16:01 / 21.10.2021
16893

Марғилондаги қадимий Хўжа Порсо жоме масжиди нега бузиб ташланди?

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган қадимий Хўжа Порсо жоме масжиди бузиб ташланди. Kun.uz мухбири Марғилонда бўлиб, баҳсли ҳолат юзасидан маҳалла фуқаролари ва расмийлар билан суҳбатлашди.

Аввало таъкидлаш керак, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда айримлар тарихий ёдгорлик бузиб юборилганини кескин қоралаган бўлса, яна кимлардир масжид яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, унинг ўрнида замонавий масжид қурилиши тўғри эканини айтиб фикр билдирди.

Хўжа Порсо масжиди /Фото: Элмира Тухватуллина
Хўжа Порсо масжиди /Фото: Элмира Тухватуллина

Қадимий масжид нега бузилди?

Марғилон шаҳри “Хўжа Порсо” МФЙ Бахтиёрлик кўчаси 100-уйда жойлашган Хўжа Порсо номли масжид 1868 йилда қурилган.

Вазиятни ўрганиш учун борганимизда масжид аллақачон бузилиб, унинг ўрнида янги замонавий масжид қад ростлаётган эди. Бузиб ташланган қадимий масжиддан чиққан ёғоч шифтлар бир томонга тахланиб, ёмғир тушмаслиги учун устига целлофан ўраб қўйилган.

Фото: Kun.uz / Сарвар Зияев

Қадимий Хўжа Порсо масжидининг нима сабабдан бузиб ташлангани ҳақида маҳалла аҳлининг фикрлари билан қизиқдик. Шу маҳаллада яшовчи Ғуломжон Мадумаров масжид ҳақида билганларини сўзлаб берди.

“Мустабид советлар давлати даврида исломга, динимизга қарши кураш олиб борилган эди. Ўзбекистон ҳудудидаги минглаб масжидлар қатори Марғилон шаҳридаги масжидлар ҳам вайрон қилинди, бузиб ташланди. Айрим масжидлар баъзи бир сабабларга кўра сақланиб қолган.

Сақлаб қолинишга сабаб шу бўлганки, масжидларни омборхонага айлантиришган, кимлардир яшайдиган жой қилишган. Қайсидир ташкилотларни олиб келиб қўйишган.

Ғуломжон Мадумaров
Фото: Kun.uz / Сарвар Зияев

Биз турган жой қадимда Хожи Исақбой масжиди деб номланган. Масжид бундан тахминан 150 йил аввал қурилган. Нима учун масжид Хожи Исоқбой номи билан аталгани ҳақида тарихий манба йўқ.

Мана шу маҳалла фуқаросиман. 74 ёшга кирдим. Масжидда 10-ўрта мактабнинг филиали бўлган. Бу ерда бошланғич синфлар ўқиган. Мен бу масжид ўрнидаги мактабда 1-синфдан 3-синфгача таҳсил олганман. Ёнғинга қарши кўнгиллилар жамияти (ДПО) ҳам шу ерда жойлашган эди.

Фото: Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармаси

Мустақилликка эришганимиздан кейин масжид ва мадрасалар халққа қайтариб берилди. Халқ шундан кейин ўзининг қадимий масжидларини, мадрасаларини, намозхоналарини қўлга кирита бошлади. Худди шу даврда Хожи Исақбой масжиди ҳам яна халққа қайтарилди. Ташкилотлар бу ердан чиқариб ташланди.

Мазкур масжид бир неча йиллар мобайнида халққа хизмат қилди. Бугунга келиб, деворлари хом ғиштдан қилингани ва пойдевори бўлмагани учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Аввалги пайтда масжид қурилиши учун ҳеч ким ҳомийлик қилмаган, у пайтларда масжидга хайрия қилишга рухсат бўлмаган.

Бу масжид тарихий ёдгорликлар рўйхатига киритилган. Айвондаги пештоқлар, устунлар – бизнинг маданий бойлигимиз бўлган. Ҳозирда тадбиркорлар бир бўлиб халқ талабидан келиб чиққан ҳолда янгилашга киришилди. Кўриб турганингиздек, масжид замонавий қилиб қурилмоқда.

Фото: Kun.uz / Сарвар Зияев

Ижтимоий тармоқларда тушунмовчиликлар бўляпти: тарихий масжид йўқ қилинаётгани, тарихий ёдгорликларнинг қадрига етилмаётгани ҳақида асоссиз гап-сўзлар юрибди.

Асоссиз гаплар тарқатаётганларга айтардикки, кўнгилларинг тўқ бўлсин, масжиднинг нақш билан ишланган ҳар бир ёғочини рақамлаб, тарихий ёдгорликларга масъул республика идораси бохабарлигида вилоят идораси келиб, эҳтиётлаб олиб қўйишди. Мутахассислар ёрдамида тарихий ёдгорлик бўлган қисми шундайлигича қайта тикланиб қўйилади.

