Ўзбекистон | 09:10 / 14.10.2024
8470
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар учун хорижда 154 мингдан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд 

Германия, Жанубий Корея, Туркия, Литва, Буюк Британия, Полша, Латвия, Япония, Руминия каби давлатларда тиббиёт, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, юк автомобиль ҳайдовчиси, пайвандлаш, электрик, IT каби соҳалар бўйича 154 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари аниқланган. 

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норовга кўра, Германиянинг 25 та иш берувчи ташкилоти билан 60 мингга яқин фуқарони тиббиёт, ҳайдовчилик, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларига тўғридан тўғри ва Ausbildung (дуал таълим) асосида ишга жалб қилиш бўйича келишувга эришилган. Уларга ўртача 2100 АҚШ доллари иш ҳақи таклиф қилинмоқда.

Британияда тиббиёт йўналишида 10 минг ва мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига 3 минг иш ўрнига талабнома олинган. Иш ҳақи 2500 АҚШ доллари.

Литва, Латвия, Польша, Болгария ва Европанинг бошқа давлатларига 26 мингдан ортиқ фуқарони юк автомобили ҳайдовчиси, ишлаб чиқариш, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ишга юбориш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Уларга ўртача 1400 АҚШ доллари иш ҳақи таклиф қилинмоқда.

Бу йил илк маротаба Жанубий Кореяга ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, кемасозлик, тоғ-кончилик ва ўрмончилик соҳасига 13 700 иш ўринига квота олинди. Ойлик иш ҳақи ўртача 2000 АҚШ доллари. Бу 2022 йилга нисбатан 6 баравар, 2023 йилга нисбатан 1,5 бараварга кўп.

Ортиқхўжа Норовнинг билдиришича, ушбу бўш иш ўринлари бўйича хорижий тилларни биладиган ҳамда малакага эга номзодлар ўзлари тўғридан-тўғри ёки маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари орқали мурожаат қилиши мумкин.

Мавзуга оид