Ўқитувчи ва шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб этган, кўзбўямачилик қилган раҳбарлар жиноий жавобгарликка тортилади
Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжонов журналистлар учун брифинг ўтказди. Брифинг президентнинг Сирдарё вилояти фаоллари йиғилишида ижтимоий соҳа ходимларининг ободонлаштириш ишларига жалб этилаётгани, айрим жойларда кўзбўямачиликка йўл қўйилаётгани бўйича билдирган танқидий фикрларидан сўнг кўрилаётган чоралар ҳақида бўлди.
«Президент бундай ҳолатлар яна қайтарилмаслиги учун ҳуқуқий механизмлар яратиш бўйича топшириқлар берди. Топшириққа кўра, аҳолини, айниқса, Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимлари ва талабаларини ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий тақиқлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқарилади.
Ушбу қарорда жойлардаги ободонлаштириш хизматлари фаолиятини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар акс этади.
Бунда хорижий давлатларнинг бу борадаги тажрибаси инобатга олинади. Фуқароларни жамоат ишларига мажбурлаш ҳолатлари шундан кейин ҳам кузатилса, президент таъкидлаганидек, жазо қаттиқ бўлади. Жумладан, жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади.
Шавкат Мирзиёев Бош прокуратура олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйди. Самарқандлик ўқитувчи Диана Еникееванинг бевақт ўлимига сабабчи бўлган мансабдор шахсларни юридик жавобгарликка тортиш бўйича топшириқлар берди.
Ҳозирда бу ҳодиса бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Президент ўз нутқида жойлардаги кўзбўямачилик ҳолатларидан ҳам қаттиқ норозилик билдирди. Хўжакўрсинга қилинган ишлар юзасидан прокурорлик текшируви ўтказиш бўйича кўрсатма берди.
Жумладан, Қашқадарёда йўл ёқаларида ясалган сохта иссиқхоналар, Жиззахдаги тиббиёт муассасида эски ускуналар ўрнатилгани, мижозларни онлайн рўйхатга олиш дастури яроқсизлиги ҳолатлари текширилади.
Президент яна шундай кўзбўямачилик ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида доимий ва қатъий назорат ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Кўзбўямачиликка уринган ёки бунинг олдини олмаган раҳбарлар қаттиқ жазоланади.
Вилоятларга ташрифлар [Президентнинг] чоғида кўрсатилган, жумладан, банк раҳбарлари томонидан тақдим этилган лойиҳаларни чуқур ва таҳлилий инвентаризациядан ўтказиш, камчиликлар аниқлангудек бўлса, кескин чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбари берган топшириқлар ижроси, айбдорларнинг жазолангани ҳақида ОАВда, жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги медиамарказ томонидан хабарлар бериб борилади», дея сўзларини якунлади Комил Алламжонов.
Мавзуга оид
11:41 / 11.11.2024
Рамзан Қодиров Алламжоновга уюштирилган суиқасд юзасидан муносабат билдирди
23:45 / 08.11.2024
“Агар журналист ҳақ бўлса, биз уни тан олишимиз керак” – президент
16:18 / 28.10.2024
Комил Алламжонов автомобилига ўқ узишда гумонланиб яна уч киши ушланди
23:51 / 27.10.2024