончсизлик сифатида билдирилган фикрларни мен ҳам ўқидим. Айтишим лозимки, ҳар бир ҳудуднинг бош режаси бўлади, шундан келиб чиққан ҳолда таклиф киритилади. Бу дастурларнинг амалга оширилиши Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан доимий равишда назорат қилинади.

Таъмирлаш ишлари 2021–2022 йилларга мўлжалланган. Бузиш билан боғлиқ масалаларни 2021–2023 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.

– Қарор лойиҳасида 192та уй бузилиши кўрсатилган. Бу уйларнинг жойлашуви ҳақида маълумот берсангиз.

– Бузилиши лозим бўлган уйларнинг 80 фоизи чекка ҳудудларда, шаҳар марказидан олисроқ жойларга тўғри келади. Қолган қисми шаҳар ичида.

Уйларнинг қурилган йилига эътибор берсангиз ҳам, 1934 йилдан бошланиб... 1950-60 йиллардаги уйлар. Уларнинг муддати ўтиб бўлган, эксплуатациясига вақтида яхши эътибор берилмагани учун шундай ҳолга келган.

– Ўзбекистондаги кўп қаватли уйлардан 30 мингдан ортиғи мустақилликдан олдин қурилганини айтиб ўтдингиз. Шулардан 453таси реновация дастурига киритилган. 30 мингта уйдан 453таси қайси мезонлар асосида танлаб олинди?

– Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 ноябдаги 1017-Ф сонли фармойиши асосида республикамиздаги барча кўп қаватли уйлар авария аломатларини аниқлаш бўйича ялпи хатловдан ўтказилиб, визуал ўрганиш давомида авария аломатлари мавжуд бўлган 455 та кўп квартирали уйлар аниқланган. Мазкур уйлар тегишли лойиҳа ташкилотлари томонидан махсус асбоб-ускуналар ёрдамида интрументал текширилганда, уларнинг 263 тасини таъмирлаш ва 192 тасини бузиш лозимлиги тўғрисидаги хулосалар тақдим этилган.

– Тошкент шаҳри Учтепа туманида 2013 йилда қурилган 12 қаватли уй, Самарқанд шаҳрида 2013 йилда қурилган 4 қаватли уй ҳам таъмирлаш дастурига киритилибди. Шу масалада изоҳ берсангиз.

– Ўрганиш давомида қурилган йилидан қатъи назар, авария аломатлари бор уйлар инструментал ўрганиш давомида аниқланган ва таъмирлаш учун танлаб олинган.

Таъмирлаш кўзда тутилган уйларнинг фасади, томи, ертўласи ёки коммуникация тармоқларини таъмирлаш билан умуман боғлиқлик жихати йўқ. Ушбу дастурда таъмирлаш ишлари асосан уйларнинг пойдевори, таянч девор ва  конструкцияларида вужудга келган физик эскириш, емирилиш ёки бошқа ташқи таъсир натижасида юзага келган омиллар билан боғлиқ нуқсонларни бартараф қилиб, уй-жой фондидан фойдаланиш хавфсизлиги ва давомийлигини янада ошириш кўзда тутилган.

– Бузиладиган уйлар рўйхатида 1991 йилда қурилган Сергелидаги, 1982 йилда қурилган Юнусободдаги уй ҳам бор. Ахир уларнинг қурилганига ҳали 40 йил ҳам бўлмаган-ку?

– Юнусобод тумани Д.Обидова кўчасидаги 127-уй инструментал текширув натижаси бўйича таъмирлаш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган.

Аксарият уйларда 40 йил тўлмаган бўлса ҳам уйнинг эксплуатация қилиниши нотўғри олиб борилган бўлиши ёки бошқа сабабларга кўра таянч конструкцияларидаги емирилиш жараёни тезлашган бўлиши мумкин.

– Суҳбатимиз сўнгида, хулоса ўрнида ҳамюртларимизга реновация дастури ҳақида нималарни таъкидлаб ўтган бўлардингиз?

– Фуқароларимизда уйғонаётган саволлардан келиб чиқиб, бир нечта жиҳатларга эътибор қаратишларини сўраган бўлардим. Биринчидан, аҳолимизга ушбу дастур билан бузилиши кўзда тутилаётган кўп квартирали уйлар давлат ёки жамоат эхтиёжи учун олиб қўйиш мақсадида эмас, аксинча юқорида айтиб ўтилганидек, ушбу қарорнинг асосий мақсади – авария ҳолатидаги кўп квартирали уйларда яшаётган фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга яшаш учун етарли бўлган шарт-шароитларини яхшилашдир.

Иккинчидан, бузиладиган уйларнинг барчаси тегишли лойиҳалаш ташкилотлари томонидан инструментал текширувдан ўтказилган бўлиб, уларни таъмирлаш орқали фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас деб топилган ва бу борада асослантирувчи хулосалар тақдим этилган.

Учинчидан, мазкур қарор лойиҳаси – якуний версия эмас. Чунки бугунги кунда кўплаб вилоятларимизда бу борада амалий ишлар бошлаб юборилган бўлиб, ҳозирда кўплаб уйларда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Шу нуқтайи назардан, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда аҳолидан келиб тушган таклиф ва мулоҳазалар асосида қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш имкониятлари мавжуд.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.

Мавзуга оид