Ўзбекистон | 07:50 / 26.10.2024
5824
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 5,1 млн сўмдан ошди

Ўзбекистонда ўртача номинал иш ҳақи 5,1 миллион сўмдан ошди. Ўсиш суръати 18,5 фоиздан 16,4 фоизгача секинлашди. 

Январ-сентябр ойларида Ўзбекистонда инфляцияни ҳисобга олмаганда ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақи йиллик кўрсаткичда (2023 йилнинг январь-сентябрига нисбатан) 16,4 фоизга — 4,42 миллион сўмдан 5,15 миллион сўмга ўсди.

Статистика агентлигига кўра, номинал ҳисобланган иш ҳақи юридик шахсларнинг (қишлоқ хўжалиги корхоналари ва кичик бизнес субъектлари бундан мустасно) маълумотлари асосида ҳисобланади. Ўртача иш ҳақини аниқлаш учун меҳнат дафтарчалари бўлган ишчиларнинг даромадлари, шунингдек, шахсий даромад солиғи ва касаба уюшма жамғармасига бадаллар тўланган ҳолда уларга бериладиган нафақалар, иш ҳақи, рағбатлантириш ва компенсация тўловлари ҳисобга олинади.

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача номинал иш ҳақи Тошкент шаҳрида сақланиб қолди, у йиллик кўрсаткичда 20,1 фоизга (2023 йил январ-сентябридаги 20,2 фоизга нисбатан) — 7,19 миллион сўмдан 8,68 миллион сўмгача ўсди.

Кейинги ўринларда Навоий вилояти — 5,7 миллиондан 6,6 миллион сўмга, Тошкент вилояти — 4,4 миллиондан 4,95 миллион сўмга, Андижон — 3,85 миллиондан 4,46 миллион сўмга ва Бухоро вилояти — 3,78 миллиондан 4,2 миллион сўмгача.

Фаолият турлари бўйича энг юқори ўртача иш ҳақи банк, молия ва суғурта соҳаларида сақланиб қолмоқда, ўсиш суръати пасайган бўлса-да (30,2 фоиздан 13,1 фоизга) улар бир йил давомида 12,8 миллион сўмдан 14,49 миллион сўмгача ўсди. 

Энг паст ўртача ойлик иш ҳақи ҳамон соғлиқни сақлаш соҳасида — 2,92 миллион сўмдан 3,3 миллион сўмгача (ўтган йилги 16,4 фоизга нисбатан 12,9 фоизга ўсиш) ва таълим соҳасида — 3,05 миллион сўмдан 3,48 миллион сўмгача (17 фоизга нисбатан +14,3 фоиз) сақланиб қолмоқда. 

Мавзуга оид