Реставрация қилиш имконсизлиги бўйича тегишли идораларнинг хулосалари бор. Инсон ҳаёти ҳар нарсадан устун. Эски масжидга кириб ибодат қилиш хавфли эди”, – дейди маҳаллада истиқомат қилувчи Ғуломжон Мадумаров.

Муҳаммаджон Мирзаев
Фото: Kun.uz / Сарвар Зияев

Шу маҳалла фуқароларидан яна бири Муҳаммаджон Мирзаев ҳам тарихий масжид хусусида ўз фикрини билдирди.

“Ўзбек халқи тарихий обидаларни кўз қорачиғидек асрайди. Масжид тарихий пештоқлари, устунлари бизнинг тарихий маданиятимизни эслатади.

1970-80 йилларда 10-ўрта мактабда ҳарбий таълим раҳбари бўлиб ишлаганман. Мазкур масжид шу мактабнинг филиали бўлган. Бу ерда бошланғич синфлар таҳсил олган.

Қадимий Хўжа Порсо масжидининг бир томони чўкиб кетган, одамлар кириб намоз ўқиши учун ҳам хавфли эди. Бу масжидни кимдир ўзидан ўзи келиб бузиб юбормади. Мутахассислар келиб ҳолатни ўрганишди. Масжидни қайтадан қуриш бўйича оқсоқоллар маслаҳати олинган. Ёши улуғ одамлар билан бу борада суҳбатлар уюштирилган. Давлат архитектураси, кадастри, қурилиш соҳаси мутахассислари келиб хулоса берган. Хулоса берилгандан кейингина бу ерда қурилиш ишлари бошланди.

Кириб намоз ўқиш хавфли бўлиб қолганидан кейин масжидга кам сонли одам кирадиган бўлиб қолган эди. Чунки масжиднинг бир томони чўкиб кетган, деворлари ўртасидан ёрилиб кетган эди”, – дейди у.

Алишер Ҳусанов
Фото: Kun.uz / Сарвар Зияев

Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳусанов бу ҳақда шундай дейди.

“Хўжа Порсо масжиди 1968-69 йилларда қурилган. 2019 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 846-сонли қарорига асосан масжид маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган. Масжид маҳаллий тоифадаги объектлар қаторига киради.

Фото: Kun.uz / Сарвар Зияев
Фото: Kun.uz / Сарвар Зияев

Таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, намозхонларнинг сиғмай қолгани сабабли янги масжид қуриш таклифи бўйича бизга мурожаатлар келиб тушган эди. Бу бўйича 2020 йилда дастлабки лойиҳа тайёрланиб, маданий мерос илмий эксперт кенгашига юборилган. Дастлаб илмий эксперт кенгаши томонидан лойиҳа кўриб чиқилиб, масжид қурилиши бўйича эътирозлар бўлган. Лойиҳа қайта кўриб чиқилгандан кейин 2020 йилнинг ноябрь ойида масжид лойиҳаси кенгаш томонидан маъқулланган.

Хўжа Порсо масжидининг асосий тарихий аҳамиятга эга қисми айвон қисми бўлиб, ўзгача нақшинкорлари мавжуд бўлган. Айнан шу устунлар мутахассислар томонидан ечиб олиниб, рақамланди.

Яқин вақт оралиғида айвоннинг тарихий аҳамиятга молик қисми қайта тикланади.

Тарихий масжид айвонининг қайта қурилиши юзасидан эътирозлар бўлганидан кейин вилоят ҳокими шахсан ўзи воқеа жойига келиб ҳолатни ўрганди.

Тегишли ташкилотларнинг масжид бўйича хулосалари, лойиҳа сметалари, ҳужжатлари кўриб чиқилди. Бу борада ўрганишлар ҳозир ҳам давом этмоқда.

Фото: Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармаси

Айвон устунларини ечиб олишда ҳам уларга зиён етмади. Водийдаги малакали реставраторлар томонидан масжиднинг устун ва пештоқлари ечиб олинди. Масжид хом ғиштдан қилингани учун табиий офатлар натижасида ёриқлар пайдо бўлган. Шунинг учун масжидни қайта қуриш ва тарихий айвонни янгидан қуришга келишилган.

Қадимий масжид пойдеворини мустаҳкамлаш, нақшинкор айвоннинг умрини узайтириш учун аввалги ҳолати қандай бўлса шундайлигича бунёд этиш учун мутахассислар жалб қилинган. Лойиҳа бўйича бузилган айвон жойига ўрнаштирилади.

Фото: Kun.uz / Сарвар Зияев

Масжиднинг шифт қисми яхши сақланган. Том қисми маҳаллий аҳоли томонидан бир неча бор таъмирланган. Пештоқ нақшларига зарар етмаган. Фақатгина масжиднинг девор қисми таъмирталаб бўлиб қолган.

Масжиднинг пойдевори тошдан, девори хом ғиштдан, тепа қисми ёғочдан миллий Фарғонача услубда қурилган”, – дейди Фарғона вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Алишер Ҳусанов.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.

Top