Иқтисодиёт | 08:45 / 24.12.2024
2740
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси салкам 60 млрд долларга етди

2024 йил январ-ноябр ойларида республиканинг ташқи савдо айланмаси 59,4 млрд АҚШ долларига етди ва 2023 йилнинг январ-ноябр ойларига нисбатан 2,1 млрд АҚШ долларига ёки 3,6 фоизга кўпайди. 

Фото: Kun.uz

Статистика агентлиги маълум қилишича, ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 24 223,0 млн АҚШ долларига (2023 йилнинг январ-ноябр ойларига нисбатан 4,4 фоизга кўпайди) ва импорт ҳажми 35 145,8 млн АҚШ долларига (3,0 фоизга кўпайди) етди. Ҳисобот даврида – 10 922,8 млн АҚШ доллари қийматида манфий ташқи савдо баланси қайд этилди.

Ўзбекистон жаҳоннинг 195 мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси ХХРда (19,0 фоиз), Россияда (18,0 фоиз), Қозоғистонда (6,5 фоиз), Туркияда (4,4 фоиз) ва Корея Республикасида (3,0 фоиз) қайд этилган.

2024 йил январ-ноябр ойида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 35,4 фоизни ташкил этиб, ташқи савдо айланмасидаги улуши 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 3,0 фоизга кўпайди.

2024 йил январ-ноябр ойларида ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия, ХХР, Қозоғистон, Туркия, Афғонистон, Франция ва Тожикистон каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 40,5 фоизни ташкил этди.

Мавзуга оид