21:17 / 24.05.2019
29149

Kundalik.uz: мактабларда журнал ва кундаликлар электрон шаклга ўтказилади

Фото: «bnews.kz»

Таълим тизимига алоқадор одам борки, «соҳадаги муаммолар нимадан иборат?» деб сўрасангиз, «педагогларнинг ортиқча қоғозбозлик билан бандлиги» , деган жавобни оласиз. Умумтаълим мактабларида жорий этилиши бошланган Kundalik.uz портали айнан шу муаммони бартараф этиш ва бошқа қўшимча имкониятлар орқали таълим сифатини яхшилашни мақсад қилади. Порталнинг имкониятлари ҳақида Халқ таълими тизимида ахборот технологияларини ривожлантириш маркази матбуот хизмати батафсил маълумот берди.

Портал қай тарзда ишлайди?

Facebook ижтимоий тармоғидан фойдаланмаганлар кам топилса керак. Унда кишилар ахборот алмашишлари, турли гуруҳларда муайян мавзу бўйича мулоқот қилишлари, фото, видео каби материаллар базасидан фойдаланишлари мумкин. Тақдим этадиган қулайликларига кўра портал ижтимоий тармоқни эслатади. Унда ўқитувчилар, ўқувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналари ва таълим тизимидаги маъмурий органлар вакиллари ўз профилларини яратишлари мумкин. Ва порталда уларнинг ҳар бири учун қулайликлар мавжуд. Хусусан:

Ўқитувчилар журнал, дарс жадвали, ўқув режасидан электрон тарзда фойдаланиши, виртуал конференцияни амалга ошириб, эълонларни ҳам қулай тартибда бериб бориши мумкин.

Педагоглар ўз ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари билан оператив мулоқотни йўлга қўя олишади, бошқа ҳудуддаги ўқитувчилар билан тажриба ва материаллар алмашишлари қулайлашади.

Ўқувчилар уй вазифалари, дарс жадвали, баҳолари ҳақида доимий равишда маълумот олиб боришлари мумкин бўлади, кундалик электрон шаклда юритилади. Онлайн тест ва масофавий таълимдан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Ота-оналар эса фарзандининг давомати ва ўзлаштиришидан доимий бохабар бўлиб боради. Мактаб раҳбарияти ва ўқитувчилар билан масофавий тарзда мулоқот қила олишлари осонлашади. Фарзандининг таълим олиш жараёни билан боғлиқ воқеалар, унинг қайд этаётган кўрсаткичлари ҳақида маълумот олиб боради.

Таълим соҳасидаги маъмурий идоралар ҳам четда қолишмайди. Улар таълим жараёнини мониторинг қилиш, ҳисоботлар ва ҳужжатларни ягона базадан қийинчиликсиз қабул қилиш, статистик тадқиқотлар олиб боришлари мумкин бўлади.

Портал таълим тизимида нималарни ўзгартиради?

Бир-бирини такрорловчи ҳужжатларни тўлдириш машаққати йўқолади, синф журналлари, қайдномалар, ўқувчилар кундаликларининг барчаси электрон кўринишга ўтади. Педагог, ўқувчи ва ота-она ўртасида интерактив мулоқот учун майдон ҳосил бўлади. Видеодарслар, электрон китоблар, дарс жараёни учун керакли қўшимча адабиётларнинг тўлиқ ва ягона базаси пайдо бўлади. Мобил қурилма ва компьютер ёрдамида интернет орқали исталган вақт ва жойда бемалол фойдаланиш мумкин.

Kundalik.uz Россиянинг Дневник.ру портали муқобили сифатида яратилган. Россияда худди шу тизимнинг жорий этилиши натижасида педагог кадрларнинг вақти иқтисод қилиниши билан бирга анчагина маблағ ва қоғознинг ҳам тежалиши исботланган. Хусусан, анъанавий кўринишдаги журнал ва кундаликлар ўрнига электрон шаклга ўтиш натижасида 377,396 тонна қоғоз, 129,9 млрд рубл маблағ тежалган.

Биргина ҳужжатларни тўлдиришнинг электрон шаклга ўтказилиши педагог иш соатининг 30 фоизини тежаши кутилмоқда. Бу, албатта, сифатни яхшилашга, ўқитувчининг кўпроқ ўз устида ишлашига сабаб бўлади.

Қачон ишга тушади?

Kundalik.uz давлат бюджетидан молиялаштирилмайди, балки мажбурий бўлмаган қўшимча тижорий хизматлар ва реклама ҳисобига ўзини ўзи қоплайди.

Жорий йилнинг 1 апрель санасидан бошлаб мазкур порталдан фойдаланиш пойтахтдаги 53та мактабда синов тарзида йўлга қўйилди. Янги 2019 ─ 2020 ўқув йилидан бошлаб тизим бутун республика бўйлаб ишлай бошлаши кутилмоқда. Жорий ўқув йилининг якунига қадар таълим маъмурияти вакиллари профилларини 100 фоиз, ўқитувчилар профилларини 90 фоиз, ота-оналар профилларини 30 фоиз, ўқувчиларникини 90 фоиз яратиш белгиланган.

Мазкур миллий таълим платформаси рақамли таълим шаклига ўтиш сари муҳим амалий қадам бўлиши кутилмоқда.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Top